Нефт гиганти бўлган Россия ёқилғисиз қолмоқда
Ёқилғи савдосига чекловлар Россиянинг ҳар тўртинчи ҳудудига ёйилди. Муаммони ҳал қилиш учун ҳатто импорт варианти ҳам кўриб чиқиляпти.

Россияда ёқилғи бозоридаги муаммолар тобора кучаймоқда. Украина ҳужумлари ортидан нефтни қайта ишлаш заводлари фаолияти издан чиққани сабабли бензин ва дизел таъминотида узилишлар кузатилмоқда. 24 июн ҳолатига кўра, мамлакатнинг 22 та ҳудудида ёқилғи сотувига расмий чекловлар жорий этилган. Бу мамлакатдаги ҳар тўртта ҳудуддан бирида ёқилғи сотиб олиш муаммога айланганини англатади.
Чекловлар Брянск, Курск, Белгород, Воронеж, Волгоград, Нижний Новгород, Саратов ва бошқа қатор областларни қамраб олган. Сибирда эса Ханти-Манси автоном округи, Тюмен, Омск ва Новосибирск каби йирик нефт ҳудудларида ҳам лимитлар амал қилмоқда.
Бундан ташқари, Шимолий Осетия ва Адигеяда ҳам чекловлар ўрнатилган. Аннексия қилинган Қрим ва Севастополда ёқилғи савдоси вақтинча тўхтатилган. Луганск ҳудудида эса бир харидорга 20 литрдан ортиқ ёқилғи сотиш тақиқланган.
Захиралар ишга тушди
Ҳудудлар расмийлари бу чораларни талабнинг ортгани, логистика муаммолари, биржа нархларининг кўтарилиши ва бозорнинг айрим иштирокчилари юзага келган саросимадан фойдаланиб қолишга уринаётгани билан изоҳлади. Чекловлар ҳали расман тасдиқланмаган Орлов вилояти губернатори вазиятни пандемия давридаги гречка ва ҳожатхона қоғозини оммавий равишда сотиб олиш ваҳимасига қиёслаган.
23 июн куни Россия президенти иштирокида ўтказилган йиғилишда бош вазир ўринбосари Александр Новак ёқилғи бозоридаги вазиятни «мураккаб, аммо назорат остида» деб баҳолади. Унинг айтишича, ҳукумат аввал ҳеч қачон фойдаланилмаган захираларни ишга солишга мажбур бўлган.
Шунингдек, нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқариш қувватлари оширилган, таъмирлаш ишлари қисқартирилган ва режали профилактика кечиктирилган. Ҳукумат бензин ва авиаёқилғи экспортини тақиқлаб, дизел экспортини ҳам чеклаш масаласини кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, расмийлар хориждан бензин сотиб олиш ҳажмини оширишни режалаштирмоқда.
Қайд этилишича, Россия аллақачон Беларусдан ёқилғи сотиб олмоқда, бироқ бу ҳам зарур эҳтиёжни қоплаш учун етарли бўлмаган.
Ишлаб чиқариш ҳажми етмаяпти
«Reuters» агентлиги маълумотларига кўра, ҳозир Россияда бензин ишлаб чиқариш ички талабнинг тахминан 80 фоизинигина қопламоқда.
Украина қуролли кучлари июн ойида Москва, Нижнекамск, Тюмен ва Волгограддаги заводларга, май ойида эса яна 16 та нефтни қайта ишлаш корхонасига ҳужум қилинган. Натижада бензин ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 25 фоизга қисқариб, кунига 85 минг тоннага тушиб кетган. Шу билан бирга, ёз мавсумида мамлакат иқтисодиётининг кунлик эҳтиёжи 110 минг тонна атрофида баҳоланмоқда.
«Energy Intelligence» таҳлилчиларининг фикрича, энергетика инфратузилмасига қилинган зарбалар Россияни тарихдаги энг оғир ёқилғи инқирозларидан бири томон етакламоқда.





