Тошкент анча ортда: кўпроқ маош олиш учун қаерга кўчиб ўтиш керак?
The Economist маълумотларига кўра, Тошкентнинг юқори маош излаб кўчиб келувчилар учун жозибадорлиги глобал ўртача кўрсаткичдан 36 фоиз паст. Остонада эса бу тафовут атиги 4 фоизни ташкил этади.
© Foto: Stat.uzЮқорироқ маош олиш учун бошқа шаҳарга кўчиб ўтмоқчи бўлган одам, одатда, шаҳарлардаги ўртача иш ҳақини солиштиради. Маош қаерда кўпроқ бўлса, ўша жойда ишлаш фойдалироқдек кўринади.
Аммо шаҳардаги юқори ўртача маош ҳар доим ҳам айнан ўртача маош ҳисобига шаклланмайди. Баъзи шаҳарлар шунчаки юқори малакали ва барибир катта даромад оладиган мутахассисларни ўзига жалб қилади.
Бошқа шаҳарлар эса инфратузилма, йирик компаниялар, меҳнат бозори ва бизнес муҳити орқали деярли барча ходимларнинг маошини оширади.
Кўчиб ўтишни режалаштираётган одам учун айнан иккинчи турдаги шаҳарлар манфаатлироқ.
Калифорния университети профессори Гаурав Кханна ва унинг ҳамкасблари 513 млн кишининг меҳнат фаолиятини таҳлил қилиб, дунё шаҳарларининг иш ҳақига реал таъсирини ҳисоблаб чиқди.
Тадқиқот LinkedIn фойдаланувчиларининг 191 мамлакатдаги 220 мингдан ортиқ жойлашув бўйича иш тарихини қамраб олган. The Economist бу мақолани тақдим қилди.
Тадқиқотчилар бир шаҳардан бошқасига кўчиб ўтган ходимларнинг иш ҳақи қандай ўзгарганини кузатган. Шу орқали маошдаги фарқнинг қанчаси ходимнинг малакаси, қанчаси эса янги шаҳарнинг ўзи билан боғлиқлигини ажратишга ҳаракат қилган.
Тошкент глобал ўртачадан 36 фоиз паст
Тадқиқот асосида The Economist тузган ҳисоблагичда Тошкентнинг “city premium”, яъни шаҳар жойлашуви ҳисобига юзага келадиган иш ҳақи бонуси глобал ўртача кўрсаткичдан 36 фоиз паст деб баҳоланган.

Таққослаш учун, Остонада бу кўрсаткич глобал ўртачадан атиги 4 фоиз паст. Демак, икки пойтахт ўртасидаги фарқ 32 фоиз пунктни ташкил қилади.
Буни Тошкентдаги барча маошлар дунё ўртачасидан 36 фоиз паст, деб тушуниш нотўғри. Кўрсаткич ўртача номинал маошни эмас, шаҳарнинг ўзи бир хил малакага эга ходим даромадига қандай таъсир қилишини ифодалайди.
Соддароқ айтганда, бир хил тажриба ва малакага эга ходим бошқа шаҳардан Тошкентга кўчиб келганда, айнан жойлашув ҳисобига олиши мумкин бўлган маош ўсиши дунё шаҳарлари бўйича ўртача натижадан анча паст.
Остонадаги натижа эса глобал ўртачага яқинроқ. Яъни, бир хил малакали ходим Остонадаги иқтисодий муҳит сабаб Тошкентга нисбатан кучлироқ маош бонуси олади.
Тошкент ва Остонада маошлар қандай?
Фақат маошлар орасидаги фарқ икки шаҳар ўртасида (Тошкентдан Остонага нисбатан) 21,4 фоизни ташкил қилади. I чорак якуни бўйича Тошкентда ўртача расмий маош 11 млн 684 минг сўм бўлган.
Остонада эса шу даврда бу кўрсаткич 609 725 тенге ёки сўмда 14 млн 871 минг сўм бўлган.
Доллар ҳисобида Остона маоши тахминан 1 225 доллар, Тошкентники эса 962 доллар атрофида чиқади. Бу мақоладаги Тошкентнинг “city premium” кўрсаткичи Остонага нисбатан анча паст эканига қўшимча контекст беради.
Тошкент нега пастроқда?
