Logo

Ҳафталик нархлар таҳлили : маҳсулотлар нархи қандай ўзгарди?

Kecha 19:106 daqiqa

Сабзавот ва меваларда мавсумий арзонлашув давом этаётган бир пайтда, асосий истеъмол маҳсулотларидан бири гўшт нархлари бу ҳафта деярли ўзгармади. Шу билан бирга, мол гўштининг энг юқори нархи Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида қайд этилган бўлса, энг арзон нарх Қорақалпоғистонда кузатилди.

Ҳафталик нархлар таҳлили : маҳсулотлар нархи қандай ўзгарди?

«Narxtahlil.uz» платформасида эълон қилинган маълумотларга кўра, 8-15 июл кунлари озиқ-овқат маҳсулотлари нархида турлича ўзгаришлар кузатилди. Асосий истеъмол маҳсулотлари нархи барқарор сақланган бўлса, мавсумий маҳсулотларда янги ҳосил таъсирида арзонлашув давом этди.

Vaqt.uz 8 июлдан 15 июлгача бўлган даврда 15 хил асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархидаги ўзгаришларни таҳлил қилди.

Кундалик истеъмол маҳсулотлари

Ҳафта давомида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи нисбатан барқарор бўлди. Хусусан, пахта ёғи ва кунгабоқар ёғи нархи кетма-кет уч ҳафтадан бери деярли ўзгармаган. Айни пайтда  пахта ёғи ва кунгабоқар ёғи 0,1 фоизга юқорилаган бўлса ҳам, амалда нархи ўзгармаган.  Уларнинг ўртача нархи мос равишда 20 минг 219 сўм, кунгабоқар ёғининг нархи эса 21 минг 437 сўмни ташкил этди.

Ун маҳсулотлари сегментида ҳам  нархлар сезиларли даражада ошмаган. Ҳафта ичида биринчи навли ун нархи 0,1 фоизга арзонлаб, 6 минг 235 сўмни, олий навли ун нархи ҳам 0,1 фоизга тушиб 9 минг 379 сўмни ташкил қилди. Бу асосий истеъмол маҳсулотлари бозорида барқарорлик сақланаётганини кўрсатади.

Қўй гўшти нархи 3 ҳафтадан буён нархи ўзгармаган бўлсада,  шу ҳафта 0,1 фоизгача арзонлади. Яъни, 1 кг қўй гўшти нархи 133 минг 210 сўм бўлди.

Улгуржи бозорда нархлар пасайган бўлса-да, чакана савдода бу ўзгариш ҳали сезилмаяпти. Бу ҳолат чакана ва улгуржи бозор ўртасидаги тафовут сақланиб қолаётганидан далолат беради. Шу билан бирга, ташқи савдо кўрсаткичлари ҳам гўшт бозоридаги вазиятни акс эттирмоқда.

Хусусан, 21 июл куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев апрель–июнь ойларида гўшт нархлари 6–8 фоизга ошганини қайд этди. Шу сабабли импорт гўштни самолётда олиб келиш харажатларини қоплаш амалиёти 2026 йил охиригача узайтирилиши ҳақида хабар берган эдик.

Шакар ва гуруч маҳсулотларида нархлар турлича ўзгарди. Шакар нархи эса 13 минг 129 сўмга ёки 0,1 фоизга тушган. Лекин чакананарх ўзгармаган. Гуруч  нархи  аксинча ошишда давом этмоқда. Унинг қиймати бир ҳафтада 0,4 фоизга қимматлаб, 15 минг 090 сўмни ташкил қилди.

Сут маҳсулотлари нархи деярли ҳар ҳафта турлича шаклланади. Масалан, жорий ҳафта бу маҳсулот 0,2 фоизга тушиб, 7 минг 776 сўмни ташкил қилди. Ўтган ҳафтада аксинча 0,1 фоизга ошганди.  Бу ҳафта ҳам тухум сезиларли даражада пасайди. Унинг нархи 0,7 фоизга арзонлаб, 11 минг 195 сўмгача тушди. Товуқ гўшти нархи эса ўтган ҳафта 0,2 фоизга қимматлаган бўлишига қарамай, бу ҳафта унинг нархи 0,1 фоизга арзонлади. 1кг товуқ гўшт нархи 32 минг 031 сўмдан сотилган.

1

Сабзавотлар

Сабзавот бозорида мавсумий арзонлашув тенденцияси давом этмоқда. Ўтган ҳафта бақлажон 5,2 фоизга арзонлашган бўлса, бу ҳафта ҳам унинг нархи яна тушиб 6,1 фоизга пасайди. Унинг ўртача нархи 5 минг 362 сўмни ташкил қилди. Бақлажон нархи ҳафта ичида энг кескин тушган маҳсулотлар сифатида қайд этилди. Булғор қалампири ҳам 4 фоизга арзонлаб, 7 минг 620 сўмни ташкил қилди.

Помидор ҳам бир ярим ҳафтадан бери пасаймоқда. Ҳафта давомида помидор 5,5 фоизга арзонлаб, 4 минг 749 сўмни ташкил қилди. Таққослаш учун, ўтган ҳафта ушбу маҳсулот нархи 10,5 фоизга тушган эди.

Бодринг жорий ҳафтада 6,2 фоизга арзонлаб, маҳсулотлар ичида энг кескин пасайишни қайд этди. Унинг ўртача нархи 5 минг 767 сўмгаача тушди. Ўтган ҳафтада бодринг 6 минг 149 сўмдан сотилганди. Шунингдек, бу ҳафта сабзи нархи кескин ошгани кузатилди. 1 кг сабзи 4 минг 429 сўмни ташкил қилиб, 1,4 фоизга ўсди. Ўтган ҳафтада сабзи нархи 4 минг 429 сўм билан ўзгаришсиз қолганди.

Картошкада ҳам нархлар кетма-кет тушмоқда. 1 кг картошка нархи 3,8 фоизга пасайиб, 4 минг 346 сўмни ташкил этди. Пиёз нархи аксинча сезиларли даражада кўтарилган. Унинг ўртача нархи 2 минг 400 сўм ташкил қилиб, 0,8 фоизга ошган. Ўтган ҳафтада пиёз нархи 2 минг 382 сўмни ташкил қилиб, 0,2 фоизга тушган эди.

Янги ҳосилнинг бозорга кўпроқ кириб келиши помидор, бақлажон, картошка ва булғор қалампири каби маҳсулотлар нархининг пасайишига хизмат қилмоқда. Бироқ бодринг ва карам нархининг ошгани айрим маҳсулотларда таклиф ҳажми ва мавсумий омиллар турлича шаклланаётганини кўрсатади.

3

Мевалар

Мевалар сегментида эса аксарият маҳсулотлар нархининг арзонлашуви кузатилди. Энг катта пасайиш узум нархида қайд этилиб, бир ҳафта ичида 3,1 фоизга арзонлади. Натижада 1 кг узумнинг ўртача қиймати 14 минг 677 сўмни ташкил қилди. Ушбу маҳсулот нархи бир ойдан бери тушмоқда.

Лимон нархи ҳам 1 ойдан бери ўсишда давом этмоқда. Агар ўтган ҳафта маҳсулот 0,5 фоизга қимматлашган бўлса, бу ҳафта ўсиш 0,4 фоизни ташкил қилди ва нарх 50 минг 239 сўмга етди.

Олма ва нок маҳсулотлари нархларида ҳам пасайиш тенденцияси кузатилди. Хусусан, олма нархи ҳафта давомида 1,9 фоизга арзонлашиб, 13 минг 238 сўмга тушди.

Шунингдек, нок нархи ҳам арзонлашишда давом этмоқда. Унинг 1 кг нархи 19 минг 068 сўмни ташкил қилди. Бу нарх ўтган ҳафтага нисбатан 2,3 фоизга арзонлаган.

Умуман, мевалар бозорида нархларнинг пасайиш тенденцияси сақланиб қолаётган бўлса-да, лимон нархи ошишда давом этмоқда.

