Logo

Президент Тошкент – Самарқанд янги автомобил йўли қурилишига старт берди

Янги магистрал ишга тушгач, Тошкентдан Самарқандга етиб бориш вақти 5 соатдан 2,5 соатга қисқаради. Йўл суткасига 60 мингдан 80 мингтагача транспорт воситасини ўтказади, юк ташиш таннархи эса 20-24 фоизга пасайиши кутилмоқда.

Президент Тошкент – Самарқанд янги автомобил йўли қурилишига старт берди © Prezident matbuot xizmati

Президент Шавкат Мирзиёев Ўрта Чирчиқ туманида Тошкент – Самарқанд йўналишидаги янги автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди. Давлат раҳбари ушбу лойиҳани мамлакат транспорт инфратузилмасини ривожлантиришдаги навбатдаги улкан тарихий қадам, деб атади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги ўн йилда мамлакат бўйлаб 78 триллион сўм маблағ эвазига 128 минг километр автомобиль йўлида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Энди эса халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий автомагистраллар тармоғини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қиймати қарийб 2,2 миллиард доллар бўлган янги автомагистралнинг умумий узунлиги 282 километрни ташкил этади. Олти полосали йўл лойиҳаси доирасида 92 та кўприк, 28 та йўл ўтказгич ва 60 та туннель типидаги ўтиш жойи қурилади. Магистралга оғир юк машиналари ҳамда юқори тезликда ҳаракатланадиган транспорт воситалари учун мўлжалланган мустаҳкам монолит бетон қоплама ётқизилади.

Текис ҳудудларда автомобиллар соатига 150 километр тезликда ҳаракатланиши мумкин бўлади. Шунингдек, йўлда замонавий хавфсизлик тизимлари, интеллектуал бошқарув технологиялари ва рақамли хизматлар жорий қилиниши орқали йўл-транспорт ҳодисаларини сезиларли даражада камайтириш режалаштирилган.

Янги йўл вақтни тежайди


Лойиҳа амалга оширилгач, Тошкентдан Самарқандга етиб бориш вақти ҳозирги 5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради. Янги автомагистрал суткасига 60 мингдан 80 мингтагача транспорт воситасини қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Шу билан бирга, юк ташиш таннархи 20–24 фоизга пасайиши кутилмоқда. Бу эса логистика харажатларини қисқартириш, маҳсулотларни тезроқ етказиб бериш ва ички бозор ҳамда экспорт рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Президент ўз нутқида таъкидлаганидек, яқин йилларда «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли ва Трансафғон темир йўли ишга тушиши билан мамлакат Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик транспорт йўлагининг муҳим бўғинига айланади. Бу орқали Покистон портлари орқали Ҳинд океани ҳамда қарийб икки миллиард аҳоли истиқомат қиладиган Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имконияти кенгаяди.

Янги инвестициялар ва иш ўринлари

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон йилига қўшимча 15–20 миллион тонна халқаро транзит юкини қабул қилиши мумкин. Бу мамлакатга ҳар йили 400–600 миллион доллар қўшимча даромад келтириши кутилмоқда.

Шунингдек, логистика марказлари ва терминаллар қурилиши учун 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниши, камида 50 мингта барқарор иш ўрни яратилиши прогноз қилинмоқда. Президентнинг таъкидлашича, автомагистраль нафақат транспорт тизими, балки бутун иқтисодиётнинг ўсиши учун драйвер вазифасини бажаради.

Жаҳон банки таҳлилларига кўра, бундай инфратузилма лойиҳаларига сарфланган ҳар бир доллар инвестиция иқтисодиётга беш баробаргача қайтим келтиради. Янги автомагистраль Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ялпи ҳудудий маҳсулотини тахминан 3 фоизга оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Йўл ўтадиган аҳолиси икки миллиондан ортиқ бўлган 13 та туман учун янги иқтисодий имкониятлар яратилади. Магистраль бўйлаб логистика марказлари, омборлар, саноат ва агросаноат корхоналари, савдо ва сервис мажмуалари, меҳмонхоналар ҳамда туризм объектлари барпо этилади. Бу маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам янги буюртмалар ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш имконини яратади.

Маросимда Президент Хива – Урганч автомагистрали қурилиши бошланганини, Тошкент – Андижон автомагистрали бўйича халқаро тендер якунига етаётганини ҳамда Тошкент – Бўстонлиқ йўлини лойиҳалаш ишлари якунланаётганини маълум қилди.

«Биз бугун Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик тўйи арафасида мамлакатимиз келажаги, иқтисодий барқарорлиги ва халқимиз фаровонлиги учун яна бир мустаҳкам пойдевор қўймоқдамиз», — деди Президент ва капсула қўйиб, янги автомагистраль қурилишини бошлаб берди.

Teglar

Mavzuga oid