Logo

Волфрамдан графитгача: Ўзбекистон критик минераллар ишлаб чиқаришни кенгайтиради

Bugun 08:303 daqiqa

Мамлакат 2030 йилгача 16 турдаги муҳим минералларни ишлаб чиқариш қийматини 2,7 миллиард доллардан оширишни режалаштирмоқда. Волфрамни чуқур қайта ишлашга эса 1,1 миллиард доллар миқдорида сармоя жалб қилинади.

Волфрамдан графитгача: Ўзбекистон критик минераллар ишлаб чиқаришни кенгайтиради © Foto: reuters

Президент Шавкат Мирзиёев 5 ноябр куни «Навоийуран» корхонаси ва «Ўзбекистон технологик металлар комбинати»нинг («TMK») 2026 йилдаги устувор вазифалари ҳамда келгуси режаларига бағишланган тақдимот билан танишди. Унда мамлакатнинг критик минераллар соҳасидаги ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш, янги маҳсулот турларини ўзлаштириш ва экспорт ҳажмини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Тақдимотдаги режага кўра, 2030 йилгача 16 турдаги муҳим металлар бўйича ишлаб чиқариш қийматини 2,7 миллиард доллардан ошириш кўзда тутилган. Бу йўналишда асосий вазифалардан бири сифатида мавжуд минерал хомашё базасидан унумли фойдаланиб, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш белгиланган.

Ҳозирда «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» волфрам, молибден, селен, теллур ва рений каби беш турдаги маҳсулот билан ишламоқда. Президент ушбу рўйхатни янада кенгайтириб, қўшимча минераллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича топшириқ берган.

Хабарда янги маҳсулотлар сифатида қуйидагилар санаб ўтилган:

Никел;

Кобалт;

Графит;

Сурма;

Қалай;

Марганец;

Платина;

Ванадий;

Симоб;

Мис.


Волфрамни қайта ишлашга 1,1 миллиард доллар йўналтирилади

Янги режаларда волфрам алоҳида ўрин эгаллайди. Президент тақдимотида ушбу металлни чуқур қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳалар тақдим этилган.

Уларни тўлақонли амалга ошириш учун 1,1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва 2030 йилга бориб волфрам йўналишидаги ишлаб чиқаришнинг қийматини қарийб 2,2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Айнан волфрамнинг танланиши жаҳон бозоридаги вазият билан ҳам бевосита боғлиқ. «Халқаро энергетика агентлиги»нинг 2026 йилги «Global Critical Minerals Outlook» ҳисоботига кўра, 2025 йилдан 2026 йил апрелигача айрим стратегик минералларнинг нархи икки баравардан кўпроққа ошган. Волфрам нархи эса шу даврда қарийб олти бараварга кўтарилган.

Бундай кескин ўзгаришга хомашё таъминотидаги чекловлар, экспорт назорати ва юқори технологияли саноатдаги талабнинг жадал ўсиши таъсир қилган. Агентлик таъкидлашича, волфрам — аэрокосмик саноат, мудофаа, кончилик ва юқори ҳароратда ишлайдиган ускуналар учун энг муҳим материаллардан бири ҳисобланади.

Глобал бозорда критик минералларга талаб нима учун ошиб бормоқда?

Президент тақдимотида келтирилишича, жаҳонда анъанавий металларга талаб йилига ўртача 1 фоизга ўсмоқда. Критик минераллар бозорида эса бу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этмоқда.

«Халқаро энергетика агентлиги»нинг 2026 йилги ҳисоботи ҳам ушбу йўналишдаги талабнинг кескин ўсишини тасдиқлайди. Агентликнинг асосий сценарийсига кўра, 2040 йилгача литийга бўлган талаб уч баравардан кўпроққа ошиши мумкин. Никел, графит ва ноёб ер элементларига талаб эса 50–90 фоиз оралиғида ўсиши прогноз қилинган.

Бундай минераллар, жумладан, қуйидаги соҳаларда кенг ишлатилади:

Литий, никел, кобалт ва графит — аккумуляторлар ва энергия сақлаш тизимларида;

Мис — электр тармоқлари, кабеллар ва электр жиҳозларида;

Волфрам — кончилик, металлга ишлов бериш ва юқори ҳароратга чидамли ускуналарда;

Платина — катализаторлар ва кимёвий ишлаб чиқаришда;

Сурма — айрим турдаги аккумуляторлар ва ёнғинга чидамли материалларда.

Уран ишлаб чиқаришни ҳам икки баравар ошириш режалаштирилмоқда

5 ноябр кунги тақдимотда фақат технологик металлар эмас, «Навоийуран» корхонасининг ишлаб чиқариш режалари ҳам батафсил кўриб чиқилган

Ҳукумат маълумотига кўра, Ўзбекистонда уран ишлаб чиқариш ҳажмини 2026 йилдаги 7,5 минг тоннадан 2030 йилгача 15 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, аниқланган захиралар ҳажмини 200 минг тоннага ошириш мақсад қилинган.

Бу йўналишда геологик қидирув ва технологик бурғилаш ишларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва қўшимча сорбция қурилмаларини ишга тушириш кўзда тутилган. Шунингдек, 250 та янги иш ўрни яратилиши ҳам режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid