Ўзбекистонда ўртача маош 7 млн сўмга яқинлашди. Унинг қўшниларида вазият қандай?

VAQT.UZ Марказий Осиё мамлакатларидаги ўртача ойлик маош қиймати ва юқори даромадли соҳаларни ўрганди.

Ўзбекистонда ўртача маош 7 млн сўмга яқинлашди. Унинг қўшниларида вазият қандай?

Яқинда Ўзбекистон миллий статистика қўмитаси 2026-йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича мамлакатдаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 6,8 млн сўмдан (тахминан 570 доллар) ошганини маълум қилган эди.

Энг юқори маош Тошкент шаҳрида қайд этилган (11,6 млн сўм) бўлса, энг кам маош Қашқадарё вилоятида (4,6 млн сўм) бўлди. Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг юқори иш ҳақи банк ва молия соҳасида сақланиб қолган (18,5 млн сўм) бўлса, энг паст маошлар анъанавий равишда ижтимоий соҳалар – соғлиқни сақлаш ва таълимда.

VAQT.UZ шу кўрсатгичлар Ўзбекистоннинг қўшнилари бўлган Марказий Осиё давлатларида қандай экани билан қизиқди.

Қозоғистон – 1020 доллар

Қозоғистон миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2025-йилнинг тўртинчи чорагида мамлакатда ўртача ойлик номинал иш ҳақи 473 158 тенгени (тахминан 1020 доллар) ташкил этган. Бу кўрсаткич чорак давомида 10,2 фоизга ошган. Бундай ўсиш йил охиридаги мукофот ва байрам тўловлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Қозоғистонда ишчилар сони 3,8 млн кишини ташкил этган. Уч ой давомида уларга жами 5,4 трлн тенге маош тўланган. 2025 йил якуни бўйича эса ишчиларга жами 20,2 трлн тенге тўланган. Йиллик ўртача ойлик иш ҳақи 441 998 тенгени (тахминан 954 доллар) ташкил этиб, 2024-йилга нисбатан 9,8 фоизга ўсган. Қайд этилишича, бу кўрсаткичлар тарихий максимал даража ҳисобланади.

1

Ҳудудлар кесимида энг юқори маош Остона шаҳри (659 610 тенге, яъни тахминан 1423 доллар), Мангистов вилояти (658 762 тенге, яъни тахминан 1421 доллар), Ултав вилояти (648 620 тенге, яъни тахминан 1399 доллар), шунингдек, Олмаота (601 126 тенге, яъни тахминан 1297 доллар) ва Шимкент (364 034 тенге, яъни тахминан 785 доллар) шаҳарларида.

Энг паст маошлар эса Яттисув (349 593 тенге, яъни тахминан 754 доллар), Жамбил (335 794 тенге, яъни тахминан 724 доллар) ва Туркистон вилоятларида (324 229 тенге, яъни тахминан 699 доллар).

2

Иқтисодий фаолият турлари кесимида иш ҳақлари орасида катта фарқ кузатилган. Энг юқори маошлар молия ва суғурта, кончилик саноати ва карерларни ишлаш, ахборот ва алоқа соҳаларида. Энг паст маош эса қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида.

Қирғизистон – 523 доллар

Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида мамлакат бўйича ўртача ойлик номинал иш ҳақи 45 минг 734 сомни (тахминан 523 доллар) ташкил этиши келтирилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан у 15,7 фоизга ошган. Қирғизистон Миллий банки курси бўйича бу тахминан 523 АҚШ долларига тенг.

Хусусий сектордаги даромадлар (61 минг 123 сом, яъни тахминан 700 доллар) бюджет ташкилотлари ходимлари маошидан (34 минг 344 сом, яъни 390 доллар) 1,8 баравар юқори.

Май ойида вазият ўзгариши кутилмоқда: 1-апрелдан бошлаб тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар ва бошқа бюджет соҳаси вакиллари маоши 100 фоизга оширилди. Бироқ бу ўзгаришлар статистикада бир неча ойдан кейин акс этади.

Энг юқори маош фойдали қазилмалар қазиб олиш корхоналари ходимларида кузатилган – 90 минг 219 сом (тахминан 1033 доллар). Иккинчи ўринда молиявий воситачилик ва суғурта соҳаси мутахассислари (89 минг 176 сом, яъни тахминан 1020 доллар). Учинчи ўринни ахборот ва алоқа соҳаси эгаллаб, ўртача иш ҳақи 79 минг 211 сомни (тахминан 910 доллар) ташкил этган.

3

Йил бошида қишлоқ хўжалиги соҳаси сезиларли ўсишни намоён этди – маошлар 28,8 фоизга ошиб, 34 минг 732 сомга (тахминан 400 доллар) етди. Шунингдек, илмий фаолият (26,2 фоиз) ва электр энергияси ҳамда газ таъминоти соҳаларида ҳам (26,1 фоиз) юқори ўсиш қайд этилди.

Ҳудудлар кесимига кўра, Бишкек шаҳридa даромадлар бўйича етакчилик сақланиб қолмоқда – ўртача маош 58 минг 319 сомга (тахминан 668 доллар) етган. Юқори кўрсаткичлар Иссиқкўл вилоятида ҳам кузатилган (50 минг 667 сом, яъни тахминан 580 доллар). Энг паст маошлар эса Ўш вилоятида қайд этилди – бу ерда ўртача даромад 28 минг 216 сомни (тахминан 320 доллар) ташкил қилади.

