add

2 мингта импорт дори нархлари 60 фоизгача арзонлашди

Bugun 14:572 daqiqa

Ўзбекистонда фармацевтика ислоҳотлари доирасида импорт дори воситалари нархи кескин пасайтирилиб, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмлари ошгани маълум қилинди.

2 мингта импорт дори нархлари 60 фоизгача арзонлашди

Ўзбекистонда аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлашга қаратилган чоралар ўз самарасини бермоқда. Давлат раҳбарига тақдим этилган маълумотларга кўра, 2 минг номдаги импорт дори воситаларининг референт нархлари қайта кўриб чиқилиши натижасида уларнинг улгуржи нархлари 40–60 фоизга пасайтирилди.

Дори-дармон ишлаб чиқариш ва инвестициялар

Бугунги кунда фармацевтика соҳасида умумий қиймати 2,3 млрд долларга тенг 156 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Фақат 2025 йилнинг ўзида 362 млн долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, 2,4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Тармоқ корхоналари томонидан 7,3 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, дунёнинг 55 та давлатига 220 млн долларлик дори воситалари экспорт қилинди. Шунингдек, тадбиркорлар илк бор 130 турдаги импорт дори воситасини технология трансфери асосида Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш

Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш доирасида 2025 йил сентябр–декабр ойларида 37 та республика даражасидаги тиббиёт маркази ва клиникалар фаолияти ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун 27 банддан иборат чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ушбу ислоҳотларда хорижий экспертларни жалб этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, Республика онкология маркази ва унинг ҳудудий филиалларини модернизация қилиш лойиҳаси тақдим этилди. Жумладан, Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда 61 млн долларлик тиббий ускуналар харид қилинган бўлиб, қўшимча равишда яна ўнлаб турдаги замонавий жиҳозлар олиш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш юзасидан тегишли қарорларни имзолади.

Teglar

Mavzuga oid