Logo

Хоразм иқтисодиётининг 72 фоизини кичик бизнес яратмоқда

Президент Хоразмда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда сўнгги йилларда вилоятда бизнес учун мутлақо янги имкониятлар яратилганини таъкидлади.

Хоразм иқтисодиётининг 72 фоизини кичик бизнес яратмоқда © Prezident matbuot xizmati

Шавкат Мирзиёев Хоразмда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда сўнгги йилларда вилоятда бизнес учун мутлақо янги имкониятлар яратилганини таъкидлади.

Қайд этилишича, қисқа даврда Хоразмга 4 миллиард долларлик хорижий инвестиция жалб қилиниб, 10 мингта янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди. Вилоятда «Ҳазорасп» махсус иқтисодий зонаси ва 31 та саноат зонаси ташкил этилди.

Тупроққалъа ва Янгиариқда умумий қуввати 275 мегаватт бўлган электр станциялари барпо этилди. Улар саноат корхоналарини барқарор электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилмоқда.

Бугун Хоразм иқтисодиётининг 72 фоизини кичик бизнес яратмоқда. Экспортда унинг улуши 81 фоизга етиб, вилоят бу кўрсаткич бўйича республикада биринчи ўринга чиқди.

Транспорт имкониятлари кенгайди

Йиғилишда таъкидланишича, сўнгги йилларда Хоразмнинг транспорт инфратузилмасида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Ҳафталик авиарейслар сони 16 тадан 102 тага, темир йўл қатновлари эса 8 тадан 41 тага кўпайди.

Шунингдек, «Тошкент – Хива» тезюрар поезди йўлга қўйилди. Айни пайтда 35 километрлик янги «Урганч – Хива» автомобиль йўли ҳам ишга туширилмоқда.

Бу лойиҳалар нафақат аҳоли учун транспорт имкониятларини кенгайтирмоқда, балки туризм ва тадбиркорлик ривожи учун ҳам янги шароит яратмоқда.

Президент Хоразмнинг иқтисодий ўсишида туризм соҳаси алоҳида ўрин тутаётганини ҳам қайд этди.

Вилоятда 25 гектар майдонда «Арда Хива» туристик мажмуаси барпо этилди. Тадбиркорлар томонидан умумий сиғими 7 минг ўрин бўлган 331 та меҳмонхона ва меҳмон уйи ташкил қилинди.

Жорий йилда Хоразмга 3 миллион нафар хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда. Хива шаҳрида меҳмонхона, савдо ва кўнгилочар объектларни ўз ичига олган «Саҳро юлдузи» туристик комплекси ҳам бунёд этилади.

Президент амалга оширилаётган лойиҳалар, инвестициялар ва инфратузилмадаги ўзгаришлар вилоят иқтисодиёти учун янги ўсиш нуқталарини яратаётганини таъкидлади.

«Бир сўз билан айтганда, бугун Хоразм тадбиркорлар учун янги имкониятлар марказига айланиб бормоқда», — деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразмда 7,4 млрд долларлик лойиҳаларга старт берилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid