
Энг яхши микрокредит ва автокредит ставкаларини қайси банклар таклиф қилмоқда?
Марказий банк 2026 йил 12 январь ҳолатига кўра, тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилган микроқарз ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилди.

Марказий банкнинг 2026 йил 12 январ ҳолатига оид маълумотларига кўра, янги ҳафтада микрокредит ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари ўтган ҳафтага нисбатан деярли ўзгаришсиз қолган. Бу кредит бозорида барқарорлик сақланаётганини кўрсатади.
Янги ҳафтада микрокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 32,0 фоизни ташкил этди. Ўтган ҳафтада ушбу кўрсаткич 31,6 фоиз атрофида бўлган эди. Шу тариқа, микрокредитлар сегментида ўртача ставка бироз ошгани кузатилди. Энг паст микрокредит ставкаси янги ҳафтада “Infinbank”да 24,0 фоиз даражасида қайд этилди. Ўтган ҳафтада эса энг мақбул таклиф “Aloqabank” томонидан 23,2 фоизда таклиф қилинган эди. Демак, энг паст сегментда ҳам енгил ўсиш мавжуд.
Ўрта сегментда “Trastbank”, ”Mikrokreditbank“ ва “Aloqabank”да микрокредит ставкалари 24,4–25,1 фоиз оралиғида шаклланди. Бу кўрсаткичлар ўтган ҳафтадаги 24–26 фоиз диапазонига яқин қолган. Юқори фоизли сегментда эса ўзгаришлар кам: “Anorbank” ва “Tengebank” янги ҳафтада ҳам энг қиммат микрокредитларни таклиф қилиб, ставкалар мос равишда 41,2 ва 42,7 фоизни ташкил этди. Ўтган ҳафтада ҳам айнан шу банклар энг юқори ставкалар қаторида бўлган.

Автокредитлар бозорида янги ҳафтада ўртача фоиз ставкаси 23,2 фоизни ташкил этди. Ўтган ҳафтада бу кўрсаткич 23,6 фоиз атрофида эди. Демак, автокредитлар бўйича ўртача ставкада бироз пасайиш қайд этилди. Янги ҳафтада энг паст автокредит ставкаси “Infinbank”да 16,5 фоиз даражасида белгиланди. Ўтган ҳафтада эса энг мақбул таклиф Ипотека банк томонидан 20,0 фоиз атрофида тақдим этилган эди.
Ўрта сегментда ”Orient Finans bank”, “Aloqabank” ва “Asia Alliance bank” автокредитларни 22–22,5 фоиз оралиғида таклиф қилмоқда, бу ўтган ҳафтадаги ҳолатга мос келади. Энг юқори автокредит ставкалари янги ҳафтада ҳам “Trastbank” ва “Madad Invest” банкда сақланиб, 26,7–27,9 фоиз даражасида қайд этилди. Ўтган ҳафтада ҳам ушбу банклар автокредитлар бўйича юқори сегментдан ўрин олган эди.

Умуман олганда, янги ҳафтада микрокредитлар бўйича енгил ўсиш, автокредитларда эса бироз пасайиш кузатилган бўлса-да, кредит бозорида кескин ўзгаришлар қайд этилмади. Бу ҳолат банклар кредит сиёсатида эҳтиёткорлик сақланаётганини кўрсатади.




