Россияга борадиган тожикистонлик меҳнат мигрантлар мамлакатнинг ўзида текширувдан ўтказилади
Россия президенти Владимир Путин Тожикистондан келаётган меҳнат мигрантларини Россияга киришидан олдин текширишни назарда тутувчи қонунни имзолади.

Янгиланган келишувга мувофиқ, Россияга расмий каналлар орқали ишлаш учун йўл олаётган Тожикистон фуқаролари мамлакатни тарк этмасдан туриб бармоқ излари топшириши ва суратга тушиши мумкин бўлади. Бу жараён Россия Ички ишлар вазирлигининг Тожикистондаги ваколатхонаси ҳамда тегишли идоралар иштирокида амалга оширилади.
Россияга тақиқ бор-йўқлиги олдиндан аниқланади
Олинган маълумотлар Россиянинг миграцион базалари орқали текширилади. Шу орқали фуқаронинг Россия ҳудудига киришига тақиқ бор-йўқлиги олдиндан аниқланади. Шунингдек, меҳнат мигрантларини тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини ҳам Тожикистоннинг ўзида ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжатда яна бир муҳим йўналиш — меҳнат муҳожирларини Россия меҳнат бозори талаблари асосида тайёрлаш масаласи ҳам назарда тутилган. Эндиликда айрим фуқаролар Россиянинг ўрта махсус ва касбий таълим дастурлари бўйича Тожикистондаёқ ўқитилиши мумкин.
Келишувга мувофиқ, миграция жараёнларини мувофиқлаштирувчи махсус Россия ташкилоти ҳам ишга жалб этилади. Россия расмийлари бу ўзгаришларни меҳнат миграциясини тартибга солиш ва миграция қонунчилигига риоя этилишини кучайтириш зарурати билан изоҳламоқда.
Тожикистон фуқароларини Россияга уюшган тарзда жалб қилиш бўйича келишув 2019 йилдан амал қилади. Унга ўзгартириш киритувчи протокол 2025 йил октябрида Эмомали Раҳмон ва Владимир Путин томонидан имзоланган эди. Тожикистон Меҳнат вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йилда уюшган танлов асосида Россияга 31 мингдан ортиқ киши юборилган.