Тадқиқот Тошкентдаги минус 36 фоизлик натижанинг аниқ сабабларини алоҳида таҳлил қилмаган. Шу сабабли бу кўрсаткични фақат битта омил билан изоҳлаб бўлмайди.
Аммо умумий хулосага кўра, йирик ва саноати хилма-хил шаҳарларда жойлашув бонуси одатда юқорироқ бўлади. Бундай шаҳарларда ходимлар кўпроқ компания орасидан иш танлайди, ўз малакасига мос лавозимни тезроқ топади ва юқори унумдорликка эга бизнесларда ишлаш имкониятига эга бўлади.
Ривожланаётган давлатлардаги йирик шаҳарлар эса юқори маошли ходимларни жалб қилганига қарамай, ҳамма учун бир хил даражада даромад ўсишини таъминлай олмаслиги мумкин.
Уй-жой танқислиги ва қимматлиги, тирбандлик, жамоат транспортидаги муаммолар, электр ва коммунал инфратузилма билан боғлиқ чекловлар шаҳарнинг иқтисодий афзалликларини камайтиради.
Энг самарали компаниялар ҳам шундай муаммолар сабаб етарлича кенгая олмайди ва кўпроқ ишчи ёллаш имкониятини йўқотади.
Натижада иш ўринларининг катта қисми унумдорлиги ва маоши пастроқ корхоналарда шаклланади. Ривожланаётган мамлакатларда ходимларнинг энг унумдор шаҳарларга ва ўша шаҳарлардаги энг самарали компанияларга тўлиқ тақсимланмагани даромадлар ўсишини чеклаётган асосий омиллардан бири сифатида кўрсатилган.
Бу муаммоларнинг бир қисми Тошкент учун ҳам долзарб. Пойтахт аҳолиси ва иқтисодий фаоллиги тез ўсаётган бўлса-да, транспорт, уй-жой ва инфратузилма ривожи ишчи кучи ҳамда бизнеслар ўсишига мос суръатда кетмаса, шаҳарнинг юқори маош яратиш имконияти чекланади.
Қаерда кўпроқ маош олиш мумкин?
Тадқиқотда энг юқори жойлашув бонуси Лихтенштейн пойтахти Вадуцда қайд этилган. Йирик давлатлар орасида эса АҚШ шаҳарлари етакчилик қилмоқда.
Сан-Франциско ва Нью-Йорк каби катта, аҳолиси зич ҳамда турли соҳалардаги компаниялар фаолият юритадиган шаҳарларда жойлашув бонуси юқори. Бундай шаҳарларга кўчиб борган ходимлар фақат номинал маошнинг катталигидан эмас, шаҳарнинг иқтисодий муҳити яратадиган қўшимча имкониятлардан ҳам фойдаланади.
Ўзбекистонликлар учун нисбатан оммабоп бўлган шаҳарлардан Москва +18 фоиз кўрсаткичга эга. Сеул шаҳрида эса жойлашув бонуси +81 фоизни ташкил қилади.
Бироқ юқори жойлашув бонуси кўчиб ўтиш учун етарли асос эмас. Уй-жой ва кундалик харажатлар, солиқлар, виза олиш имконияти, тил, иш топиш шартлари ҳамда ҳаёт сифати ҳам ҳисобга олиниши керак.
Тадқиқот LinkedIn фойдаланувчилари маълумотларига асосланган. Платформадан асосан олий маълумотли, малакали ва офисда ишловчи мутахассислар фойдаланади.
Шу сабабли натижалар бутун меҳнат бозори, жумладан норасмий, жисмоний ёки паст малакали меҳнат билан шуғулланувчи ходимлар ҳолатини тўлиқ акс эттирмаслиги мумкин.
Шунга қарамай, тадқиқот муҳим бир хулосани кўрсатмоқда: юқори даромад фақат инсоннинг билими ва тажрибасига эмас, у яшайдиган шаҳарнинг иқтисодий имкониятларига ҳам боғлиқ.
Тошкентдаги минус 36 фоизлик натижа эса пойтахт юқори малакали одамларни жалб қилиш билан бирга, уларнинг унумдорлиги ва маошини оширадиган шаҳар муҳитини ҳам кучайтириши кераклигини англатади.





