add

1979 йилдан кейинги Эрон: Инқирозлар хронологияси

Bugun 16:455 daqiqa

1979 йилги инқилоб Эроннинг нафақat ички тузумини, балки бутун Яқин Шарқдаги кучлар мувозанатини ўзгартириб юборди. Оятуллоҳ Хумайнийнинг қайтишидан бошланган янги давр Эронни мисли кўрилмаган синовлар — АҚШ билан асирлар можароси, саккиз йиллик қонли уруш, тинимсиз санкциялар ва ядровий кескинликлар гирдобига ташлади. Сўнгги йиллардаги президентлар ўлими ва Исроил билан тўғридан-тўғри тўқнашувлар эса бу хронологиянинг энг хавфли саҳифаларига айланди. Эрон ярим аср давомида қандай инқирозларни бошидан кечирди ва бугунги вазият қандай шаклланди?

1979 йилдан кейинги Эрон: Инқирозлар хронологияси

Эрондаги норозилик намойишлари кун тартибининг асосий мавзусига айланди; бунда ҳукумат ва мухолифат зўравонликнинг кучайишида бир-бирини айбламоқда. