Рақобат қўмитаси дори рекламаларидаги чалғитувчи иборалардан огоҳлантирди
Қўмита, шунингдек, инсон саломатлиги билан боғлиқ реклама истеъмолчиларда шифокорга мурожаат қилиш шарт эмас, деган фикрни шакллантирмаслиги кераклигини эслатди.

Рақобат қўмитаси истеъмолчиларни дори рекламаларидаги чалғитувчи иборалардан огоҳлантирди.
Маълум бўлишича, сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда тарқатилаётган айрим дори воситалари рекламаларида истеъмолчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган иборалар қўлланилаётгани кузатилмоқда.
Жумладан, рекламаларда «ноёб», «энг самарали», «энг хавфсиз», «кафолатланган натижа», «энг ишончли восита», «тез даволайди», «ножўя таъсирлари мавжуд эмас» ва «самараси исботланган» каби иборалар ишлатилмоқда.
Рақобат қўмитаси бундай маълумотлар истеъмолчиларда дори воситаларининг хусусиятлари ҳақида нотўғри тасаввур уйғотиши, шифокор маслаҳатисиз ўзини ўзи даволашга ундаши ҳамда саломатлик учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
«Инсон саломатлиги билан боғлиқ реклама истеъмолчиларда шифокорга мурожаат қилиш шарт эмас, деган фикрни шакллантирмаслиги лозим», — дейилади қўмита хабарида.
Қонунчилик нима дейди?
«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 34-моддасига мувофиқ, дори воситалари рекламаларида шифокор маслаҳатисиз даволаниш мумкинлиги ҳақида таассурот уйғотиш, олимлар, тиббиёт ходимлари ёки машҳур шахсларнинг тавсияларидан фойдаланиш, алоҳида шахсларнинг миннатдорлик изҳорлари ва муваффақиятли даволаниш ҳолатларини келтириш тақиқланди.
Шунингдек, дори воситасини энг самарали, энг хавфсиз ёки ноёб восита сифатида тақдим этиш, унинг таъсири кафолатланганини даъво қилиш ҳамда бошқа дорилар билан нотўғри таққослашларга йўл қўйилмайди.
Қўмита реклама берувчилар ва реклама тарқатувчиларни қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга, фуқароларни эса дори воситаларини танлашда фақат рекламаларга эмас, шифокор тавсияларига таянишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси монополь корхоналарни асоссиз нарх оширмасликка чақирганди.





