
Рақобат қўмитаси пропан нархларининг сунъий ошириш юзасидан иш қўзғатди
Рақобат қўмитаси метан чекловлари даврида суюлтирилган газ — пропан нархларини сунъий ошириш аломатлари бўйича иш қўзғатди.

Рақобат қўмитаси 2025 йил ноябр–декабр ойларида метан газига вақтинчалик чекловлар жорий этилган шароитда суюлтирилган газ нархларини асоссиз ошириш аломатлари бўйича расмий иш қўзғатди. Қўмита маълумотларига кўра, айрим бозор иштирокчилари ушбу вазиятдан фойдаланиб, нархларни сунъий равишда кўтаришга уриниш қилган.
Қўмита ушбу даврда бозор барқарорлигини сақлаш мақсадида хўжалик юритувчи субъектларга профилактик огоҳлантиришлар юборган. Уларда метан газига қўйилган чекловлардан фойдаланиб, суюлтирилган газ нархларини асоссиз оширмаслик қатъий талаб этилган эди. Бу чоралар бозорда адолатли рақобат тамойилларини таъминлашга қаратилган.
Шунга қарамасдан, текширувлар давомида айрим компаниялар томонидан манипуляция ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар аломатлари аниқланган. Бундай ҳаракатлар рақобат қонунчилигига зид бўлиб, истеъмолчилар манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилмоқда.
Аниқланган ҳолатлар асосида Қўмита томонидан қонунбузилиши аломатлари юзасидан тегишли иш қўзғатиш жараёнлари бошланган. Текширувлар натижасига кўра, айбдор деб топилган субъектларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар қўлланилиши мумкин.
Шу билан бирга, биржа савдоларида нархларни барқарорлаштириш мақсадида қўшимча «коррекциялаштирувчи» чоралар амалга оширилмоқда. Хусусан, бозор иштирокчиларига суюлтирилган газни биржага тўлиқ ҳажмда ва узлуксиз тарзда чиқариш бўйича кўрсатмалар берилган. Бу чоралар бозорда сунъий танқислик ва кескин нарх ўзгаришларининг олдини олишга қаратилган.
2025 йил июн ойида суюлтирилган газ — пропан нархи биржа савдоларида 30 фоизга ошгани қайд этилган.
Миллий статистика берган маълумотга кўра, октабр ойида пропан нарх 3,3 фоизга ошган.
Аввалроқ Рақобат қўмитаси ички бозорда маҳаллий пропан ҳажми қисқариб, импорт ҳиссаси ортиши нарх шаклланишига босим ўтказётганини билдирган эди.





