Ўзбекистонда тиббиёт соҳасига ажратиладиган маблағ 49 трлн сўмга етди
Шавкат Мирзиёев Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларини касб байрами билан табриклаб, «Янги Ўзбекистонга – янги ва замонавий тиббиёт» ғояси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини санаб ўтди.
© Foto: Gov.uzЎзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми кейинги йилларда 7 баробарга кўпайиб, 2026-йилда 49 трлн сўмга етди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни муносабати билан йўллаган табригида маълум қилди.
Давлат раҳбари соҳа ходимларини касб байрами билан табриклаб, уларнинг инсон саломатлигини асраш йўлидаги меҳнатини эътироф этди. Унинг таъкидлашича, кейинги йилларда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти мустаҳкамланиб, диагностика ҳамда даволашда замонавий технологиялар жорий этилмоқда.
Президент бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг янги модели босқичма-босқич татбиқ этилаётганини, инфаркт, инсулт, онкологик ва гематологик касалликларга қарши курашиш, шунингдек, паллиатив ёрдамни ривожлантириш бўйича миллий тизимлар шакллантирилганини қайд этди.
Тиббиётда рақамлаштириш ва суғурта
Шавкат Мирзиёев тиббиёт муассасаларини ягона рақамли тизимга бирлаштириш ишларига ҳам тўхталди. Унинг маълум қилишича, ДМЕД электрон ахборот тармоғи орқали 38 миллиондан зиёд аҳолининг тиббий картаси яратилган. «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона» ва «Электрон рецепт» тизимлари ҳам босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Президент сунъий интеллект имкониятларидан шифокор ва ҳамширалар фаолиятида ёрдамчи восита сифатида фойдаланиш режалаштирилаётганини билдирди.
Шунингдек, давлат тиббий суғуртаси доирасида «Маблағ бемор ортидан боради» тамойили жорий этилгани, молиялаштириш механизмлари ўзгартирилгани ва реимбурсатсия дастури орқали аҳолига бепул бериладиган дори воситалари кўлами кенгайтирилгани таъкидланди.
«Шу йил охиригача барча ҳудудларда суғурта механизмларини тўлиқ йўлга қўйиб, аҳолини кафолатланган тиббий ёрдам билан қамраб олишни режа қилганмиз», — деди давлат раҳбари.
Президентнинг қайд этишича, асосий мақсад яшаш жойи ва ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро ўз вақтида сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлишини таъминлашдир.
Тиббиёт таълими ва хусусий клиникалар
Давлат раҳбари тиббиёт таълимидаги ўзгаришларга ҳам эътибор қаратди. 2017-йилдан буён тиббиёт олийгоҳларига қабул квотаси 4,5 баробар кўпайган. Уларнинг 40 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилган.
Аввал тиббиёт олийгоҳларида 4 та давлатдан келган талабалар таҳсил олган бўлса, ҳозир уларнинг географияси 41 та давлатга етган. Чет эллик талабалар сони эса 15 минг нафардан ошган.
Келгуси йилдан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини халқаро стандартларга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказиш тизими йўлга қўйилади. 2027–2028-ўқув йилидан тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш тўлиқ резидентура дастурлари орқали амалга оширилиши белгиланган.
Шу билан бирга, хусусий тиббиёт тармоғи ҳам кенгаймоқда. Президент келтирган маълумотларга кўра, мамлакатдаги хусусий клиникалар сони сўнгги ўн йилда 3,5 мингтадан 9 мингтадан зиёдга етган. Уларга рухсат этилган ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тури эса 50 тадан 213 тага кўпайган.
Фармацевтика саноатида маҳаллий корхоналар 6,8 мингдан ортиқ турдаги дори воситаларини ишлаб чиқармоқда. Маҳсулотлар 50 дан зиёд мамлакатга экспорт қилинмоқда.
Ўртача умр кўриш 75,4 ёшга етди
Президент табригида аҳоли умр кўриш давомийлиги ҳам алоҳида қайд этилди. Мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги 73,8 ёшдан 75,4 ёшга етган.
Давлат раҳбари олдинда ушбу кўрсаткични 78 ёшга етказиш, касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхис қўйиш ва самарали даволаш ишларини янги босқичга олиб чиқиш вазифалари турганини таъкидлади.
Шунингдек, президент яқинда соҳа вакиллари билан ўтказилган учрашувда тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинганини маълум қилди.





