Ўзбекистонда суғурта бозори учун янги имкониятлар яратилди
Энди автомобилни ҳайдовчилар сони чекланмаган ҳолда суғурталаш мумкин бўлади. Шунингдек, суғурта товонини олиш тартиби енгиллаштирилиб, электрон тижорат соҳаси учун янги талаблар жорий этилмоқда.
© the-sun.comЎзбекистонда суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш ҳамда электрон тижорат соҳасини тартибга солишга қаратилган қонун қабул қилинди. Бу ҳақда 2026 йил 22 июнда қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунда белгилаб қўйилди.
Қонун ҳужжатларига киритилган қўшимчаларга кўра, транспорт эгаси транспортнинг сони чекланмаган ҳайдовчилар томонидан бошқарилишида уларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш мақсадида мажбурий суғурта шартномасини тузишга ҳақли.
Транспорт эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича ҳайдовчилар сони чекланмаган ҳолда фойдаланиш шарти билан расмийлаштирилган суғурта шартномасида транспорт мулкдори ва унинг яқин қариндошлари, транспорт воситасининг эгаси кўрсатилмайди.
Ҳайдовчиларнинг танловига кўра айбдор тарафнинг суғурталовчисидан суғурта товонини олиш мақсадида суғурта ҳодисасини тўғридан-тўғри ҳал этиш тўғрисидаги ариза ўрнига суғурта товонини тўлаш ҳақидаги ариза расмийлаштирилиб, айбдор тарафнинг суғурталовчисига мурожаат қилиниши мумкин.
Бунда ариза айбдор тарафнинг суғурталовчиси томонидан кўриб чиқилиши лозим.
Қонун билан яна бир муҳим норма ҳам белгиланди. Ҳаёти ва соғлиғи давлат томонидан мажбурий суғурталанадиган шахсларнинг бир вақтнинг ўзида бюджет маблағлари ҳисобидан иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталанишига йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, электрон тижорат операторлари учун фаолиятни бошлаш ёки тугатиш ҳақида ваколатли давлат органини хабардор қилиш тартиби жорий этилди. Мазкур ўзгаришлар электрон савдо бозорини янада шаффофлаштириш ва давлат назорати механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда инсофсиз суғурта агентларининг очиқ реестри юритилиши ҳақида хабар берган эдик.





