Трамп Ҳўрмуз бўғозини АҚШ ҳудудига қўшиб ололадими?
АҚШ президенти урушнинг охири кўринмаётган бир пайтда Эронга нисбатан яна бир ғайриоддий таҳдид билан чиқди.

Президент Доналд Трамп 14 август куни ҳарбий ва дипломатик жиҳатдан вазият боши берк кўчага кириб қолган бир пайтда, глобал нефт ва газнинг бешдан бир қисми ўтадиган халқаро аҳамиятга молик сув йўли — Ҳўрмуз бўғозини «тез орада» Қўшма Штатлар ҳудуди сифатида эълон қилишини билдирди.
Эрон эса Трампнинг бу таҳдидларини «бемаънилик» деб атади. Теҳрон жаҳон иқтисодиётига босим ўтказиш қуроли сифатида ушбу йўлни тўсиб қўйган бўлса, Вашингтон Эрон портларига нисбатан ҳарбий-денгиз қамалини давом эттириб, унинг иқтисодиётини янада бўғишга уринмоқда.
Гарчи Трамп Эрон билан олиб борилаётган музокараларни «шахмат ўйинига» қиёслаган бўлса-да, ким биринчи бўлиб ён бериши кутилаётган мазкур тўқнашувда АҚШ президентининг ҳарбий риторикаси 28 февралда бошланган уруш давомида бир хил кўриниш касб этиб улгурди. Кўп ҳолларда у Эронга ҳужум қилиш билан таҳдид қилиб, фақат сўнгги сониялардагина фикридан қайтди.
Хўш, АҚШ ҳақиқатан ҳам Ҳўрмуз бўғозини ўз ҳудудига қўшиб ололадими?
Трампнинг баёноти
«Биз ҳозирда жуда оғир мағлубиятга учраётган Эронни бутунлай таслим қилганимиздан сўнг, тез орада Ҳўрмуз бўғозини АҚШ ҳудуди сифатида эълон қиламан», — деди Трамп Ню-Йоркдаги полиция академиясида қилган чиқишида.
Денгиз қамалига ишора қилар экан, Трамп яна бир қадам олдинга бориб, Ҳўрмуз бўғози аллақачон АҚШ ҳудудига айланиб улгурганини таъкидлади.
«Аслида, ҳозирги аҳволнинг ўзи шундай. Бизда қамал бор. Биз хоҳламасак, у ердан бирорта ҳам кема ўта олмайди», — дея қўшимча қилди у.
Эрон эса мазкур сув йўлини айнан ўзи назорат қилаётганини таъкидламоқда. АҚШнинг бу даъволарига қарамай, денгиз навигацияси маълумотлари қамал шароитида ҳам айрим кемалар ушбу йўлакдан ўтишга муваффақ бўлганини кўрсатмоқда.
«Ал-Жазира» нашрининг ёзишича, АҚШ президенти бу гапларни кулимсираб айтган ва бунга жиддий қарамаётганга ўхшайди.
«Булар Эрон ва Уммоннинг ҳудудий сувлари саналади. Бироқ АҚШ президенти ўз рақибларининг, айни вазиятда эса Эроннинг ғашига тегишни хуш кўради. Шу билан бирга, асосий эътибор қаратишимиз лозим бўлган жиҳат шундаки, АҚШ президенти Ҳўрмуз бўғозида Қўшма Штатлар томонидан давом эттирилаётган денгиз қамали фактини инкор қилаётгани йўқ ва бу борада ортга чекинмоқчи эмас», — деди нашр мухбири.
Эрон бунга қандай муносабат билдирди?
Бир қатор эронлик расмийлар Трампнинг бу баёнотларига кескин муносабат билдирди. Суд ҳокимияти раҳбари АҚШ президентини жиноятчи ва енгилтак деб атаб, унинг сўзларини «бемаънилик» дея баҳолади ҳамда Ҳўрмуз бўғози фақат Эронга тегишли эканини таъкидлади.
Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий ҳам бунга муносабат билдириб, шундай деди: «Ҳўрмуз бўғозини на твит, на авиаташувчи кема, на қандайдир буйруқ ва на сайловолди нутқи билан эгаллаб бўлади».
«Ҳўрмуз бўғози Эронники бўлган, ҳозир ҳам Эронники ва шундай бўлиб қолади. Бу бўғоз фақатгина Эроннинг буйруғи билан ёпилади ёки очилади. Токи сиз мағлубият ҳақиқатини тан олмас ва хомхаёлларингизни йиғиштирмас экансиз, Эрон қамални давом эттираверади», — дея қўшимча қилди у.
Айни пайтда, Эрон бўғоздаги қатновларни бошқариш бўйича мазкур ҳудуддаги яна бир соҳилбўйи давлат — Уммон билан келишувга эришиш мақсадида музокаралар олиб бормоқда. Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Эрон Талабалар ахборот агентлигига (ISNA) берган интервюсида Теҳрон ва Маскат ўртасидаги музокаралар «тез орада якунига етиши мумкинлигини» айтди.
