
«Ягона норозилик нотаси берилиши керак» — фикр етакчилари Соловёвнинг таҳдидли чиқиши ҳақида
Россиялик телебошловчи Владимир Соловёвнинг жонли эфирда Марказий Осиё республикалари ва Арманистонни «Россиянинг таъсир доираси» остида эканини айтиб, исталган вақтда уруш очиш мумкинлигини таъкидлади.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа Соловёвнинг чиқиши юзасидан ўз фикрларини билдирди.
«Владимир Соловёв илгари маскировка қилишга уриниб келишган нарсани жонли эфирда очиқча айтиб қўйди: халқаро ҳуқуққа тупуриб қўйса бўлади, северенитет — шунчаки қоғоздаги нарса, ўзга давлатларни эса «таъсир остидаги ҳудуд» деб аташ мумкин.
«Бизнинг Осиё» формуласи — тасодифан айтиб юборилган ибора эмас, соф мустамлакачи тили, бундай давлатлар объектга, чегаралар эса шунчаки тўсиққа айланади.
Айниқса бир жиҳат эътиборли: худди шу инсон қачонлардир омма олдида чиқиш қила туриб, Украинага ҳужум қилиш — фалокат сари йўл ва мудҳиш жиноят дея таъкидлаган эди. Бугунга келиб, бу «жиноят» ҳеч қандай тебранишларсиз «зарурият»га айлантирилди. Бирор нарсани тушунтиришнинг имконини топа олмаса пропаганда айнан шунақа ишлайди: у дарҳол ўз хотирасини ўчириб ташлайди ва томошабинга ҳам шундай қилишни таклиф қилади.
Албатта, Соловёв худди булбулигўё каби, айтган гапининг оқибатига жавоб бермасдан баланд овозда, авжли қилиб, чиранганча сайрамоқда, дейиш ҳам мумкин. Яна бу Россия олий доираларининг позицияси эмаслиги, мамлакат ички аҳолисига таъсир кўрсатиш учун навбатдаги пропагандистик номер эканига ишонгинг келади. Лекин яқин тарих бунақанги «хонишлар» шунчаки гап сифатида қолиб кетмаётганини тез-тез исботлаб турибди.
Бекорга Хитой файласуфи Лао Жи эрамиздан аввалги VI асрдаёқ огоҳлантирмаган: «Фикрларингиздан эҳтиёт бўлинг — чунки улар қилмишларингизнинг дебочасидир».
Оммавий сиёсатда очиқчасига айтилган фикрлар энди бу файласуфлик эмас. Бу ҳаракатлар репитицияси. Бу ҳато баҳс ҳам, таҳлил ҳам эмас. Бу урушни сиёсат қуроли воситаси ўлароқ нормаллаштириш.
Украина прецедентга айланди, Марказий Осиё — тилга олинган фантазиялар предмети, «таъсир остидаги ҳудуд» — хавфсизлик қобиғига ўралган ҳар қандай зўравонлик учун универсал оқловга айланмоқда.
Экрандан туриб, «ҳуқуққа тупурилсин» деб турилганда, гап риторика ҳақида бормайди асло. Гап — ниятда! Тарих бундай баёнотларни ҳиссиёт билан айтилган, деб эслаб қолмайди, далил сифатида қайд этади. У ҳар доим бир хил тарзда —эфирда чиқиш қилиб тузатиб бўлмайдиган оқибатлар билан якун топади.
Бу мантиқнинг давоми кундек равшан ва шу сабабдан ҳам ўта хавфли. Токи халқаро ҳуқуқ «амал қилиш шарт эмас», суверенитет — шартли деб топилар экан, пропаганда чизиб бераётган дунёда на иттифоқчилар, на келишувлар, на кафолатлар қолади. Фақат номи «хавфсизлик» деб ўзгартирилган кучли томоннинг ҳуқуқи қолади.
