add

Метан «заправкалар»га навбатдаги чеклов, Хитойга сотилган газ ва қимматлаган автомактаблардаги нархлар — 20 январ дайжести

Kecha 22:124 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Метан «заправкалар»га навбатдаги чеклов, Хитойга сотилган газ ва қимматлаган автомактаблардаги нархлар — 20 январ дайжести

Автомактабларда нархлар 1 йилда қарийб 60 фоизга ошган — Статқўм

Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йил давомида Ўзбекистонда ҳайдовчиликка ўқитиш хизматлари нархи ўртача 59 фоизга ошган. Бу кўрсаткич йил давомидаги энг юқори нарх кўтарилиши қайд этилган хизмат турларидан бирига айланди. Нархларнинг босқичма-босқич ошиши нафақат ўқитиш курсларига, балки транспорт соҳасидаги бошқа хизматларга ҳам таъсир кўрсатган. Хусусан, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш харажатлари ҳам йил давомида 7,1 фоизга юқорилаган.

Автохизматлар бозоридаги қимматлашув такси ва автомобиль ювиш шохобчаларида ҳам кузатилмоқда. 2025 йилда такси хизматлари ўтган йилга нисбатан 12,2 фоизга, автомобилларни ювиш хизматлари эса 9,4 фоизга ошган. Статистик таҳлиллар шуни кўрсатадики, шахсий транспорт воситасига эга бўлиш ва уни бошқаришни ўрганиш харажатлари аҳоли учун сезиларли даражада қимматлашган.

Ўзбекистон Хитойга газ сотишдан қанча ишлаб топгани маълум бўлди

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон Хитойга қувур орқали табиий газ етказиб берувчи асосий давлатлар бешлигидан жой олди. Хитой божхона статистикасига кўра, республика «мовий ёқилғи» экспортидан 773 миллион доллар миқдорида даромад кўрган. Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон минтақавий ҳамкорлари — Туркманистон ва Қозоғистондан кейинги ўринни эгаллаб, Хитойнинг энергия хавфсизлигини таъминлашдаги муҳим ҳамкорларидан бири эканини тасдиқлади.

Хитой бозорида газ етказиб бериш бўйича Россия (9,41 млрд доллар) ва Туркманистон (8,41 млрд доллар) мутлақ етакчилик қилмоқда. Шунингдек, кучли бешликка Мьянма (1,53 млрд доллар) ва Қозоғистон (1,13 млрд доллар) ҳам кирган. Хитойнинг қувур газига бўлган талаби йил сайин ортиб бормоқда, бу эса Марказий Осиё давлатлари учун асосий экспорт бозори бўлиб қолмоқда.

82 турдаги хомашё учун божхона божи нол ставкада қолади

Президентнинг 2026 йил 19 январдаги ПФ–5-сон фармони билан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун муҳим бўлган 82 турдаги хомашё ва ярим тайёр маҳсулотларга импорт божхона божининг ноль ставкаси 2027 йил 1 январга қадар узайтирилди. Ушбу имтиёзлар илк бор 2021 йилда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида жорий этилган эди. Икки йиллик танаffусдан сўнг (имтиёз 2024 йилда тугаган эди), ҳукумат маҳаллий саноатни қўллаб-қувватлаш ва тайёр маҳсулот таннархини пасайтириш учун ушбу механизмни қайта тиклашга қарор қилди.

Имтиёзли рўйхатдан кимёвий моддалар (каустик сода, кастор ёғи), тўқимачилик материаллари (ипак, жун ва сунъий иплар), полимерлар, пластмассалар ҳамда шиша толали буюмлар каби стратегик маҳсулотлар ўрин олган. Шунингдек, фармон билан электромобилларни қувватлантириш станциялари ва уларнинг компонентлари учун божхона божидан озод қилиш муддати 2028 йилгача белгиланди. Бу чоралар маҳаллий корхоналарнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлигини ошириш ва аҳоли учун зарур бўлган маҳсулотлар нархи барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ходимлари энг кўп солиқ қарзига эга ташкилотлар номи маълум қилинди

2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, республикадаги 124 мингдан ортиқ ташкилотда фаолият юритаётган 457 минг нафар ходимнинг ер ва мол-мулк солиғидан қарздорлиги 462,5 млрд сўмга етди. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, қарзнинг асосий қисми (346 млрд сўм) тижорат ташкилотлари ходимлари ҳиссасига тўғри келади. Соҳалар кесимида энг юқори қарздорлик қишлоқ хўжалиги (86,2 млрд сўм), саноат (71,4 млрд сўм) ва қурилиш (58 млрд сўм) тармоқларида кузатилмоқда.

Алоҳида ташкилотлар таҳлили шуни кўрсатдики, ходимларининг солиқ қарзи энг кўп бўлган корхоналар рейтингида «Темирйўллар инфратузилмаси» АЖ (2,1 млрд сўм) етакчилик қилмоқда. Шунингдек, кучли учликдан «Навоий кон-металлургия комбинати» (1,9 млрд сўм) ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ (1,8 млрд сўм) ўрин олган. Солиқ қўмитаси фуқароларни мол-мулк ва ер солиқларини ўз вақтида тўлашга чақириб, бюджет ташкилотлари ходимларида ҳам қарийб 98 млрд сўмлик қарз мавжудлигини эслатиб ўтди.

Ўзбекистонда яна метан «заправка»лар фаолияти чекланди: совуқ сабаб

Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва аҳолининг табиий газга бўлган талаби ортиши натижасида Ўзбекистон бўйлаб автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари (АГТКШ) фаолиятига вақтинчалик чекловлар жорий этилди. Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, газ қувурларида босим пасайган ва асосий эътибор аҳоли хонадонлари, шифохона ҳамда мактабларни иссиқлик билан таъминлашга қаратилган. Ҳозирда энергетика тизими 24 соатлик кучайтирилган режимда ишламоқда, чекловлар эса вазият барқарорлашиши билан босқичма-босқич бекор қилинади.

Шу билан бирга, ижтимоий соҳа объектлари ва жамоат транспорти учун газ таъминотида ҳеч қандай чекловлар бўлмаслиги, уларнинг узлуксиз ишлаши назоратга олингани билдирилди. Эслатиб ўтамиз, январь ойи бошида метан заправкалар соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган чекланган иш тартибида фаолият юритган эди. Янги чекловларнинг аниқ иш жадвали ҳали эълон қилинмаган бўлиб, у ҳудудлардаги газ босими ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади. Ҳайдовчиларга эса совуқ кунларда муқобил ёқилғи турларидан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid