Хитой Қирғизистон енгил автомобиллар бозорининг ярмидан кўпроғини эгалламоқда

Bugun 14:502 daqiqa

Қирғизистонга автомобил импорти ва Россияга реэкспорт ҳажми кескин ўсди. Асосий савдо шериги сифатида Хитойнинг улуши янада ортмоқда.

Хитой Қирғизистон енгил автомобиллар бозорининг ярмидан кўпроғини эгалламоқда © Ijtimoiy tarmoqlar

2026-йил январ–март ойларида Қирғизистонга енгил автомобиллар импорти 38 минг 639 тани ташкил этди. Бу 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 38,3 фоизга кўп. Харидлар қиймати эса 26 миллиард 620 миллион 188,6 минг сомни (қарийб 304,4 миллион доллар) ташкил қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълум қилди. Қирғизистоннинг асосий савдо ҳамкори Хитой бўлиб, импорт ҳажмининг асосий ўсишини айнан шу мамлакат таъминлаган.

Қирғизистонга енгил автомобил етказиб берувчи ТОП-5 давлат:

— Хитой: 18 минг 16 та автомобил, 157,6 миллион доллар (2025-йилга нисбатан 2,9 баравар ўсиш).
— Жанубий Корея: 13 минг 647 та, 74,6 миллион доллар (7,9 фоиз камайиш).
— АҚШ: 2 минг 115 та, 19 миллион доллар (39,1 фоиз ўсиш).
— Япония: 1 минг 146 та, 11,7 миллион доллар (икки баравар ўсиш).
— Канада: 855 та, 5,9 миллион доллар (2,6 баравар ўсиш).

Аввал йирик хаб ҳисобланган Грузиядан етказиб бериш ҳажми эса 13,3 баравар қисқариб, 142 та автомобильга тушиб қолган.

Автомобил реэкспорти: Россия йўналиши қарийб тўрт баравар ўсди

2026-йилнинг дастлабки уч ойида Қирғизистондан енгил автомобиллар экспорти 847 тани ташкил этди. Уларнинг умумий қиймати 1 миллиард 441 миллион 557,4 минг сом (16 миллион 484,5 минг доллар) бўлган. Бу 2025-йилнинг биринчи чорагига нисбатан тўрт баравар кўпдир. Асосий истеъмолчи бозор Россия бўлиб, экспорт қилинган автомобилларнинг мутлақ кўпчилиги шу мамлакатга юборилган.

Юк ва махсус техника

2026-йил биринчи чорагида юк автомобиллари импорти 6 минг 159 тани ташкил этиб, умумий қиймати 78,3 миллион доллар бўлган. Бу 14,5 фоизлик ўсишни англатади.

Бу сегментда Жанубий Корея (3 минг 263 та, 15,1 миллион доллар) ва Хитой (1 минг 693 та, 54,4 миллион доллар) етакчилик қилмоқда. Хитой техникаси юқори юк кўтариш қуввати сабаб корейс техникасига нисбатан қимматроқ ҳисобланади.

Махсус техника сегментида 727 та техника 15 миллион долларга импорт қилинган. Шундан 447 таси Хитойдан, 159 таси эса Жанубий Кореядан келтирилган.

Автокомпонентлар ва кузовлар бозори

Қирғизистон 794 та автомобил кузовини 5,5 миллион долларга импорт қилган. Асосий етказиб берувчилар – Ўзбекистон (462 та) ва Хитой (263 та).

Уч ой ичида 8,5 минг тонна эҳтиёт қисмлар ва автокомпонентлар 29,6 миллион долларга импорт қилинган. Тоннаж бўйича етакчи Хитой бўлиб, 4,8 минг тонна маҳсулот етказиб берган.

Шу билан бирга, қирғизистонлик тадбиркорлар ташқи бозорларга автокомпонентлар экспортини ҳам фаол амалга оширмоқда. Экспорт ҳажми 3,2 минг тоннани, қиймати эса 16,2 миллион долларни ташкил қилди.
Шундан 2,9 минг тоннадан ортиғи (умумий ҳажмнинг 90 фоизидан кўпроғи) Россияга, 236,1 тоннаси эса Беларусга юборилган.

Teglar

Mavzuga oid