2

Ҳудудлар кесимида тафовутлар қандай?

15 июл ҳолатига кўра, мол гўшти нархлари ҳудудлар кесимида сезиларли даржада фарқ қилмоқда. Республика кесимида ўртача нарх 123 минг сўм атрофида бўлса-да, айрим вилоятларда бу кўрсаткич сезиларли даражада юқори, айрим ҳудудларда эса нисбатан паст сақланмоқда.

Hudud

08.07.2026

15.07.2026

O‘zgarish (%)

Qoraqalpog‘iston

109 749

110 570

+0,75%

Xorazm viloyati

117 154

117 877

+0,62%

Toshkent viloyati

122 841

123 059

+0,18%

Andijon viloyati

126 405

126 482

+0,06%

Qashqadaryo viloyati

121 799

121 808

+0,01%

Namangan viloyati

126 268

126 226

−0,03%

Toshkent shahri

131 498

131 407

−0,07%

Surxondaryo viloyati

126 096

125 990

−0,08%

Jizzax viloyati

127 067

126 951

−0,09%

Samarqand viloyati

125 658

125 433

−0,18%

Farg‘ona viloyati

123 870

123 643

−0,18%

Sirdaryo viloyati

122 937

122 693

−0,20%

Navoiy viloyati

119 267

118 989

−0,23%

Buxoro viloyati

118 612

118 297

−0,27%

Мол гўшти нархи ҳудудлар кесимида сезиларли даражада фарқ қилмоқда. Хусусан, энг қиммат гўшт Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида қайд этилди. Тошкент шаҳрида 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 131 минг 407 сўмни, Жиззах вилоятида эса 126 минг 951 сўмни ташкил қилди.

Аксинча, энг арзон мол гўшти Қорақалпоғистон Республикасида сотилмоқда. Бу ҳудудда 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 110 минг 570 сўмни ташкил этди. Қизиғи, Қорақалпоғистон бу ҳафтада мол гўшти нархи энг кўп ошган ҳудуд бўлди. Бир ҳафтада гўшт нархи 0,75 фоизга қимматлаган.

Шунингдек, Хоразм вилояти 117 минг 877 сўм ва Бухоро вилояти 118 минг 297 сўм билан нархлар нисбатан паст бўлган ҳудудлар қаторидан ўрин олди.

Ҳафта давомида мол гўшти нархлари ҳудудлар кесимида кескин ўзгармади. 14 та ҳудуддан 5 тасида нархлар бироз ошган бўлса, 9 тасида пасайган. Шунга қарамай, барча ҳудудларда ҳафталик ўзгариш 1 фоиздан ошмагани мол гўшти бозорида нархлар нисбатан барқарор сақланаётганини кўрсатади.

Ҳафта якунига кўра, мол гўштининг энг юқори нархи Юнусобод туманида сақланиб, бир килоси 135  минг 682 сўмни ташкил қилди. Айни пайтда, энг катта арзонлашув Учкўприк туманида кузатилиб, нархлар 2,3 фоизга пасайди.

Шундай қилиб, энг қиммат ва энг арзон ҳудудлар ўртасидаги фарқ қарийб  20 минг 700 сўмни ташкил этди. Натижада, бир килограмм мол гўшти нархида ҳудудлар кесимида қарийб 19 фоизлик тафовут сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Жорий ҳафтада озиқ-овқат бозорида асосий истеъмол маҳсулотлари нархи деярли ўзгармади. Мавсумий маҳсулотларда эса қарама-қарши тенденция кузатилди, яъни янги ҳосил ҳисобига айрим мева ва сабзавотлар арзонлашишда давом этган бўлса, айрим маҳсулотларда қисқа муддатли нарх ўсиши қайд этилди. Моль гўшти нархлари умумий ҳисобда барқарор қолган бўлса-да, вилоятлар ўртасидаги нарх тафовути ҳануз сезиларли даражада сақланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1-15 июлгача бўлган ҳолатидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгаришини ҳам таҳлил қилган эдик.

Teglar

Mavzuga oid