Икки рақамли ўсишга қарамай, инфляцияни ҳисобга олганда реал иш ҳақи фақат 5,6 фоизга ошган. Шу билан бирга, ходимлар олдидаги қарздорлик ҳам ўсган – 2026-йил 1-март ҳолатига кўра, корхоналар 75 миллион 100 минг сом (тахминан 860 минг доллар) маош қарздорлигига эга. Қарзнинг асосий қисми Чуй вилояти (52,9 фоиз) ва Жалолобод вилояти (33,8 фоиз) ҳиссасига тўғри келади.

Маошлар ўсиши фонида мамлакатда ишсизлар сони камаймоқда. 2026-йил 1-апрел ҳолатига кўра, бандлик хизматларида 38 минг 300 нафар киши рўйхатда турибди. Бу ўтган йилга нисбатан 19,4 фоизга кам. Республика бўйича расман рўйхатга олинган ишсизлик даражаси 1,3 фоизни ташкил этди.

Тожикистон – 288 доллар

Тожикистон меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлиги маълум қилишича, 2025-йил декабр ҳолатига кўра мамлакатда ўртача иш ҳақи 2,7 минг сомонидан (тахминан 288 доллар) ошган. Бу кўрсаткич 2024-йилга нисбатан 19,9 фоизга ёки 452,9 сомонига кўп.

4

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг тегишли фармонига кўра, 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб республикада барча иқтисодий ва ижтимоий соҳалар учун минимал иш ҳақи 1,3 минг сомони (тахминан 138 доллар) миқдорида белгиланади. Ҳужжатга кўра, мактабгача ва ўрта таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи 25 фоизга оширилади. Шунингдек, тиббиёт ходимлари, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва солиқ инспекторлари маоши 20 фоизга кўтарилади.

Тожикистонда 2026-йилда энг талаб юқори ва яхши ҳақ тўланадиган касблар асосан молия соҳасига тўғри келмоқда. Молиявий секторда қуйидаги мутахассисликлар етакчилик қилмоқда: банк ходимлари, менежерлар, молиявий таҳлилчилар ва маслаҳатчилар. Бу соҳада ўртача иш ҳақи 1670 сомонини (тахминан 180 доллар) ташкил этади. Шу сабабли кўплаб фуқаролар айнан шу йўналишда ишлашга интилади.

Иккинчи ўринда омбор хўжалиги ва алоқа бўлимлари турибди – бу ерда иш ҳақи ўртача 1600 сомони (тахминан 170 доллар) атрофида.

Туризм ривожланаётганига қарамай, меҳмонхона бизнеси ҳали кучли эмас. Шу боис меҳмонхона ходимлари маоши 840 сомонидан (тахминан 90 доллар) ошмайди. Шу даража ресторан бизнеси вакиллари учун ҳам хос. 2026-йилда меҳмонхона ва ресторан соҳасида иш ҳақлари 18 фоизга оширилди. Бу ошириш президент фармони билан эмас, балки иқтисодий вазият таъсирида амалга оширилган. Доллар курсининг юқори бўлиши натижасида кўплаб сайёҳлар бошқа давлатлар ўрнига Тожикистонни танлагани ушбу соҳада талабни оширган ва натижада маошлар ҳам кўтарилган.

2025-йил статистикасига кўра, контракт асосида ишловчи шахсларнинг ўртача ойлик иш ҳақи тахминан 160 АҚШ долларини ташкил этган. Энг талаб юқори касблардан бири – брокерлик. Бу йўналишда ўртача ойлик маош 1900 сомони (тахминан 200 доллар) бўлган. Тожикистонда дастурчиларга ҳам талаб юқори. Мамлакат IT соҳасида кўп ҳолларда хорижий мутахассисларни жалб қилади. Шунинг учун республика ҳудудида контракт асосида ишлаётган чет эл фуқаролари, одатда, шу мутахассисликдаги маҳаллий кадрларга нисбатан кўпроқ маош олади.

Савдо соҳасида эса даромад анча паст: бозор ёки дўкон сотувчилари ойига 1000 сомонидан (тахминан 106 доллар) ортиқ олмайди. Кўпчилик фикрича, бу иш катта малака талаб қилмагани учун маош ҳам юқори эмас.

Бошқа айрим давлатлардан фарқли равишда, Тожикистонда давлат хизматчилари ва амалдорлар маоши нисбатан паст – тахминан 500 сомони (тахминан 53 доллар) атрофида. Контракт асосида ҳарбий хизмат ўтаётганлар эса ойига 1300–1500 сомони (тахминан 140-160 доллар) олади.

Туркманистон – 400-430 доллар

2025-йилда Туркманистонда ўртача иш ҳақи 1400–1500 манат (тахминан 400-430 доллар) атрофида бўлган, амалдаги энг кам иш ҳақи эса 1280 манатни (тахминан 365 доллар) ташкил этган. 2026-йилда эса энг кам иш ҳақи 10 манатгача оширилгани айтилган, шу билан бирга ўртача иш ҳақи 1410 манатга (тахминан 402 доллар) етгани қайд этилган.

Teglar

Mavzuga oid