Logo

Vaqt.uz ёритган шаввозлар иши: Суд Тошкент ва Чиноздаги фирибгарлик бўйича 25 нафар айбланувчига ҳукм ўқиди

Kecha 15:402 daqiqa

Vaqt.uz ўрганган суд ҳужжатларига кўра, Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанцияси қурилиш соҳасидаги йирик фирибгарлик иши бўйича биринчи инстанция ҳукмини бекор қилиб, Хайрулла Хатамов ва яна 24 нафар шахсга нисбатан янги ҳукм чиқарди. Судланувчилар юзлаб фуқароларни уй-жойли қилиш ваъдаси билан алдаш, ўзлаштириш, қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш ҳамда солиқдан бўйин товлаш каби қатор жиноятларда айбдор деб топилди.

Vaqt.uz ёритган шаввозлар иши: Суд Тошкент ва Чиноздаги фирибгарлик бўйича 25 нафар айбланувчига ҳукм ўқиди © Ijtimoiy tarmoqlar

Жиноят ҳолатлари асосан Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани Иззат кўчасида жойлашган кўп қаватли уй, «Олмос» МФЙдаги тугалланмаган кўп қаватли уй ҳамда Чиноз туманидаги уй-жой лойиҳаларида содир этилган. Ушбу объектлар бўйича юзлаб фуқаролар жабрланувчи сифатида эътироф этилган.

Суд қарорига кўра, асосий айбланувчиларга 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жумладан, Хайрулло Хатамов 9 йил 4 ой, Хуршид Тошпўлатов 9 йил 5 ой, Аҳрор Акрамов 9 йил 6 ой ва Баҳромжон Қаюмов 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Иброҳимжон Камишев ва Баҳрамжон Саримсоқов каби бошқа айбланувчиларга ҳам 8-9 йил атрофида қамоқ жазоси белгиланди. Айрим судланувчиларга нисбатан қўлланган гаров эҳтиёт чораси бекор қилиниб, улар суд залидан қамоққа олинди. Судланувчи Хатамовнинг белгиланган тартибни бузгани сабабли 100 млн сўмлик гаров пули давлат даромадига ўтказилган бўлса, Тошпўлатов ва Акрамов томонидан киритилган гаров маблағлари жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплашга йўналтирилди.

Судланувчилардан бири Ёдгорбек Раҳмоновга 8 йил 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан 3 йиллик синов муддати билан шартли деб ҳисобланди. Унга етказилган моддий зарар ва солиқ қарздорлигини тўлаш мажбурияти юклатилди.

Апелляция инстанцияси ҳукми билан жабрланувчиларга етказилган миллиардлаб сўмлик зарарни ундириш белгиланди. Шунингдек, Тошкент шаҳри ҳокимлиги фойдасига 157,3 млрд сўм, Давлат активларини бошқариш агентлиги фойдасига қарийб 84 млрд сўм, «Ipoteka bank» ва Миллий банк фойдасига эса бир неча ўн миллиард сўм зарар қопланиши кўрсатиб ўтилди. Суд, шунингдек, уй-жойлар учун тўлиқ тўлов қилган фуқароларнинг мулк ҳуқуқларини расмийлаштириш ва бошқа низоли ҳолатлар бўйича фуқаролик судларига мурожаат қилиш тартибини тушунтирди.

Эслатиб ўтамиз, Vaqt.uz аввал ҳам Яшнобод туманидаги ушбу қурилиш фирибгарлиги ортидан беш йилдан буён уй-жойсиз ва сарсон бўлиб келаётган фуқаролар муаммосини ёритган эди.

Teglar

Mavzuga oid