Иккита вилоятда пора олган мансабдорлар қўлга олинди
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.
© Videodan kadrДавлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида Андижон ва Қашқадарё вилоятларида коррупсион ҳолатлар фош этилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, «Андижон сув таъминоти» АЖнинг вилоят туманларидан биридаги филиали бошлиғи хизмат мавқеидан фойдаланиб, мансабдор танишлари орқали фуқаронинг янги қурилган уйига оқава сув тармоғи тортиш ва канализация насоси ўрнатиш учун рухсат олиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 8,5 минг доллар талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида ушбу мансабдор сўралган маблағни учинчи шахс орқали қабул қилаётган вақтида ушланди.
Қашқадарёдаги ҳолат
Қашқадарё вилоятида эса ОИТСга қарши курашиш марказининг туманлардан биридаги ОИВ диагностика лабораторияси лаборанти фуқарога нисбатан тайинланган экспертиза хулосасини мансабдор танишлари орқали унинг фойдасига ҳал қилиб беришни ваъда қилган.
У мазкур хизмат эвазига 3 минг доллар олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, лаборантдан 2,5 минг долларни олган вақтида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг туман бўлими бошлиғи ҳам қўлга олинди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





