Хитойда одамлар юзини СИ лойиҳалари учун ижарага бермоқда
Махсус онлайн платформалар фойдаланувчиларга юзидан фойдаланиш ҳуқуқи учун 15 доллардан 700 долларгача ҳақ тўламоқда. Бу усул тарафдорлари буни янги даромад манбаи деб ҳисобласа, ҳуқуқшунослар шахсий маълумотлар хавфи ҳақида огоҳлантирмоқда.
© Foto: gagadget.comХитойда инсонлар ўз ташқи кўринишидан сунъий интеллект (AI) орқали яратиладиган реклама, видеоўйинлар ва қисқа сериалларда фойдаланиш учун рухсат бериб, пул ишлаш имкониятига эга бўлмоқда. Бу ҳақда «Rest of World» хабар берди.
Махсус онлайн платформалар фойдаланувчиларга юзидан фойдаланиш ҳуқуқи учун 15 доллардан 700 долларгача ҳақ тўламоқда. Бу усул тарафдорлари буни янги даромад манбаи деб ҳисобласа, ҳуқуқшунослар шахсий маълумотлар хавфи ҳақида огоҳлантирмоқда.
Юзни ижарага бериш қандай ишлайди?
Фойдаланувчилар ўз расмларини юклайди ёки махсус студияларда видео тасвирга тушади. Кейин уларнинг тасвирлари продюсерлар қидирадиган махсус каталогларга жойланади. Ишлаб чиқарувчилар керакли қиёфани жанр бўйича танлаши мумкин: масалан, триллер, комедия ёки мелодрама. Инсонлар эса ўз юзидан қаерда фойдаланиш мумкинлигини белгилайди ва нархни лойиҳа тури ҳамда сонига қараб ўрнатади.

Бундай бизнес моделни биринчи бўлиб «ActID» ва «New Claw» каби платформалар таклиф қилган. «New Claw» маълум қилишича, тайёр юз лицензиясидан фойдаланиш тирик актёрни жалб қилишдан анча арзон.
Маълумотларга кўра, 2026-йилнинг дастлабки уч ойида Хитойда смартфонлар учун мўлжалланган 128 мингта қисқа вертикал сериал ишлаб чиқарилган. Уларнинг 95 фоиздан ортиғи сунъий интеллект ёрдамида яратилган. Бу бозор ҳозирда миллиардлаб долларга баҳоланмоқда.
Юзларни ноқонуний ишлатиш муаммоси
Сунъий интеллект одамларнинг шахсий ҳуқуқлари ва муаллифлик ҳуқуқлари бўйича кўплаб баҳсларни келтириб чиқарди. АҚШда бундай муаммолар асосан машҳур инсонлар билан боғлиқ бўлган. Масалан, актёрлар Том Хэнкс ва Скарлетт Йоханссон ўзларининг рухсатисиз рақамли нусхалари яратилганидан норози бўлган.
Хитойда эса бу муаммо оддий одамларга ҳам таъсир қилмоқда. Кўплаб инсонлар ўз юзлари улар ҳеч қачон иштирок этмаган сериалларда ишлатилганини аниқламоқда. 2026-йилнинг апрель ойида «ByteDance» компаниясига тегишли «Hongguo» платформаси шундай айбловларга дуч келди. Икки блогер уларнинг ташқи кўриниши сунъий интеллект сериалида рухсатсиз ишлатилганини билдирди. Видео 40 миллиондан ортиқ марта кўрилган, аммо кейин ўчириб ташланган.
Йил бошидан бери «ByteDance» бошқаларнинг юзи ва овозидан ноқонуний фойдаланилган 85 мингта видеони ўчирган. 2026-йилнинг март ойида Пекин интернет суди инсон розилигисиз юз алмаштириш технологияси орқали видео яратиш қонунга зид эканини белгилади.
Ҳуқуқий хавфлар
Сўнгги уч йил ичида Гуанчжоу интернет суди сунъий интеллект орқали юзлардан ноқонуний фойдаланиш бўйича 700 га яқин ишни кўриб чиққан. Хитой ҳуқуқшуносларининг таъкидлашича, платформалар ноқонуний дипфейклар, шахсий маълумотларни рухсатсиз йиғиш ёки расмларни янги AI моделларини ўқитиш учун ишлатилишининг олдини тўлиқ ола олмайди. Юз лицензияси билан ишлайдиган платформалар эса бу хизмат одамларга ўз ташқи кўриниши устидан назорат қилиш ва AI контенти орқали қонуний даромад олиш имконини беришини таъкидламоқда.
Бироқ мутахассисларнинг огоҳлантиришича, биометрик маълумотлар сунъий интеллект тизимларига тушгандан кейин инсон улар устидан назоратни бутунлай йўқотиши мумкин. Айрим компаниялар ҳақиқатан ҳам қаҳрамонларни реалроқ қилиш учун лицензияланган юзлардан фойдаланмоқда. Аммо кўплаб қисқа сериаллар тўлиқ сунъий интеллект ёрдамида яратилмоқда.
Экспертлар бу жараён бутун дунё бўйлаб кенгайиб бораётганини таъкидламоқда. Масалан, стриминг гиганти «Netflix» ҳам тахминан 300 та лойиҳада генератив сунъий интеллектдан фойдаланган.





