Logo

Тошкентда реновация учун «квартиралар банки» ташкил этилади

Bugun 13:252 daqiqa

Президент қарори билан Тошкентда реновациянинг янги механизми жорий этилади. Унга кўра, «квартиралар банки» ташкил қилиниб, давлатга тегишли кўчмас мулклар «Toshkent Invest» ихтиёрига ўтказилади.

Тошкентда реновация учун «квартиралар банки» ташкил этилади © vaqt.uz

Президентнинг Тошкент шаҳрини 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид қарори билан пойтахтда реновация лойиҳаларини амалга оширишнинг янги механизмлари белгиланди.

Ҳужжатга кўра, «Toshkent Invest» компанияси тажриба тариқасида 2031 йилгача реновация ҳудудидаги мулкдорлар учун «квартиралар банки»ни ташкил этиши мумкин бўлади.

Хонадонлар компенсация ва вақтинчалик яшаш учун берилади

«Квартиралар банки»даги уй-жойлар реновация ҳудудидаги мулкдорларга компенсация сифатида ёки улар янги уйга кўчиб ўтгунига қадар вақтинчалик ижара асосида тақдим этилади.

Мазкур хонадонларни қайта тақсимлаш тартиби Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан тасдиқланади.

«Квартиралар банки»ни шакллантириш учун Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан фойдаланишга рухсат берилди. Турaр ва нотурар жойлар «таклиф сўрови» асосида харид қилинади.

Давлат кўчмас мулклари «Toshkent Invest»га ўтказилади

Қарорга мувофиқ, реновация амалга ошириладиган ҳудудлардаги давлат мулки ҳисобланган кўчмас мулклар утилизация қиймати бўйича «Toshkent Invest» тасарруфига ўтказилади.

Давлат корхоналарига тегишли кўчмас мулклар эса мустақил баҳоловчи томонидан белгиланган нархда компанияга уч йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилади.

Шунингдек, реновация лойиҳалари амалга ошириладиган ҳудудлардаги давлат кўчмас мулк объектлари ҳам «Toshkent Invest» устав капиталига утилизация қийматида ўтказилади.

Қурилган объектлар онлайн аукционда сотилади

Қарорга кўра, «Toshkent Invest» реновация доирасида қурилган ёки реконструкция қилинган турар ва нотурар объектларни онлайн аукционлар орқали сотиши мумкин.

Тайёр бизнес объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга оширадиган пудратчилар амалдаги тартиб асосида танлаб олинади.

Vaqt.uz аввалроқ айни шу қарор билан Тошкентга 2 йилда $10 млрд хорижий инвестиция жалб қилиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берганди.

Teglar

Mavzuga oid