Ҳаж-2026: мавсумда Маккага кимлар кира олиши маълум қилинди

Bugun 09:252 daqiqa

2026 йилда Қурбон Ҳайити тахминан 26 ёки 27 май саналарига тўғри келиши кутилмоқда. Саудия ҳукумати миллионлаб зиёратчиларни кутиб олиш ва Ҳаж мавсумини хавфсиз, тартибли ўтказиш учун қатор муҳим чораларни эълон қилди.

Ҳаж-2026: мавсумда Маккага кимлар кира олиши маълум қилинди © Sputnik / Михаил Воскресенский

2026 йилда Ҳаж мавсуми май ойининг охирги ўн кунлигига тўғри келиши кутилмоқда. Қурбон ҳайити тахминан 26–27 май саналарида нишонланади. Шу муносабат билан Саудия Арабистони ҳукумати Макка шаҳрида тартиб ва хавфсизликни таъминлаш учун кенг кўламли тайёргарлик ишларини бошлади. Бу жараёнда асосий эътибор миллионлаб зиёратчиларни тизимли қабул қилиш ва ноқонуний киришларни чеклашга қаратилган.

Маккага кириш чеклови

2026 йил 13 апрелдан бошлаб Маккага кириш қоидалари кучайтирилди. Энди фақат уч тоифадаги шахслар шаҳарга кириши мумкин.

Амалдаги Ҳаж рухсатномаси эга;

Макка шаҳрида яшаш гувоҳномасига эга;

Маккада ишлаш рухсатномасига эга бўлганлар.

Қолган барча шахсларга, ҳатто турли визалар билан келган бўлса ҳам, кириш тақиқланади. Умра визаси эгалари эса 18 апрелга қадар мамлакатни тарк этиши шарт қилиб белгиланган.

Ноқонуний ҳаж учун жавобгарлик

Саудия Ички ишлар вазирлиги рухсатномасиз Ҳаж қилишга қарши қатъий жазо чораларини эълон қилди.

Хусусан, бундай қоидабузарлик учун тахминан 5300 доллар миқдорида жарима қўлланилади. Ноқонуний зиёратчиларга ёрдам берган шахсларга эса 26 минг долларгача жарима солинади. Бу жазолар 18 апрелдан 31 майгача амал қилади.

Бундан ташқари, ноқонуний зиёратчиларни ташиш, яшириш ёки уларга бошқа кўмак кўрсатиш ҳолатлари ҳам қаттиқ жазоланади. Бундай ҳолларда транспорт воситалари мусодара қилиниши мумкин.

Рухсатномасиз Ҳаж қилиш учун Маккага яширинча кирганлар ўз мамлакатларига депортация қилинади ва Саудия Арабистонига киришлари 10 йил муддатга тақиқланади.Расмийларга кўра, ўтган йилда 75 мингдан ортиқ қоидабузар ушланган.

Каъбада режали таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда

Каъбанинг металл қисмлари, ғишт ва бурчаклари текширилиб, тозаланади;

Каъба кисваси (ёпинчиғи) текширилиб, мустаҳкамланади;

Каъба пойдевори қисми ҳам тозалаб, таъмирланмоқда.

Ўзбекистондан неча киши Ҳажга боради

Ўзбекистонда ҳам Ҳаж мавсумига тайёргарлик бошланган. Мамлакатга ажратилган 15 минг кишилик квота доирасида ташкилий ишлар олиб борилмоқда. Мусулмонлар идорасида 300 нафардан зиёд элликбоши саралаб олиниб, зиёратчилар билан ишлаш бўйича семинарлар ўтказилган.

Teglar

Mavzuga oid