Ҳўрмуздаги янги тартиб: Эрон бўғоздан қандай ўтиш ва қанча ҳақ тўланишини белгилади

Bugun 17:402 daqiqa

Теҳрон кемаларни махсус рухсатномалар тизими, ороллардаги назорат-ўтказиш пунктлари ва белгиланган йўналишлар орқали текширмоқда.

Ҳўрмуздаги янги тартиб: Эрон бўғоздан қандай ўтиш ва қанча ҳақ тўланишини белгилади

Эрон жаҳон нефт таъминотининг қарийб бешдан бир қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатнови устидан амалда кўп босқичли назорат тизимини ўрнатди.

«Reuters» агентлигининг хабар беришича, энди кемалар бўғоздан ўтиш учун Эрон тузилмаларидан рухсат олиши, текширувлардан ўтиши, айрим ҳолларда эса «хавфсиз транзит» учун ҳақ тўлаши шарт.

Янги тизим қандай ишлайди?

Агентлик маълумотларига кўра, янги назорат механизмида асосий ролни Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ўйнамоқда.

Рухсатнома олиш учун кема эгалари қуйидаги маълумотларни тақдим этишлари керак:

— Юк ва экипаж таркиби ҳақида маълумот;

— Кеманинг ҳаракатланиш йўналиши;

— Кема рўйхатдан ўтган давлат;

— АҚШ ёки Исроил билан эҳтимолий алоқадорлик.

Текширув жараёни бир ҳафтагача чўзилиши мумкин. Баъзи кемалар эса бевосита жойининг ўзида кўздан кечирилмоқда.

«Reuters»нинг ёзишича, Эрон ороллардаги назорат пунктлари ва соҳил бўйлаб олдиндан тасдиқланган йўналишлардан фойдаланган ҳолда бўғоздан ўтишнинг махсус тартибини жорий қилган.

Сиёсий келишувлар ва «хавфсизлик йиғимлари»

Айрим давлатлар Теҳрон билан бевосита ҳукуматлараро даражада келишувга эришмоқда. Масалан, Ироқ ўзининг «Agios Fanourios I» танкери ўтишини мамлакат бош вазири иштирокида Эрон расмийлари билан мувофиқлаштирган.

Бироқ, агентлик манбаларининг сўзларига кўра, сиёсий келишувга эга бўлмаган кемаларнинг бир қисми хавфсиз ўтиш учун Эрон ҳукуматига 150 минг доллардан ортиқ маблағ тўлашга мажбур бўлмоқда. Теҳронда бу тўловлар «хавфсизлик ва навигация йиғимлари» деб аталяпти. Аммо АҚШ бундай тўловлар Эронга қарши жорий этилган санкциялар режимини бузиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бўғоздаги тирбандлик ва давлатларнинг реакцияси

Низо ва чекловлар оқибатида Ҳўрмуз бўғозида катта тирбандлик юзага келди. АҚШ ҳарбийларининг маълумотларига кўра, май ойининг бошига келиб Форс кўрфазида бортида 22 мингдан ортиқ денгизчи бўлган 1500 га яқин кема қолиб кетган.

Агар урушгача Ҳўрмуз орқали ҳар куни 140 тагача кема ўтган бўлса, апрел охири ва май бошида бу кўрсаткич 60 тадан ҳам камайиб кетди.

Ҳозирда Ҳиндистон, Ироқ ва яна бир қатор давлатлар ўз кемаларининг қатновларини Эрон тузилмалари билан мувофиқлаштиришни бошлаб юборишган. Хусусан, Ҳиндистон расмийлари ўз капитанларига йўналишларга қатъий риоя қилишни, транспондерларни (кеманинг жойлашувини кўрсатувчи қурилма) ўчириб қўйишни ва Эрон ҳарбийларининг барча кўрсатмаларини сўзсиз бажаришни тавсия этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid