Logo

Португалиядан йирик мағлубият: статистика Ўзбекистонни оқлаяптими?

Kecha 17:152 daqiqa

Португалиядан қабул қилинган оғир мағлубият танқидларга сабаб бўлди. Аммо 19 минг ўйин таҳлили бу натижа кутилмаган эмаслигини кўрсатмоқда.

Португалиядан йирик мағлубият: статистика Ўзбекистонни оқлаяптими? © Foto: ufa.uz

Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Португалияга қарши ўйиндаги йирик мағлубияти футбол жамоатчилигида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бироқ иқтисодчи Миркомил Холбоев келтирган таҳлил натижалари мазкур натижани кенгроқ контекстда баҳолаш зарурлигини кўрсатади.

ФИФАнинг сўнгги рейтингига кўра, Португалия дунёда 9-ўринни эгаллаган бўлса, Ўзбекистон 54-ўринда жойлашган. Яъни икки жамоа ўртасида 45 поғоналик фарқ мавжуд. Бу эса халқаро футбол амалиётида сезиларли тафовут ҳисобланади.

Миркомил Холбоев 1992 йилдан кейинги барча ФИФА рейтинглари ва расмий учрашувлар маълумотларини таҳлил қилган. Таҳлил қамровига 19 мингга яқин расмий ўйин киритилган бўлиб, уларнинг 8,5 мингтасида жамоалар рейтинги ўртасидаги фарқ 40 поғонадан юқори бўлган.

mikronomika

Manba: Mirkonomika

Рейтинг нима дейди?

Маълумотларга кўра, рейтингда юқори турган жамоалар бундай ўйинларнинг 71,3 фоизида ғалаба қозонган. Фақат 10,8 фоиз ҳолатда рейтингда анча паст жойлашган жамоа сенсация қайд этган. Қолган 17,9 фоиз учрашувлар дурранг билан якунланган.

Агар фаворит жамоа ФИФА рейтингининг топ-10лигига кирса, рейтингда ундан камида 40 поғона паст турган рақибнинг ғалаба қозониш эҳтимоли 7,5 фоизгача тушади.

Таҳлил яна бир муҳим жиҳатни кўрсатади. Рейтингда камида 40 поғона юқори бўлган жамоа ғалаба қозонган ўйинларнинг 42,8 фоизида ҳисобда уч ёки ундан ортиқ тўп фарқи қайд этилган. Бошқача айтганда, бундай қарама-қаршиликларда йирик ҳисоблар деярли ҳар икки ўйиндан бирида учрайди.

Ўзбекистон тажрибаси

Ўзбекистон миллий жамоаси 1992 йилдан буён ўзидан рейтингда 40 ёки ундан кўпроқ поғона юқори турган рақибларга қарши 29 марта майдонга тушган. Бу учрашувларнинг 4 тасида ғалаба қозонилган, 11 тасида эса дурранг қайд этилган. Демак, жамоа мазкур баҳсларнинг ярмидан кўпроғида мағлубиятдан қутула олган.

ФИФА рейтингининг топ-20лигига кирадиган жамоалар билан Ўзбекистон беш марта тўқнаш келган. Улардан иккитаси дурранг билан тугаган бўлса, учтасида мағлубият қайд этилган. Бу рўйхатга Португалия, Колумбия ва уч мартаги Японияга қарши баҳслар киради.

Шу билан бирга, Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, кечаги учрашув Ўзбекистоннинг юқори рейтингли рақибларга қарши одатий ўйинлари билан таққослаганда анча заиф ўтган. Бироқ катта статистик база нуқтаи назаридан қаралса, бундай фарқ мавжуд бўлган жамоалар ўртасида фаворитнинг ғалабаси ва ҳатто йирик ҳисоблар кузатилиши табиий ҳол ҳисобланади.

«Шу маънода кечаги натижадан норози бўлиш унчалик тўғри эмас. Албатта, ҳаммаси бундан яхшироқ бўлиши мумкин эди. Лекин шу ўйиннинг ўзи ҳам жамоамиз учун жуда муҳим тажриба вазифасини ўташи шубҳасиз», — дейди Миркомил Холбоев.

Teglar

Mavzuga oid