Фарғона халқаро аэропорти кенгайтирилади

Bugun 07:552 daqiqa

Фарғона халқаро аэропортини модернизация қилиш орқали унинг ўтказувчанлиги оширилиб, сайёҳлар ва парвозлар оқимига мос замонавий инфратузилма яратилади.

Фарғона халқаро аэропорти кенгайтирилади © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Фарғона халқаро аэропортини ривожлантириш концепцияси тақдимоти билан танишди. Унда мавжуд инфратузилмани янгилаш ва ҳудуднинг ўсиб бораётган эҳтиёжларига мослаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ҳозирги кунда аэропорт терминали 30 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият юритиб келмоқда. Унинг ўтказувчанлик қуввати ва хизмат кўрсатиш даражаси замонавий талабларга тўлиқ жавоб бермай қолган. Шу боис йўловчилар учун қулайликларни ошириш ва авиация хизматларини кенгайтириш зарурати юзага келган.

Режага кўра, учиш-қўниш йўлагини узайтириш ва кенгайтириш, аэродром инфратузилмасини модернизация қилиш, шунингдек янги йўловчи ва юк терминалларини қуриш кўзда тутилган. Бу эса аэропортнинг техник имкониятларини сезиларли даражада оширади.

Янги йўловчи терминали майдони 20 минг квадрат метрни ташкил этиши режалаштирилган. Унинг хизмат кўрсатиш қуввати ҳозиргига нисбатан икки баробар оширилиб, соатига 1,2 минг нафаргача йўловчи қабул қилиш имкони яратилади. Шунингдек, самолётлар учун қўшимча тураргоҳлар қурилиб, уларни қабул қилиш қуввати 10 тагача етказилади.

Янги терминалда кенг кутиш заллари, замонавий сервис нуқталари, қулай рўйхатдан ўтиш ва назорат тизимлари жорий этилади. Шу билан бирга, юқори мартабали меҳмонлар учун алоҳида хизмат кўрсатиш шароитлари ҳам яратилади.

Президент аэропорт ҳар қандай ҳудуднинг “дарвозаси” эканини таъкидлаб, бу ерда замонавий сервисни ташкил этиш ва транспорт билан боғлиқ қўшимча хизматларни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Лойиҳани амалга оширишда халқаро стандартлар асосида иш юритиш, шунингдек тажрибали хорижий операторларни жалб этиш муҳимлиги қайд этилди. Ушбу ташаббус Фарғона водийсида транспорт боғлиқлигини кучайтириш, сайёҳлар оқимини ошириш ва ҳудуднинг логистика маркази сифатидаги аҳамиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Teglar

Mavzuga oid