
Қодировнинг ўғли ЙТҲдан сўнг Дубайга олиб кетилди: Грознийда нима гаплар?
Баъзилар 2025 йил бошида Рамзан Қодиров Владимир Путин билан уришиб қолгани ҳақида ҳам ёзишмоқда.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг кенжа ўғли Адам яқинда юз берган ЙТҲда дастлаб хабар қилинганидек оғир жароҳат олмаган. У ҳозир Дубайда. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Қайд этилишича, кузатувчилар (асосли равишда) 18 ёшли Адам Москвадаги Боткин шифохонасида даволанаётганини тахмин қилишган эди. Бироқ, 18 январ куни уни Москвага олиб борган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тиббий борти Дубайга учиб кетган, у ерда Қодиров қариндошларининг бир нечта виллалари ва «захира аэродроми» мавжуд.
Арзимас жароҳатлар
«ВЧК-ОГПУ» Telegram-канали манбаларга таяниб хабар беришича, дастлаб оғир деб баҳоланган Адам Қодировнинг аҳволи Москвадаги Боткин шифохонасига ётқизилганидан кейин яхшиланган. Канал Адамнинг соғлиғи ҳақида бошқа тафсилотларни келтирмаган.
Бироқ, NIYSO мухолифат ҳаракати ва «Новая газета Европа» Адам ҳаётига хавф туғдирмайдиган бир нечта арзимас жароҳатлар олгани ҳақида ёзган. NIYSO жағ суяги синиши ва юздаги тирналишлар ҳақида хабар берган бўлса, «Новая-Европа» — эҳтимолий бош мия чайқалиши ва лат ейишлар ҳақида ёзди. Хавфсизлик камарлари ҳамда ёстиқчалари унга жиддий жароҳатлардан сақланишга ёрдам берган.
Аввалроқ, «Кавказ.Реалии» ЙТҲдан кейин Адам Грозний касалхонасининг реанимациясига ҳушсиз ҳолатда олиб келингани ҳақида ёзган эди. Шифохонадаги гувоҳлар унинг аҳволи шу қадар оғир бўлганидан Қодировнинг ворисини «таниб бўлмасди» деб даъво қилишган.
Дубайга парвозлар
«Важные истории» каналининг ёзишича, кичик Қодиров ФВВнинг «учувчи госпитали»да Москвадаги Боткин шифохонасига олиб борилган. Ўша ФВВ борти 18 январ куни эрталаб аввал Москвадан Дубайга учган, қўнганидан бир ярим соат ўтиб Грознийга йўл олган, 19 январ куни эрталаб эса яна Москвага қайтган.
Сизиб чиққан маълумотларга кўра, Қодировлар оиласи БААда бир нечта виллаларга эгалик қилади.
«2025 йил бошида Рамзан Қодиров Владимир Путин билан ўз активларининг келажаги ва оила аъзоларининг хавфсизлиги бўйича Яқин Шарқ мусулмон монархиялари вакиллари билан келишилмаган музокараларни яширишга урингани сабаб уришиб қолган эди», - дея ёзган «Важные истории» канали.
ФВВ борти кичик Қодировни Москвага олиб кетаётган вақтда, ЙТҲ вақтида Дубайда бўлган RA-73417 борт рақамли Airbus ҳам Москвага учиб келган. ФХХ (ФСБ) чегара хизматининг сизиб чиққан маълумотлар базасига кўра, айнан шу бортда Рамзан Қодиров охирги йилларда мунтазам равишда БААга учиб туради.





