
Пропан нархи: импорт, танқислик ва назорат муаммолари
Ўзбекистонда пропан газининг нархи сўнгги бир йилда қарийб 50 фоизга ошди, 2026 йил бошига келиб бу кўрсаткич янада тезлашди. Vaqt.uz бунинг «айбдорлари», ечими ва оқибатларини таҳлил қилди.

Ўзбекистон товар-хомашё биржасида пропан нархи кундан-кунга ошмоқда. Жумладан, 8 январ савдо якунлари бўйича суюлтирилган газнинг нархи тоннасига 9,27 млн сўмни ташкил этди. Бунда пропан нархи 7,1 фоизга кўтарилди. Йил бошидан буён ҳисоблаганда эса пропан қарийб 15 фоизга, яъни тахминан 1,2 млн сўмга қимматлади.
Қизиғи, нарх ошиб бораётганига қарамай, савдолар ҳажми 2 минг тоннадан ошмаяпти. Яъни таклиф ҳажми ўтган йилга нисбатан кескин қисқарган. Масалан, пайшанба куни пропан савдоси 1 991 тоннани ташкил этди, бу 2025 йил 30 декабрга нисбатан 16,7 фоиз кам.
11 декабрдан буён пропан нархи 28 фоиздан ортиққа ошди. Натижада, шу муддат ичида бир тонна пропан нархи 2 млн сўмга қимматлашди.
Маълумот учун, пропан қуйиш шохобчалардаги чакана нархлар йил бошидаги 6100–6200 сўмдан 6800–7000 сўмгача ошган.
Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, декабр ойида пропан 1,3 фоизга қимматлашган. Юқори нарх чегараси эса бир литри учун 7 минг 600 сўмни ташкил этган. 2025 йил якунларига кўра эса пропан нархи 10,5 фоизга арзонлашган.
Бироқ шу ўринда яна бир қизиқ жиҳат бор: расмий статистика ва товар-хомашё биржасидаги рақамлар ўртасида фарқ мавжуд. Жумладан, 2024 йил 27 декабр ва 2025 йил 30 декабр ҳолатидаги пропан нархлари таққосланганда, бир литр суюлтирилган газ нархи 6 340 сўмдан 8 087 сўмгача ошган. Бу 27,6 фоизлик ўсишни англатади.
Пропан қимматлашувига «айбдорлар» ким?
Узоқ танқид ва муҳокамалардан сўнг, Рақобат қўмитаси пропан нархининг кескин ошиши бўйича изоҳ берди. Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу баёнотдан қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкинлигини ёзмоқда.
Импортга қарамлик. Сўнгги маълумотларга кўра, 2025 йил декабрида импорт пропаннинг 65 фоизини, 2026 йил январ бошида эса 90 фоизини ташкил этган. Бу Ўзбекистонда пропан бозорининг деярли тўлиқ импортга боғланганини кўрсатади. Шу сабабли нархларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эмас, импорт қилувчи компаниялар белгилай бошлаган.
Антимонопол муаммо. Қўмита амалда импортчиларга нисбатан самарали чораларни қўллай олмаяпти. Импорт бозори бир нечта боғланган компаниялар қўлида жамлангани сабабли маҳаллий ва импорт пропан нархлари ўртасида 40 фоизгача тафовут юзага келган. Маҳаллий маҳсулот нархи чекланган, импорт эса деярли назоратсиз қолмоқда.
Маҳаллий пропан етказилиши. Баёнотга кўра, маҳаллий пропан асосан аҳоли ва ижтимоий соҳа учун йўналтирилгани сабабли бозорда танқислик юзага келган. Бироқ аҳолининг бир қисми ҳали ҳам газлашмаган ҳудудларда ўтин ва ғўзапоядан фойдаланиб келмоқда. Норасмий манбаларга кўра, газ қазиб олиш ҳажмининг камайиши пропан ишлаб чиқаришнинг қисқаришига ёки айрим заводларнинг тўхташига олиб келган.
Ахборот ва «айбдорлар». Рақобат қўмитаси ички бозорда пропан нархини барқарорлаштириш мақсадида АЁҚШларда доимий мониторинг ўрнатганини маълум қилган. Бироқ нарх ўсиши чакана савдодан эмас, биржа ва импортчилар фаолиятидан бошланмоқда. «Балиқ бошидан тозаланади, думидан эмас». Агар назорат шохобчалардан бошланса, бу пропаннинг жисмонан йўқолишига олиб келиши мумкин.
Шунингдек, ахборот тарқатувчиларни «айбдор» сифатида кўрсатиш репутацион ва иқтисодий жиҳатдан салбий оқибатларга олиб келиши таъкидланмоқда.
«Феълан пропан нархи тинмасдан ошиб бораётган бир пайтда, бу ҳақда ёзаётганлар «айбдор» қилиб кўрсатилмоқда. Айни пайтда эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари нархлар ҳақида ахборот тарқатмасликка чақирилмоқда. Бундай ҳолат янги Ўзбекистон тарихида аввал кузатилмаган», — деб ёзади иқтисодчи Отабек Бакиров.
Пропан нархининг асоссиз ошишига қарши «ечим»
Рақобат қўмитаси баёнот билан чекланиб қолмади. Қўмита метан газига вақтинчалик чекловлар фонида пропан нархини сунъий оширган бозор иштирокчиларига нисбатан ишлар қўзғатганини ва биржада нархларни барқарорлаштириш чоралари кучайтирилганини маълум қилди.
Яъни бозор иштирокчиларига биржа савдоларига маҳсулотларни тўлиқ ҳажмда ва бир маромда чиқариш бўйича кўрсатмалар юборилган. Бу чоралар бозорда сунъий танқислик ва кескин нарх ўзгаришларининг олдини олишга қаратилгани айтилмоқда.
Бироқ шунга ўхшаш фаоллик 2024 йил октябр –ноябр ойларида ҳам кузатилган. Ўшанда ҳам профилактик тадбирлар «заправкалар»дан бошланиб, айб асосан шу соҳадаги тадбиркорларга юкланган эди.
Иқтисодчи Бакировнинг фикрича, шохобчаларга нархни оширмаслик бўйича кўрсатма бериш қисқа муддатли таъсирга эга. Бу сифат пасайиши ёки «шринкфляция» — маҳсулот ҳажмининг қисқаришига олиб келиши мумкин. Асосий ечим эса таклифни ошириш, импортга маъмурий ва инфратузилмавий тўсиқларни бартараф этишдан иборат.
Пропан нархига юқори чегара қатъийлаштирилди
Spot’нинг маълум қилишича, Рақобат қўмитасининг 2026 йил 9 январдаги тегишли кўрсатмасига мувофиқ, 12 январдан бошлаб биржа савдоларида суюлтирилган газ нархини ошириш чегараси 20 фоиздан 10 фоизга пасайтирилди.
Шунингдек, пропан импорт қилувчи корхоналар ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун бошланғич нарх 1 тонна учун 7,5 млн сўмдан оширилган тақдирда, буюртмалар қабул қилинмайди. Шу тариқа биржа нархининг юқори чегараси 8,25 млн сўм этиб белгиланди.
Пропан нархининг ўсиши тасодифий ёки фақат чакана бозор билан боғлиқ эмас. Асосий муаммо импортга юқори даражада қарамлик, бозорнинг тор доирада жамланиши ва таклифнинг чекланишида. Нархларни маъмурий усуллар билан ушлаб туриш қисқа муддатли таъсир кўрсатиши мумкин, аммо узоқ муддатда бу танқислик ва сифат муаммоларини янада кучайтиради. Агар рақобатни ошириш ва бозорга киришдаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмаса, пропан бозоридаги нарх босими яқин ойларда ҳам сақланиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, яъни 2024 йил 5 ноябрдан бошлаб, пропан нархининг ошишига сотувчининг бошланғич нархига нисбатан 20 фоиз миқдорида чеклов жорий этилган эди.
Teglar






