Қозоғистонда ўзбек бизнеси рекорд ўрнатмоқда
Хизмат кўрсатиш, савдо ва қурилиш соҳаларидаги ўзбек компаниялари тез суръатлар билан ривожланиб, Хитой ва Туркияни орқада қолдирди.

Сўнгги уч ярим йил ичида Қозоғистонда фаолият юритаётган Ўзбекистон компаниялари сони қарийб 4 баробар ошиб, 2026 йил 1 май ҳолатига 8 275 тага етди. Ўзбекистон бизнеси Қозоғистоннинг барча ҳамкор давлатлари орасида кенгайиш бўйича энг юқори суръатларни қайд этмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги Миллий статистика бюроси маълумотларига таяниб, Zakon.kz нашри хабар берди.
2026 йилдаги рекорд кўрсаткичлар
2026 йил мамлакатда янги компанияларни рўйхатдан ўтказиш кескин тезлашган. Таъкидланишича, ўсиш фақатгина рўйхатдан ўтганлар эмас, балки айнан фаолият юритаётган компаниялар ҳисобига тўғри келмоқда. Сўнгги икки ой ичида Ўзбекистонга мансуб рўйхатдан ўтган корхоналар сони 1 376 тага кўпайган:
2026 йил март-апрел: 866 та янги компания;
2026 йил апрел-май: 510 та янги компания.
Март ойидаги ўсиш сўнгги 5 йил ичидаги энг юқори кўрсаткич бўлган бўлса, апрелдаги натижа ҳам шу давр ичидаги энг юқориларидан бири бўлган.
Таққослаш учун, Қозоғистонда 2022 йил ноябр ойида 2 072 та, 2024 йилда эса 3 829 та ўзбек корхонаси фаолият юритган.
Асосий йўналишлар ва рақобатчилар
Ҳозирги кунда Қозоғистонда Ўзбекистонга алоқадор компаниялар асосан учта йўналишда фаолият юритмоқда:
Хизмат кўрсатиш: 42 фоиз;
Савдо: 25 фоиз;
Қурилиш: 21фоиз.
Маълум қилинишича, янги очилаётган бизнеснинг катта қисми айнан қурилиш соҳаси билан боғлиқ.
Қозоғистон бозоридаги хорижий компаниялар улуши бўйича динамика ҳам ўзгарган. 2024 йил бошида Ўзбекистон Хитойни ортда қолдириб, энг йирик учта давлат қаторига кирган эди. 2024 йил охирига келиб эса Туркиядан ҳам ўзиб кетиб, 2-ўринга кўтарилган.
Хорижий компаниялар бўйича умумий статистика
Умумий ҳисобда Россия компаниялари ҳамон биринчи ўринни эгаллаб турибди, аммо уларнинг сони 2024 йил охиридан бошлаб қисқаришни бошлаган.
2026 йил 1 май ҳолатига кўра етакчи давлатлар:
Россия: 17 112 та
Ўзбекистон: 8 275 та
Хитой: 7 407 та
Туркия: 3 298 та





