АҚШ визаси учун гаров пули жорий қилинди
АҚШ Давлат департаменти 50 та давлат фуқаролари учун доимий виза депозити тизими жорий этилишини эълон қилди. Унга кўра, мазкур мамлакатлардан бизнес ва туристик виза олувчилар учун 20 минг долларгача гаров пули белгиланади.
© Ijtimoiy tarmoqlarАҚШ Давлат департаменти муваффақиятли синов давридан сўнг айрим давлатлар фуқаролари учун доимий виза депозити тизими жорий этилишини эълон қилди. Янги тартиб 3 августдан кучга киради.
Қоидаларга кўра, 50 мамлакат фуқароларига бериладиган B-1/B-2 тоифасидаги бизнес ва туристик визалар учун консуллик ходими ҳар бир ҳолатдан келиб чиқиб 20 минг долларгача гаров пули белгилаши мумкин.
Агар виза эгаси АҚШни белгиланган муддатда тарк этса, визадан фойдаланмаса ёки унга мамлакатга кириш рад этилса, депозит маблағи қайтарилади. Виза шартлари бузилган тақдирда эса маблағ ушлаб қолинади.
Рўйхатда қайси давлатлар бор?
Рўйхатга Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Грузия, шунингдек, Жазоир, Ангола, Бангладеш, Камбоджа, Муғулистон, Непал, Никарагуа, Тунис, Уганда, Венесуэла, Зимбабве ва Африка, Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Лотин Америкасининг бошқа қатор давлатлари киритилган.
Ўзбекистон ушбу рўйхатдан ўрин олмаган.
Давлат департаментининг маълум қилишича, рўйхатга виза режими талабларини нисбатан кўпроқ бузадиган давлатлар киритилган.
Натижалар ижобий баҳоланди
Аввал мазкур дастур синов тариқасида амал қилган бўлиб, гаров миқдори 5 минг доллардан 15 минг долларгача белгиланганди.
Эндиликда 5 минг долларлик минимал чегара бекор қилиниб, максимал сумма 20 минг долларгача оширилмоқда.
«Associated Press» маълумотига кўра, 2024 молия йилида рўйхатга киритилган давлатлар фуқаролари томонидан АҚШда қолиш муддатини бузиш билан боғлиқ қарийб 45,5 минг ҳолат қайд этилган.
Пилот лойиҳа давомида эса бундай ҳолатлар 50 тадан кам бўлган. Шу билан бирга, ушбу мамлакатлар фуқароларига берилган визалар сони 83 фоизга қисқарган.





