Пенсия тайинлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилади
Пенсия тизимида хизматларни тўлиқ рақамлаштириш мақсадида, 2026 йилда босқичма-босқич бошқа турдаги пенсияларни ҳам проактив шаклга ўтказиш кўзда тутилган қарори лойиҳаси муҳокамага чиқарилди.

Ўзбекистонда пенсия тайинлаш жараёнини босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштириш кўзда тутилмоқда. Президент қарори лойиҳасига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб имтиёзли пенсия турлари ҳам фуқароларнинг алоҳида мурожаатисиз, проактив шаклда тайинланади. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Ҳозирги амалиётга кўра, умумий ёшга доир пенсиялар эркаклар учун 60 ёшдан, аёллар учун 55 ёшдан, шунингдек ногиронлик пенсиялари автоматик равишда тайинланмоқда. Бунда фуқаролардан қўшимча ариза талаб этилмайди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ айрим шахсларда муддатдан аввал пенсияга чиқиш имтиёзлари мавжуд. Жумладан, камида 20 йил иш стажига эга аёллар 54 ёшдан бошлаб, яъни белгиланган ёшдан бир йил олдин ёшга доир пенсия олиш имкониятига эга. Мазкур норма 1999 йилдан бери амал қилади.
Шунингдек, технологик ўзгаришлар, ишлаб чиқаришдаги трансформациялар, штат қисқариши ёки корхона тугатилиши сабабли ишдан бўшатилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар пенсия ёшига икки йил қолганда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга. Бу тартиб 1994 йилдан жорий этилган.
Қарор лойиҳасига мувофиқ, айнан ушбу имтиёзли пенсиялар ҳам 2026 йилдан бошлаб автоматлаштирилган тарзда тайинланади. Расмий изоҳда таъкидланишича, ҳужжатда пенсия ёшини ошириш ёки ўзгартириш бўйича таклифлар мавжуд эмас.
Ташаббус амалдаги ҳуқуқларни сақлаб қолган ҳолда, инсон омилини қисқартириш ва хизмат кўрсатиш жараёнини шаффоф ҳамда тезкор қилишга қаратилган. Лойиҳа регулатион.адлия.уз порталида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган.





