add

15,5 миллион йўловчи: Ўзбекистон аэропортлари йилни ўсиш билан якунлади

Bugun 07:581 daqiqa

2025 йилда Ўзбекистондаги аэропортларда парвозлар сони, халқаро йўналишлар ва юк айланмаси барқарор ўсишни кўрсатди.

15,5 миллион йўловчи: Ўзбекистон аэропортлари йилни ўсиш билан якунлади

2025 йил «Uzbekistan Airports» учун барқарор ўсиш йили бўлди. Йил давомида мамлакат аэропортларида 128 972 та авиарейс амалга оширилди — бу 2024 йилга нисбатан 14 фоизга кўп. Шундан 92 480 таси халқаро (+15,2 фоиз), 36 492 таси эса ички йўналишларга (+9,2 фоиз) тўғри келди. 2024 йилда бу борада ўсиш 33 фоиз бўлган эди.

Йўловчилар оқими ҳам сезиларли ошди: аэропортлар 15 млн 504 минг 264 нафар йўловчига хизмат кўрсатди, бу ўтган йилга нисбатан 15 фоиз ўсиш демакдир. Халқаро парвозлардан 12 млн 707 минг 101 нафар (+15,2 фоиз), ички авиаташувлардан эса 2 млн 797 минг 163 нафар йўловчи (+12,7 фоиз) фойдаланган, деб хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

 

Юк ва янги авиакомпаниялар

Юк ташиш сегментида ҳам ижобий динамика сақланиб қолди. 2025 йилда 98 минг 137 тонна юк ва почта қайта ишланди —бу борада 12 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Йил давомида Ўзбекистон аэропортларига тўртта янги хорижий авиаташувчилари жалб этилди: Хитойнинг «Air China», «China Eastern Airlines», Жанубий Кореянинг «Korean T’Way» ҳамда Малайзиянинг «Air Asia» авиакомпаниялари. Бу халқаро йўналишлар географиясини кенгайтиришга хизмат қилди.

 

Тармоқ истиқболлари

Якунлар Ўзбекистон авиация соҳасида изчил ривожланиш давом этаётганини кўрсатди. Халқаро қатновлар фаоллиги ошиб, ички авиаташувлар босқичма-босқич кенгаймоқда. Инфратузилма ва маршрутлар портфелининг бойиши келгуси йилларда ҳам йўловчи ва юк оқимларининг ўсишини қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid