Тожикистон бюджет шаффофлиги рейтингида ўз позициясини яхшилади

Bugun 14:464 daqiqa

Бироқ давлат молиясининг очиқлик даражаси ҳали ҳам халқаро стандартдан паст бўлиб қолмоқда.

Тожикистон бюджет шаффофлиги рейтингида ўз позициясини яхшилади © Asia Plus

Тожикистон 2025-йилги Бюджет шаффофлиги индексида мумкин бўлган 100 баллдан 47 балл тўплади. Бу 2023-йилдаги сўнгги баҳолашга нисбатан 14 баллга юқори. Бироқ кўрсаткич ўсганига қарамай, мамлакат молиявий сиёсатини етарли даражада шаффоф деб баҳолаш учун бу натижа ҳали ҳам камлик қилади, чунки қабул қилиниши мумкин бўлган даража 61 баллдан юқори ҳисобланади.

«International Budget Partnership» томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Марказий Осиё давлатлари орасида бу йилги рейтингда фақат Тожикистон ва Қирғизистон баҳоланган. Қирғизистон 69 балл билан белгиланган минимал чегарадан юқори натижа қайд этган.

Шу билан бирга, Тожикистон Хитой (19 балл) ва Афғонистонни (0 балл) ортда қолдирган.

1


Манбага кўра, рейтинг бюджетга оид 8 та асосий ҳужжатнинг ўз вақтида интернетда эълон қилиниши асосида шакллантирилади. Хулосада айтилишича, Тожикистон бу ҳужжатларнинг айримларини эълон қилади, аммо бошқалари ё кечикиб чиқарилади ёки умуман тўлиқ очиқ эмас.

Хусусан, ҳужжатлар очиқлиги қуйидагича баҳоланган:
– Бюджет бўйича дастлабки баёнот – 56 балл
– Давлат бюджети лойиҳаси – 54 балл
– Тасдиқланган бюджет – 83 балл
– Фуқаролар бюджети –50 балл
– Жорий ҳисоботлар – 59 балл
– Ярим йиллик бюджет шарҳи – 48 балл
– Йиллик ҳисобот – тайёрланмайди
– Аудиторлик ҳисоботи – 38 балл.

Баҳолашларга кўра, Тожикистон бир қатор йўналишларда илгарилаган. Жумладан, мамлакат илк бор ярим йиллик бюджет шарҳини онлайн эълон қилган, бюджет лойиҳасидаги маълумотлар ҳажмини кенгайтирган, шунингдек, давлат қарзи ва харажатлар ҳақидаги маълумотларни дастлабки бюджет баёнотида батафсилроқ жойлаштирган.

Бироқ тармоқ қайд этишича, айрим муаммолар сақланиб қолмоқда ва муҳим маълумотларнинг бир қисми энди эълон қилинмайди. Хусусан, харажатларни иқтисодий гуруҳлар бўйича тақсимлаш чиқариб ташланган, йиллик бюджет ҳисоботи тайёрланмайди, молиявий хавфлар ва қарзлар ҳақидаги маълумотлар эса етарли эмас.
Яъни, бюджет ҳужжатларининг тўлиқлиги ҳали ҳам етарли даражада эмас ва айрим ҳужжатларда эълон қилинаётган маълумотлар ҳажми қисқарган.
 
Жамоатчилик иштироки – 100 баллдан 17 балл

Бу рейтингда давлат бюджети жараёнида фуқаролар иштирокининг даражаси бўйича Тожикистон атиги 17 балл тўплади. Бу эса фуқароларнинг бюджетни ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этиш имкониятлари чекланганини, жамоатчилик муҳокамалари кам ўтказилишини ва нодавлат ташкилотлар иштирокининг заифлигини англатади.
Шу билан бирга, бу кўрсаткич аввалги натижалардан юқорироқ ҳисобланади. 2023-йилда Тожикистон бюджет жараёнида жамоатчилик иштироки бўйича 100 баллдан атиги 7 балл олган эди. Ундан аввал эса республика бу йўналишда умуман баллга эга бўлмаган.


Аввалги тадқиқот натижалари тақдимотида Уктам Жумаев – «International Budget Partnership»нинг Тожикистондаги мустақил эксперти ва рейтинг тадқиқотини ўтказган мутахассис – жамоатчилик иштирокини муҳим омиллардан бири деб атаган.

«Бюджет жараёнининг барча босқичларида жамоатчилик иштироки бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва давлат молияси соҳасида коррупция даражасини камайтиришнинг жуда муҳим элементи ҳисобланади», – деган у.

Тожикистонга нималар тавсия қилинмоқда?

«International Budget Partnership» Тожикистоннинг мазкур индексдаги ўрни ва бюджет шаффофлигини яхшилаш учун қуйидаги чораларга устувор аҳамият беришни тавсия қилди:

– Йиллик бюджет ҳисоботини халқаро илғор амалиётларга мувофиқ тарзда ўз вақтида ва мунтазам интернетда эълон қилиш ҳамда бу жараённи доимий тизимга айлантириш.
– Фискал хавфлар ва макроиқтисодий прогнозлар ҳақида тўлиқроқ маълумот жойлаштириш. Жумладан, давлат ташкилотларига маблағ ўтказиш, квазифискал фаолият, активлар, тўланмаган харажат қарздорликлари, мажбуриятлар ва молиявий барқарорлик, шартли мажбуриятлар ҳамда сезгирлик таҳлили ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш.
– Давлат бюджети лойиҳасида харажатлар ҳақидаги маълумотларни иқтисодий тасниф бўйича эълон қилиш.

– Тожикистон Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги томонидан тайёрланган макроиқтисодий кўрсаткичларни дастлабки бюджет баёноти билан бирга эълон қилиш.
– Аудиторлик ҳисоботини яхшилаш: ижроий хулоса тайёрлаш ва аудит тавсияларини бажариш бўйича ҳукумат томонидан кўрилган аниқ чораларни очиқ эълон қилиш.
– Ярим йиллик бюджет шарҳини такомиллаштириш: молиявий йилнинг қолган қисми учун давлат қарзи, даромадлар, харажатлар ва дастурлар бўйича янгиланган маълумотларни бериш, шунингдек дастлабки макроиқтисодий прогнозларни амалдаги натижалар билан таққослаш.


Мазкур индекс Тожикистоннинг сўнгги ўн йил давомидаги позициясидаги ўзгаришларни ҳам баҳолайди. Унга кўра, 2015–2025 йилларда мамлакат баллари турлича ўзгариб борган.

2


Таъкидлаш жоизки, Тожикистоннинг илк Бюджет шаффофлиги индекси «International Budget Partnership» томонидан 2012-йилда баҳоланган. Ўша йили мамлакат 100 баллдан 17 балл тўплаб, собиқ Совет Иттифоқи давлатлари орасида энг сўнгги ўринни эгаллаган эди.

Teglar

Mavzuga oid