Logo

Янги ҳафтада ҳам банкларда автокредитларнинг ўртача фоизи рекорд даражада пасайди

Kecha 13:253 daqiqa

Бу кўрсаткич Марказий банк микроқарз ва автокредитлар бўйича ҳафталик фоиз ставкаларини эълон қила бошлаганидан бери қайд этилган энг паст даража бўлди.

Янги ҳафтада ҳам банкларда автокредитларнинг ўртача фоизи рекорд даражада пасайди © invezz.com

Марказий банк 2026-йил 20-июл ҳолатига кўра, мамлакатдаги тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилган микроқарз ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилди.

Янги ҳафтада микроқарзлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 28,6 фоизни ташкил этди. Автокредитлар бўйича эса ўртача ставка 21,3 фоизгача пасайиб, Марказий банк ушбу маълумотларни эълон қилишни бошлаганидан бери энг паст даража бўлди. Ўтган ҳафтада бу кўрсаткичлар мос равишда 29,0 ва 21,4 фоиз бўлганди.

Микроқарзлар

Микроқарзлар сегментида энг паст фоиз ставкаси 22,6 фоиз билан «Aloqabank»да қайд этилди. Кейинги ўринларда «Trastbank» 23,9 фоиз, «Infinbank» 24,0 фоиз, «Asia Alliance bank» 24,3 фоиз ва «Milliy bank» 25,2 фоиз ставка билан жойлашди.

Шунингдек, «BRB» 25,8 фоиз, «Agrobank» 26,3 фоиз, «OFB» 26,5 фоиз, «Xalq banki» 26,6 фоиз, «Mikrokreditbank» 26,7 фоиз, «Kapital bank» 27,0 фоиз, «Asaka bank» 27,1 фоиз, «SQB» 27,3 фоиз ва «Poytaxt bank» 27,6 фоиз ставкада микроқарз таклиф қилмоқда.

Юқори сегментда «Turon bank» 28,1 фоиз, «Garant bank» 28,7 фоиз, «Hamkorbank» 30,0 фоиз, «Universal bank» 30,2 фоиз, «Apex bank» 31,3 фоиз ҳамда «Ipak Yo‘li banki» 32,9 фоиз ставка таклиф қилмоқда.

Энг юқори ставкалар «Ipoteka bank» 33,7 фоиз, «Davr bank» 34,6 фоиз, «TBC bank» 35,4 фоиз, «Uzum bank» 38,0 фоиз, «AVO bank» 39,9 фоиз, «Anor bank» ва «Tenge bank»да 40,9 фоиз билан қайд этилди.

1

Манба: Марказий банк


Автокредитлар

Автокредитлар бўйича энг паст ставка 18,4 фоиз билан «BRB»да қайд этилди. Кейинги ўринларда «Ipoteka bank» 19,1 фоиз, «Davr bank» 19,8 фоиз, «Garant bank» 20,4 фоиз, «Apex bank» 20,5 фоиз ва «Aloqabank» 20,8 фоиз ставка билан жойлашди.

Шунингдек, «SQB» 21,6 фоиз, «Ipak Yo‘li banki» 22,1 фоиз, «Turon bank» 22,4 фоиз, «Asaka bank» ва «TBC bank» 22,5 фоиздан, «OFB» 22,7 фоиз, «Milliy bank» 23,2 фоиз, «Xalq banki» 23,6 фоиз, «Hamkorbank» 23,7 фоиз ҳамда «Mikrokreditbank» 24,0 фоиз ставкада автокредит ажратмоқда.

Юқори сегментда «Asia Alliance bank» ва «Agrobank» 24,6 фоиз, «Trastbank» 24,7 фоиз ставка таклиф қилмоқда. Ҳозирги маълумотларга кўра, автокредитлар бўйича энг юқори ставка 24,7 фоиз билан «Trastbank»да қайд этилган.

2

Манба: Марказий банк


Маълумот учун, йил бошидан бери аҳолига берилган кредитлар қолдиғи 3,1 фоизга кўпайиб, 227,1 трлн сўмга етган. Бунда автокредитлардан бошқа барча кредитларда ўсиш кузатилган. Банклардаги аҳолининг автокредитлари қолдиғи 1 январга нисбатан 0,4 фоизга пасайиб, 39,56 трлн сўмгача тушган.

Банкларда автокредит ажратиш 2023 йилдан кейин камайишни бошлади. Бунга Марказий банк томонидан киритилган чекловлар сабаб бўлди. Регулятор рискларни олдини олиш мақсадида банкларнинг кредит портфелига автокредитлар учун 25 фоизлик чеклов жорий қилганди.

Натижада автокредит ажратиш пасайишни бошлади ва бу иккиламчи бозордаги автомобиль нархларига ҳам таъсир қилди — 17-18 минг доллар сотилган Cobalt нархлари бозорда 10-11 минг долларгача тушиб кетди. 2023 йилда аҳоли учун энг оммабоп кредит автокредит бўлган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг ўрнини микроқарзлар эгаллади.

Бироқ, яқин йилларда микроқарзлар учун банкларнинг кредит портфелига 25 фоизлик чеклов жорий қилиниши кутиляпти. Шу сабабли янги тартибга банклар аллақачон мослашишни бошлаб юборган. Бу бир томондан микроқарзлар фоизини пасайтираётган бўлса, бошқа томондан уларни олиш имкониятини қийинлаштирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid