add

«Ўзбекнефтгаз»га геология-қидирув учун 30 та истиқболли участка берилади

Ўзбекистонда нефт-газ соҳасини трансформация қилиш доирасида «Ўзбекнефтгаз»га геология-қидирув ишлари учун 30 та истиқболли майдон ажратиладиган бўлди.

«Ўзбекнефтгаз»га геология-қидирув учун 30 та истиқболли участка берилади

Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз» давлат компанияси фаолиятига оид келгуси режалар тақдимоти билан танишганидан сўнг нефт-газ соҳасида қатор аниқ вазифалар белгилаб берилди. Улар орасида табиий газ қазиб олиш ҳажмларини ошириш, янги конларни ўзлаштириш ва геология-қидирув ишларини жадаллаштириш устувор йўналиш сифатида қайд этилди.

Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Ўрал Юсуповнинг «Oʻzbekiston 24» телеканалига маълум қилишича, 2026 йилда мамлакатдаги истиқболли геология-қидирув участкаларда ишлар сезиларли даражада кучайтирилади. Хусусан, шундай 30 та майдон «Ўзбекнефтгаз» ихтиёрига топширилиши режалаштирилган.

Бунинг учун Геология вазирлиги 2D ва 3D сейсмик моделлаштириш ҳажмларини кенгайтиради, «Ўзбекгеофизика»нинг моддий-техник базасини мустаҳкамлайди ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш орқали геология-қидирув ишлари самарадорлигини оширади.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоевнинг таъкидлашича, йиғилишда геология-қидирувни ривожлантириш билан бирга «Ўзбекнефтгаз»нинг молиявий барқарорлигини яхшилаш ва маҳсулот таннархини пасайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Унинг сўзларига кўра, уч кун ичида Президент қарори лойиҳаси тайёрланади ва унда белгиланган вазифалар бўйича аниқ мақсадли индикаторлар акс эттирилади.

«Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов лавозимга тайинланганига ҳали бир ой ҳам бўлмаганига қарамай, давлат раҳбари томонидан газ қазиб олишни ошириш, захираларни кенгайтириш ва мавжуд қувватларни тўлиқ ишга солиш бўйича қатъий топшириқлар берилганини билдирди. Бу мақсадда нефт-газ соҳасини тезлаштирилган трансформация қилиш, рақамлаштириш ва давлат компаниясининг молиявий ҳолатини соғломлаштириш режалаштирилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтегаз» компаниясининг келгуси вазифаларига бағишланган тақдимотда жорий йилда асосий устувор йўналиш сифатида табиий газ захираларини кўпайтириш ва уни қазиб олиш ҳажмларини ошириш белгилангани ҳақида хабар берган эдик.

Компания олдига суткалик газ қазиб олиш ҳажмини 66 млн куб метрдан 70 млн куб метрга етказиш вазифаси қўйилган. Бу йил якунида камида 25,4 млрд куб метр табиий газ ишлаб чиқариш имконини беради. Ушбу мақсадга эришиш учун газ захираларини кенгайтиришга қаратилган янги истиқболли инвестиция блокларини шакллантириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, инвесторларга берилган айрим майдонларда ишларни жадаллаштириш, уларнинг самарадорлигини ошириш вазифаси ҳам белгиланди. Айни пайтда нефт ишлаб чиқариш қувватларидан фақат 70 фоиз фойдаланилаётгани, экспорт маҳсулотлари нархлари эса икки баробар пасайгани қайд этилди. Шу муносабат билан қувватларни тўлиқ ишга солиш ва нефтни полимер маҳсулотларига чуқур қайта ишлаш ҳисобига қўшилган қийматни олти баробарга ошириш вазифаси топширилди.

Teglar

Mavzuga oid