Бироқ сув йўлини қайта очиш буткул бошқа масалади, деди Арақчи. Бунинг учун Вашингтон июн ойидаги ўзаро англашув меморандумида берган ваъдаларини, жумладан, денгиз қамалини олиб ташлаш ва Эронга қўйилган санкцияларни бекор қилиш мажбуриятларини бажариши шарт.
Трампнинг даъвоси қанчалик ҳақиқатга яқин?
Биринчидан, суверенитет фақатгина президентнинг бир томонлама баёноти билан бошқа давлатга ўтиб қолмайди.
Масалан, Трамп бундан олдин Форс кўрфазида жойлашган, Эроннинг асосий нефт экспорт маркази ҳисобланган Харк оролини эгаллаш учун АҚШ қўшинларини юбориш билан таҳдид қилган эди. Ўшанда Теҳрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси уларни қуролланган ҳолда кутиб олишини маълум қилганди. Трамп бунгача Даниянинг мухтор ҳудуди саналган Гренландияни ҳам босиб олиш билан таҳдид қилган.
Президент Роналд Рейган даврида бош прокурор ўринбосари лавозимида ишлаган Брюс Фейннинг таъкидлашича, Трамп бирор ҳудудни ўзбошимчалик билан аннексия қилиш бўйича конституциявий ваколатга эга эмас.
«Луизиананинг сотиб олиниши, Гавайи ёки Панама каналининг қўшиб олиниши ёхуд Испания-Америка урушидан кейин Пуэрто-Рико ва Филиппиннинг қўлга киритилиши каби ҳолатларда бўлганидек, бирор ҳудудни аннексия қилиш учун Сенат томонидан ратификация қилинган шартнома ёки қонун талаб этилади».
Фейннинг қўшимча қилишича, агар Трамп аннексияни амалга оширса, бу «халқаро ҳуқуққа, жумладан, БМТ Низомига кўра тажовузкор уруш жинояти сифатида баҳоланади».
Трампнинг Эронга қарши уруши АҚШнинг ўзида ҳам кенг қўллаб-қувватланаётгани йўқ. Президент ва унинг партиядош республикачилари ноябр ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларда Конгрессдаги кичик устунликни сақлаб қолишга интилмоқда. «Reuters/Ipsos» сўрови натижаларига кўра, америкаликларнинг бор-йўғи 35 фоизи бу урушни ёқлайди.
Қатор АҚШ оммавий ахборот воситалари Вашингтонда ўқ-дорилар, хусусан, ҳаво ҳужумидан мудофаа қилувчи муҳим «Patriot» тизимлари захираси тугаб бораётгани ҳақида хабар берди. Бензин нархи ҳам ошиб кетган: ҳозирда бир галлон ёқилғи ўртача 4 доллардан ошмоқда. Бу эса оддий америкаликлар учун жиддий муаммо ҳисобланади.
Ўтган ҳафта АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Трамп маъмуриятининг уруш шароитидаги энг биринчи вазифаси ошиб бораётган бензин нархини жиловлаш эканини, Эроннинг ядро қуролига эга бўлиш йўлидаги эҳтимолий ҳаракатларини тўхтатиш эса иккинчи даражага тушганини билдирди.
Шунингдек, Теҳрон Форс кўрфазидаги қўшниларига ҳам зарба берди. Таҳлилчиларнинг фикрича, бундан кўзланган асосий мақсад — минтақа мамлакатларини музокаралар столида Вашингтонни боши берк кўчага киришга мажбурлашдир.
Ҳатто Эроннинг ўзи ҳам халқаро қонунчиликка, хусусан, БМТнинг Денгиз ҳуқуқи бўйича конвенциясига (UNCLOS) кўра бутун бўғоз устидан чекланмаган суверенитетга эга эмас. У фақат ўз чегаралари яқинидаги айрим соҳилбўйи ҳудудларинигина назорат қилади.
UNCLOS соҳилбўйи давлатларининг ҳудудий сувлар устидаги суверенитетини тан олади. Бироқ бу ҳудудий денгиз чегарасини 12 денгиз мили (22 км) билан чеклаб қўяди ва кемаларнинг «тўсиқсиз» ўтиш ҳуқуқини кафолатлайди.
Ҳўрмуз бўғози Эрон ва Уммон қирғоқлари оралиғидаги халқаро сувларда жойлашган. Энг тор қисмида бўғознинг кенглиги атиги 21 денгиз милини (39 км) ташкил этади ва бу ҳудудда икки давлатнинг 12 денгиз миллик ҳудудий сувлари ўзаро кесишади.
Гарчи АҚШ ҳам, Эрон ҳам UNCLOS конвенциясини ратификация қилмаган бўлса-да, мазкур ҳужжатнинг халқаро бўғозларга оид қоидалари одатий ҳуқуқ сифатида кенг тан олинади.





