IT Park Ventures капитали 30 млн долларга оширилди

Bugun 11:352 daqiqa

Кенгайтирилган жамғарма стартапларга кўпроқ сармоя киритиш, Seed ва Series A босқичидаги лойиҳалар ҳамда халқаро бозорларга чиқаётган технологик компанияларни қўллаб-қувватлайди.

IT Park Ventures капитали 30 млн долларга оширилди © stock

Ўзбекистонда IT Park Ventures фонди капитали 10 млн доллардан 30 млн долларгача оширилди. Бу ҳақда Global Tech Weekend Tashkent 2026 халқаро тадбири доирасида маълум қилинди.

Қўшимча молиялаштириш фондга стартап экотизимини ривожлантириш, инвестиция портфелини кенгайтириш ва технологик компанияларни ўсиш босқичларида қўллаб-қувватлаш имконини беради.

Шунингдек, жамғарма энди:

— 3 миллион долларгача бўлган сармоявий таклифларни кўриб чиқади;

— кенгайиш салоҳиятига эга технологик стартапларга эътибор қаратади;

— Ўзбекистоннинг венчур экотизимини мустаҳкамлашда давом этади.

Шу билан бирга, 2030 йилгача Ўзбекистонда 5000 та стартап, 2 миллиард долларлик венчур инвестиция ҳамда баҳоси 100 миллион доллардан ошадиган 25 та стартап яратиш яратиш мақсад қилинган.

Таъкидлаш жоизки, фонднинг дастлабки капитали 10 млн долларни ташкил этган ва шу пайтга қадар унинг 80 фоиздан ортиғи технологик стартапларга ва венчур экотизимини ривожлантиришга сарфланган. Янги маблағлар орқали IT Park Ventures битимлар сонини кўпайтириб, стартаплар билан ҳамкорликни фаоллаштиради.

Маълумот учун, 2026 йилнинг январь–март ойларида 10 та венчур фонд жами 24 та стартапга 148,6 миллион доллар инвестиция киритди. Шу битимлардан 16 таси маҳаллий стартапларга, қолгани эса хориж бозорида фаолият юритаётган стартапларга тўғри келди.

Ушбу инвестициялардан 131,5 миллион доллари Series A босқичидаги Узум стартапига сарфланди. Халқаро инвесторлар қаторида VR Capital, Tencent ва FinSight Ўзбекистоннинг энг йирик e-cоммерcе платформасига маблағ киритди. Қолган 23 та стартапнинг умумий инвестиция ҳажми эса 17,1 миллион долларни ташкил қилиб, ўртача битим чеки 743 минг долларни ташкил этди.

Teglar

Mavzuga oid