Давлат активларини сотиб олишда аванс 30 фоиздан 15 фоизга камайтирилади
Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштириш шартлари енгиллаштирилмоқда. Энди тадбиркорлар учун аванс тўлови икки баравар камаяди ва қолган маблағни фоизсиз бўлиб тўлаш мумкин бўлади.
© president.uzПрезидент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган 2026-йилнинг биринчи ярми якунлари ва йил охиригача белгиланган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида давлат активларини хусусийлаштириш шартларини енгиллаштириш бўйича янги қарорлар маълум қилинди.
Унга кўра, давлат активларини сотиб олаётган тадбиркорлар учун аванс тўлови амалдаги 30 фоиздан 15 фоизга туширилади. Қолган маблағни эса фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Бу хусусийлаштириш жараёнида бизнес иштирокини кенгайтиришга қаратилган.
Президентнинг таъкидлашича, айни пайтда қиймати 22 триллион сўм бўлган 3 мингта давлат обекти ауксионга қўйилган. Шу билан бирга, ҳокимликларда давлат мулкларини сотиш бўйича тизимли иш ташкил этилмагани танқид қилинди.
Янги хусусийлаштириш босқичи
Йиғилишда яқин вақтда янги хусусийлаштириш дастури ишга туширилиши маълум қилинди.
Дастур доирасида қиймати 100 триллион сўмлик 1,3 мингта кўчмас мулк обекти, 8 минг гектар ер майдони ҳамда 66 та корхонадаги давлат улушлари очиқ савдога чиқарилади.
Президент бу жараён хусусий сектор улушини ошириш ва иқтисодиётга янги инвеститсияларни жалб қилишга хизмат қилишини таъкидлади.
Банклар активлари ҳам таҳлил қилинади
Йиғилишда банклар балансида 9 триллион 300 миллиард сўмлик 2 411 та мол-мулк сотилмай тургани ҳам қайд этилди.
Шу муносабат билан ҳар бир обектнинг нима сабабдан банк балансида сақланаётгани алоҳида таҳлил қилинади.
Харидори мавжуд бўлса-да, турли сабаблар билан сунъий ушлаб турилган обектлар бўйича қонун устуворлиги таъминланиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан шу йиғилишда Шавкат Мирзиёев Марказий банк ва давлат банклари раҳбарлари фаолиятига қатъий эътироз билдирган эди. Шунингдек, барча вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларга бир ҳафта муддатда ўз тизимидаги бюрократик тўсиқлар, жарималар, тўлов ва йиғимларни қисқартириш ҳамда бизнес муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни Президент администратсиясига киритиш топширилди. Президент режаларни бажармаган раҳбарлар бундай шароитда хотиржам ишлашга ҳақли эмаслигини қатъий таъкидлади.





