Logo

Ноқонуний уй қурган қурилиш компаниясига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Bugun 11:212 daqiqa

«New Port» тураржой мажмуаси мансабдор шахслари томонидан уйи бузилган фуқароларга компенсация тўланмаётгани ҳолати ўрганиб чиқилди. Текширув давомида уйлар ўзбошимчалик билан бузилгани ва тўртта кўп қаватли тураржой биноси тегишли рухсатномасиз қурилгани аниқланди.

Ноқонуний уй қурган қурилиш компаниясига нисбатан жиноят иши қўзғатилди © Toshkent shahr hokimligi

Тошкент шаҳар прокуратураси «Nеw Port» тураржой мажмуаси билан боғлиқ ҳолат юзасидан ўтказилган текширув натижалари ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, 2026-йил 2-август куни ижтимоий тармоқларда Яккасарой тумани, «Дамариқ» МФЙ, А.Қаҳҳор кўчасидаги 19-уй аҳолисига компенсация маблағлари тўлиқ тўланмаётгани ҳамда уй ноқонуний бузилаётгани ҳақида тарқалган видеолар ўрганилган.

Терговга қадар текширув давомида «Mega Logistics Servise» МЧЖ мансабдор шахслари мажбурий кўчириш бўйича ижро ҳаракатлари тўлиқ якунланмаганига қарамасдан, мазкур уйни ўзбошимчалик билан бузиб ташлагани аниқланган.

Прокуратура маълумотига кўра, ушбу ҳаракатлар фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилган бўлиши мумкин. Шу муносабат билан ҳолат юзасидан жиноят-процессуал тартибда суриштирув ишлари бошланган.

Рухсатсиз қурилиш

Текширув давомида яна бир қатор қонунбузилишлар ҳам фош этилган. Хусусан, қурилиш ишлари учун тегишли рухсатномалар расмийлаштирилмасдан туриб, мазкур ҳудудда бир нечта кўп қаватли тураржой бинолари қад ростлагани маълум бўлди.

Прокуратурага кўра, гап битта 20 қаватли, иккита 19 қаватли, битта 12 қаватли ҳамда битта 2 қаватли тураржой бинолари ҳақида бормоқда. Уларнинг барчаси белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қурилгани қайд этилди.

Бу ҳолат қурилиш соҳасидаги назорат ва шаҳарсозлик талабларига риоя қилиниши масаласини яна кун тартибига олиб чиқди.

Тергов давом этмоқда


Текширув натижаларига асосан «Мега Logistics Servise» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқа шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Прокуратуранинг маълум қилишича, мазкур жиноят иши алоҳида назоратга олинган. Тергов якунлари бўйича қонун талабларига мувофиқ ҳуқуқий баҳо берилиши ва тегишли қарор қабул қилиниши таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, 30-июл куни Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги «Лолазор» маҳалласига ташриф буюриб, қурилишлар туфайли умумий ҳовлилар, болалар ва спорт майдончалари йўқ қилиниши танқид қилганди.

Унинг таъкидлашича, Бош прокуратурага Тошкент шаҳри бўйича шундай объектларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш, қурилиш учун берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги, шаҳарсозлик меъёрлари ҳамда аҳоли ҳуқуқларига риоя этилганини текшириш топширилган.

Teglar

Mavzuga oid