Марказий банк валюта операциялари тартибини ўзгартирмоқчи

Bugun 10:102 daqiqa

Марказий банк капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операцияларини соддалаштириш ва хорижий инвестиция тартибини янгилаш бўйича лойиҳани муҳокамага қўйди.

Марказий банк валюта операциялари тартибини ўзгартирмоқчи © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистон Марказий банки капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операцияларини соддалаштириш ва резидентларнинг хорижда инвестиция фаолиятини аниқ қоидалар асосида тартибга солишни назарда тутувчи янги ўзгартишлар лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Лойиҳага кўра, капитал ҳаракати операциялари халқаро жорий операцияларга кирмайдиган барча трансчегаравий валюта операцияларини қамраб олади.


Улар қаторига:
Хорижда инвестиция қилиш;
Кредит ва қарз операциялари;
Кўчмас мулк сотиб олиш;
Чет эл ҳисобварақларига маблағ жойлаштириш;
Интеллектуал мулк ҳуқуқлари билан боғлиқ битимлар киради.

Рухсатсиз инвестиция фаолиятини амалга ошириш

Янги тартибда резидентларга айрим ҳолатларда дастлабки рухсатсиз хорижда инвестиция фаолиятини амалга ошириш имконияти берилиши таклиф этилмоқда. Хусусан, давлат иштирокидаги корхоналар 100 минг АҚШ долларигача, хусусий компаниялар эса 200 минг долларгача бўлган инвестицияларни қўшимча рухсатсиз амалга ошириши мумкин бўлади.

Жисмоний шахслар учун ҳам енгилликлар назарда тутилган. Лойиҳага мувофиқ, фуқаролар бир йил давомида 10 минг долларгача бўлган хорижий инвестиция операцияларини эркин амалга ошира олади. Бу аҳолининг ташқи молиявий бозорларда иштирокини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, капитал ҳаракати операцияларини Марказий банкнинг FERUz ахборот тизими орқали электрон рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилади. Банклар операцияларга оид маълумотларни тизимга киритганидан кейин улар автоматик равишда рўйхатга олинган ҳисобланади.

Лойиҳада резидентлар учун ҳисобот топшириш мажбурияти ҳам белгиланган. Унга кўра, чет элдаги инвестиция фаолияти ҳақида ҳар чоракда хизмат кўрсатувчи банкка маълумот тақдим этилиши шарт бўлади. Маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаган резидентларнинг кейинги операциялари вақтинча чекланиши мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистонда валюта операцияларини тартибга солувчи қоидалар янгиланган эди. Янги тартибга кўра, жисмоний шахслар фуқаролигидан қатъи назар, банк ҳисобварақлари орқали бир-бирига шахсий (носавдо) мақсадларда эркин пул ўтказиши мумкин. Шунингдек, хорижликлар ҳам мамлакат ичида устав фондига маблағ киритиш, хайрия қилиш ёки мерос билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди.

Teglar

Mavzuga oid