Logo

Лукашенко ўзбекистонликларга кўпроқ пул топиш учун Беларусда эмас, Россияда ишлашни тавсия қилди

Kecha 16:152 daqiqa

Беларус президенти Александр Лукашенко ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг маош ҳақидаги норозилигига муносабат билдириб, катта даромад излаётганларга Россияда ишлашни тавсия қилди.

Лукашенко ўзбекистонликларга кўпроқ пул топиш учун Беларусда эмас, Россияда ишлашни тавсия қилди © prezident.uz

Беларус президенти Александр Лукашенко 21 июль куни ўтказилган селектор йиғилишида Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш масаласига тўхталди. Унинг таъкидлашича, Беларусга келаётган меҳнат мигрантларининг асосий вазифаси гўшт ва сут ишлаб чиқариш бўлиши керак, юқори маош излаётганлар эса Россияда ишлаш имкониятини кўриб чиқиши мумкин.

Бу баёнот июль ойи бошида президент Шавкат Мирзиёевнинг Минскка ташрифи ортидан янгради. Ўшанда Лукашенко Ўзбекистон фуқароларини Беларусда яшаш ва меҳнат қилишга таклиф қилиб, мамлакатда ишчи кучи етишмаётганини айтган эди.

У Беларусь ўзбекистонликларни оиласи билан қабул қилишга, уларни иш, таълим ва тиббий хизмат билан таъминлашга тайёрлигини билдириб, мамлакатда бўшаб бораётган ҳудудларни аҳоли билан тўлдириш муҳимлигини таъкидлаганди.

Орадан кўп ўтмай Андижон вилоятидан 250 нафардан ортиқ фуқаро қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасида вақтинчалик ишлаш учун Беларусга йўл олди. Бироқ улар таклиф этилган ойлик — 500 АҚШ доллари кам эканини билдириб, бундай даромадни Ўзбекистоннинг ўзида ҳам топиш мумкинлигини айтди.

«Катта пул учун келсангиз, Россияга боринг»

21 июль куниги йиғилишда Лукашенко президент Шавкат Мирзиёев ундан биринчи навбатда иш ўринлари эмас, балки Ўзбекистонга гўшт ва сут етказиб беришни сўраганини маълум қилди.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда ер ва сув ресурслари чекланган, Беларусда эса бу имкониятлар етарли. Шунинг учун томонлар зарур қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш учун ўзбекистонлик ишчиларни жалб қилишга келишиб олган.

Лукашенконинг таъкидлашича, Беларусга келган меҳнат мигрантлари маҳаллий тизим асосида ишлайди ва уларга беларусликлар каби муносабатда бўлинади.

«Фақат пул топиш ва яхши маош олиш учун эмас, балки гўшт, сут ишлаб чиқариш учун. Гўшт ва сут ишлаб чиқаришса, биз буни уларнинг бозорларига сотамиз. Маош ҳам айнан шундан шаклланади», — деди у.

Беларус раҳбарига кўра, агар кимдир мамлакатга бир неча минг доллар ишлаш мақсадида келаётган бўлса, унда Россияда ишлашни танлагани маъқул.

«Улар у ерда (Россияда) нефть конларига, яна қандайдир йўналишларга ишга жойлашиши, ишлаши ва катта маош олиши мумкин», — деди Лукашенко.

Унинг сўзларига кўра, Беларусда иш ҳақи ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмига боғлиқ бўлади: маҳсулдорлик қанча юқори бўлса, даромад ҳам шунча ортиб боради.

Шунингдек, Лукашенко меҳнат мигрантларига соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида беларусликлар билан тенг ҳуқуқлар берилишини ҳам таъкидлади.

Йиғилиш якунида у ҳудудлар раҳбарларига хорижий ишчиларни жалб қилиш масаласини ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб ҳал қилишни топширди.

«Агар сизга четдан одам керак бўлмаса, олманг. Мен сизни уларни олишга мажбурламайман», — деди Беларусь президенти.

Эслатиб ўтамиз, 21 июль куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти танқид қилинди. Йиғилишда Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси инвестиция ва ташқи савдо йўналишидаги ишлари қониқарсиз деб топилиб, лавозимидан озод этилди.

Teglar

Mavzuga oid