Бундай дунё манзарасида давлатлар ортиқ субъект бўлолмайди — улар уёқдан бу ёққа суриш, ўчириб ташлаш, жорий телевизон важ-корсонларга кўра ўзлаштириб олиш мумкин бўлган харита парчаларига айланади. Бугун эфирда гўёки оғзидан гуллаб қўяди, эртага сиёсий тилда мустаҳкамлашади, индинга ҳаракатга айланади. Айнан шу тарзда сўз шунчаки сўз бўлиб қолмасдан, механизмга айланади.
Тарих бу йўлларни босиб ўтган. Аввал — риторикада бошбошдоқликка индалмайди. Кейин — тушунтиришларда зўравонликка даъват одати. Энг сўнгига келиб эса — нега «ҳеч ким тушунмаётгани» ва «кутилмаганда ҳамма бирданига қарши туриб олгани»дан ҳайратланиш. Пропаганда доим оқибатларни ҳам кечаги баёнот қандай осонгина берилган бўлса, шу тарзда осонгина бекор қилиш мумкин, деб ўйлайди. Лекин реаллик бунақа ишламайди.
XXI асрда уруш эълон қилишга ортиқ ҳожат йўқ. Уни нормаллаштириш етарли. Бир неча бор «бизга мумкин», «шундай қилиш керак», «бошқачаси мумкин эмас» дейилса бас. Овертон туйнуги ҳам айнан шундай ишлайди: кеча — ақлбоварқилмас ҳолат, бугун — муҳокама мавзуси, эртага — эҳтимолли, индинга — амалга оширилаётган нарса. Худди шунинг учун бу каби эфирлар мазмуни эмас, функцияси билан хатарли — улар мумкинлик чегарасини суради ва жамиятни кейинги қадамга тайёрлайди.
Бу ерда савол биргина телебошловчига эмас. Савол бундай формулаларни имконли деб қабул қилаётганларда. Чунки ҳар сафар агрессия сўзларда оқланиб турилса, у ҳаракатларга яқинлашаверади. Ҳар сафар ҳуқуқни тўсиқ деб эълон қилишса, дунё кейинчалик «мажбур бўлинган» дея тушунтириладиган навбатдаги фалокатга бир қадам яқинлашаверади.
Пропагандадан фарқли ўлароқ, тарих ҳеч нарсани унутмайди. У шунчаки овоз чиқариб айтилган гап танлов онгли тарзда амалга оширилгани учун етарли далил бўлишини кутиб туради, холос», деб ёзди профессор Шерзодхон Қудратхўжа.
Журналист Илёс Сафаров ҳам Соловёвнинг чиқиши юзасидан ўз фикрларини билдирди.
«Владимир Соловёвнинг Марказий Осиёда ҳам «махсус ҳарбий операция» ўтказиш мумкинлиги ҳақидаги баёноти — бу шунчаки ҳайп эмас, балки Россия пропагандасининг энг тажовузкор ва хавфли йўналишларини ифодаловчи сиёсий сигналдир.
Сир эмас, рус пропагандаси — ҳақиқатни бузиш, қўрқув ва адоватни ишлаб чиқаришга хизмат қиладиган заҳарли ахборот маҳсулоти. Соловёв эса айни шу заҳарни оммага етказадиган энг фаол ва тажовузкор узаткичлардан бири. Соловёв Путинга яқин шахс сифатида кўп ҳолларда Кремл доираларида шаклланаётган қарашларни оммага мослаб, баландроқ ва кескинроқ шаклда ифодалаб келади, шу боис ҳам унинг бу чиқишини оддий телемулоҳаза даражасида баҳолаб бўлмайди.
Бу риторика шунингдек, халқаро ҳуқуқни четга суриб, мустақил давлатларга «таъсир доираси», деган тушунча орқали босим ўтказишни нормал ҳолат сифатида кўрсатишга уриниш ҳам. Бундай ёндашув у етиб борадиган жамиятлар онгини зўравонлик ва ҳарбий аралашувга олдиндан тайёрлашга хизмат қилади. Айниқса, Марказий Осиё каби геосиёсий жиҳатдан «сезгир» минтақа учун бу каби баёнотлар реал хавф сифатида қабул қилиниши керак.
