add

Президент Жапаров оиласининг 2025 йилги даромадларида катта фарқ аниқланди

Bugun 15:452 daqiqa

Қирғизистон Давлат солиқ қўмитаси президент Садир Жапаров ва унинг оиласи 2025 йилда қанча топганини расман эълон қилди.

Президент Жапаров оиласининг 2025 йилги даромадларида катта фарқ аниқланди

Қирғизистон Давлат солиқ қўмитаси 2025 йил учун давлат лавозимларини эгаллаб турган шахслар ҳамда уларнинг яқин қариндошларининг даромад, харажат ва мол-мулклари бўйича умумлаштирилган маълумотларни эълон қилди. Ҳисоботда энг кўп эътибор тортган маълумотлар президент оиласига тааллуқли.

Маълумотларга кўра, Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2025 йилда 2,21 миллион сом, яъни 25 минг доллардан ортиқ даромад олганини маълум қилган. Ҳисоботда унинг йил давомидаги харажатлари ҳақида маълумот эса келтирилмаган.

Президент мулки сифатида бир қатор йирик активлар қайд этилган. Улар орасида майдони 2 627 квадрат метр бўлган бизнес-марказ, 0,63 гектар қишлоқ хўжалиги ери, шунингдек, умумий майдони 2 125 квадрат метрни ташкил этувчи томорқа ва боғдорчилик ер участкалари бор. Шунингдек, қиймати 100 минг сом деб баҳоланган енгил автомобил ҳам декларацияга киритилган. Шу билан бирга декларацияда 1,16 миллиард сомлик активлар легаллаштирилгани акс этган

Президентнинг яқин қариндошлари эса 29,7 миллион сом, яъни 339 минг доллардан ортиқ даромад олган. Уларга оид харажатлар бўйича ҳам очиқ маълумот берилмаган. Бу ҳолат даромад ва сарф-харажатлар ўртасидаги мутаносиблик юзасидан саволларни кучайтирган.

Марказий Осиёда молиявий шаффофлик масаласи ҳали ҳам тўлиқ ҳал этилмаган. Айрим давлатларда даромадлар эълон қилинса-да, йирик активлар ва харажат манбалари кўпинча очиқ қолмоқда. Мутахассислар фикрича, бундай амалиёт ҳокимиятнинг реал ҳисобдорлигига бўлган ишончга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Қозоғистонда давлат хизматчилари даромадлари тўғрисида декларация эълон қилишлари шарт: унда декларант ва турмуш ўртоғининг маълумотлари, ҳисобот даври ва солиққа тортиладиган даромадларнинг умумий суммаси кўрсатилади. Масалан, 2024-йилги ҳисоботларда айрим ҳолатларда фақат амалдорларнинг турмуш ўртоқлари даромад кўрсатиб, давлат хизматчиларининг ўзлари нол кўрсаткични қайд этган.

Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисидаги қонун 2017 йилдан бери муҳокама қилинмоқда. 2025 йил баҳорида президент қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига чиқариш бўйича топшириқ берган эди, бироқ ҳужжат ҳали ҳам қабул қилинганича йўқ.

Teglar

Mavzuga oid