Logo

Миллий жамоа Каннаваронинг тажриба қуёнчаси эмас! Португалия билан ўйиндаги шармандалик хроникаси

Kecha 16:093 daqiqa

Ўзбекистон миллий жамоаси Жаҳон чемпионати 2-турини турнир фаворитларидан бири Португалияга қарши ўтказиб, жавобсиз 5 та гол қабул қилиб олди. Рақибнинг биринчи ўйинига алдандик ёхуд мундиалнинг энг кўп маош оладиган мураббийларидан бири танлаган таркиб португалларнинг ишини енгиллаштириб берди.

Каннаварога саволлар

Бошланғич таркиб ҳаммани ҳайратда қолдирди. Аввало, бундай катта турнирларда дарвозабонни 2-турдаёқ алмаштириш, яна жаҳоннинг 5-жамоасига қарши — тушуниш қийин. 1-турдаги голларда Ўткир Юсуповнинг яққол хатоси бор эди деб айтиш қийин. Ҳа, Диаснинг зарбасини қайтарса бўларди гўё. Аммо буни ҳам қўпол хато деб бўлмайди. Мундиал йўлида бутун саралаш циклини тўлиқ ўтказган ва ҳимоя чизиғимизни яхшироқ тушунадиган асосий посбонни Абдувоҳид Неъматовга алмаштириш фойда бермади. Ёш дарвозабон камида икки голда қутқариши мумкин эди.

Одил Ҳамробеков. Жароҳатидан энди тикланган ва Эрон чемпионатидаги танафсус сабаб 6 ойдан бери деярли ўйнамаган яримҳимоячини 1-турдаги голимизнинг бунёдкорларидан бири Акмал Мозговой билан алмаштиришни оқлаб бўлмайди. Ҳамробеков умуман ўйин темпига туша олмади ва рақибга жарима зарбаси совға қилиб, Мендешнинг голига асосий сабабчи бўлди. Каннаваро хатосини тушуниб, танафсусдан кейин Одилни Акмалга алмаштирди. Аммо поезд кетиб бўлганди.

Шерзод Насруллаев. Биринчи ўйинни ёмон ўтказиб, танафсусда захирага олинган ҳимоячига иккинчи ўйинда ҳам ишонч билдирилди ва португаллар айнан унинг қанотидан ортиқча қийинчиликсиз, шунчаки тезлик эвазига ўтиб кетаверишди. Биринчи гол ҳам айнан чап қанотдан амалга оширилган узатмадан сўнг урилди. Шерзодда брак(хато)лар ҳам етарлича бўлди. Каннаваро уни яна танафсусда алмаштирди ва бу орқали яна бир хатосини тан олди. Қизиғи, Насруллаевнинг ўрнига чап қанот ҳимоячиси, биринчи турда яхши ҳаракат қилган Фарруҳ Сайфиев эмас, аслида ўнг қанотда ўйнайдиган Ҳожиакбар Алижонов туширилди. Тушунарсиз. Доим ўнг қўлда овқат еб юрган одам бирдан чап қўлида қошиқ ушлагиси келиб қолди.

Ўйин давомидаги бошқа ўзгаришларни ҳам тушуниш қийин. Бизга гол керак эди, 3 тадан ортиқ паслар сериясини амалга ошира олмаяпмиз. Жамшид Искандеров қани? Яна захирада қолдирилди. 60-дақиқаларда уни тушириб, кўпроқ вазият яратсак бўлмасмиди? Элдор бечора ортга қайтиб, ўзига ўзи имконият яратаман деб тили осилиб қолди ахир. Фабио Жамшидни керак эмас деб ҳисоблади ва баҳсни жуда ёмон ўтказганлардан бири Отабек Шукуровни 90 дақиқа майдонда қолдирди.

Энг аламлиси: Португалия бор кучи билан ўйнамади

Португалия эконом режимда ҳаракат қилди. Роберто Мартинес иккинчи бўлим бошидаёқ ўзгаришлар қилиб, куч тежаш йўлини танлади. Истаса, «Европа Бразилияси» 5 тадан кўпроқ ҳам гол ура оларди.

Рақиб иккинчи бўлимда машғулот ўтказди деса ҳам бўлади. Стандарт вазиятларда турлича уй вазифаларини синаб кўрди. Баъзан тўпни шунчаки олиб юрди, баъзан бизга топшириб "қани, нима қила оласан?" деб тин олди. Финалгача боришни мақсад қилган Португалия кучини плей-оффларга сақламоқда. Роналду ва жамоадошлари танқидларга қийинчиликсиз жавоб қайтара олишди. 41 ёшли юлдузнинг 1000 та голлари орасидан Ўзбекистон билан ўйиндаги дубль ҳам ўрин оладиган бўлди.

Аслини олганда Португалияга ютқазишимиз — кутилган натижа. Аммо бунчалик осон таслим бўлишимиз кутилмаганди.

Яна математика, аммо бу сафар Жаҳон чемпионатида — ўсиш бор.

Жамоамизда имконият сақланиб қолиши учун тонгда туриб, Колумбияга мухлислик қилдик. Чунки Конго ютиб қўйса, 3-тур шунчаки расмиятчиликка айланарди ва Ўзбекистон 2-турдан кейин турнирни тарк этиши аниқ бўлган жамоалар қаторига қўшиларди. Биз мухлислик қилган Колумбия ғалабага эришди ва муддатидан аввал плей-офф масаласини ҳал қилди.

Хўш, Ўзбекистон кейинги босқичга чиқиш учун нима қилиши керак? Аввало, бошқа гуруҳлардаги 3-ўрин эгаларидан 4 тасининг 3 очкодан кам тўплашига умид қилиш керак. Чунки 12 та гуруҳдаги 3-ўрин эгаларидан натижаси яхшироқ бўлган 8 таси плей-offга йўл олади. Ўзбекистон максимал 3 очко тўплаши мумкинлигини ва тўплар нисбатимиз ёмонлигини инобатга олсак, қолган гуруҳлардаги 3-ўринлардан 4 таси 3 очко олма广ани маъқул.

Гуруҳларга назар ташласак, шундай бўлиши ҳам мумкин. Умид бор. Ўзбекистоннинг гуруҳидаги 3-тур баҳслари келгунича, кўп нарса аниқ бўлади.

Иккинчи масала. Математик имкониятлар бизнинг фойдамизга ишлаган тақдирда, ўзимиз ҳам ғалаба қозонишимиз керак. Рақиб — Португалияга ютқазмаган ва Колумбиядан фақат 76-дақиқага келиб тўп ўтказган Конго ДР. Жисмоний жиҳатдан кучли бўлган Африка вакилига ҳам кейинги босқичга чиқиш учун ғалаба керак. Каннаваро хатолардан тўғри хулоса чиқарадими? Йигитлар тарихий очко(лар)ни қўлга киритишадими? Буни 28 июнь тонгида билиб оламиз.

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 108

Barchasi

Mavzuga oid