Такрорлайман, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари бу чиқишни шунчаки телебаҳс, оддий шов-шувли фикр эмас, балки Россия сиёсий тафаккурида мавжуд бўлган хавфли тенденциянинг очиқ ифодаси сифатида баҳолаши керак. Шу сабабли, суверенитет ва ҳудудий яхлитликка очиқдан-очиқ шубҳа солаётган Соловёв каби шахслар энг камида хоҳланмайдиган шахс (персона нон грата) сифатида белгиланиши мантиқан асосли қарор бўлади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нимани кутяпти, ишлацин ўтган йили кучга кирган янги тартибни. Қонунлар «антиквар» эмаски, ишлатмасдан сақлаб қўйилса. У аввало давлатлар суверенитетини менсимайдиган шундай нусхалар учун ишлаши керак. Чунки бугун пропаганда тилида айтилган фикрлар эртага амалий сиёсий қарорларга айланиши тарихда кўп бор исботланган, исботланяпти ҳам.
Жамоатчилик фаоли Азиза Умарова Соловёвнинг ушбу чиқишидан сўнг эфирлардан олиб ташланган «Отамдан қолган далалар» филмини экранларга қайтариш ташаббусини илгари сурди.
«Владимир Соловёвнинг баёнотидан сўнг, эҳтимол, ниҳоят Шухрат Аббасовнинг «Отамдан қолган далалар» филмини эфирга чиқариш вақти келгандир?
Бадиий шаклда — узун матнларни ўқишга ва чуқур мулоҳаза қилишга ўрганмаган томошабин учун ҳам тушунарли ва очиқ тарзда — филм икки соат ичида муносабатлар эволюциясини тўлиқ кўрсатиб бера олади. Филм премйерасидан сўнг дарҳол тақиқланган ва 1997 йилдан бери оммавий майдонда намойиш этилмаган (фақат YouTube’га жойланган).
Филм Тоғай Муроднинг романи асосида суратга олинган бўлиб, у ўтмиш ва оддий одамлар ҳаёти ҳақидаги ниҳоятда лирик, таъсирчан ва ростгўй бадиий мулоқотнинг кам учрайдиган намунасидир. Бундай асарлар мактабларда тарих дарсларининг бир қисми бўлиши, шунингдек, телевидение эфирларида янграб туриши керак — чунки айнан улар маънавий иммунитетни шакллантиради ва бундай баёнотларнинг мазмун-моҳиятини англашга ёрдам беради», деб ёзган фаол ўзининг «Facebook»даги саҳифасида.
Иқтисодчи Отабек Бакиров рус пропагандист журналистининг бу чиқишини қиморбозлардан калтак еган муштумзўрнинг аламини тинч кетаётган одамлардан олганига ўхшатди.
«Сурия ва Венесуэладан тепилганларнинг пропагандачиси минтақамизга таҳдид қилаяпти. Бу худди қиморбозлардан калтак еб, афти мажақланган муштумзўр ўз йўлида тинч кетаётганларга дағдаға қилишига ўхшайди.
«Уч кун қор ёғувди, қорини курай олмай ётишипти. Дағдағасига ўласанми? Ўзинг ҳар йили миллион аҳолининг қуриб, ботаётган бўлсанг, ҳар йили 2 миллионга ўсаётган 85 миллионлик Марказий Осиёга дўқ уришингга бало борми?» — деб савол қўйган иқтисодчи.
Иқтисодчининг фикрича, нима бўлганда ҳамм бундай пўписаю баёнотларни жавобсиз қолдирмаслиги, Марказий Осиё давлатлари биргаликда нота бериш керак, ягона позицияда эканимизни кўрсатиш керак.




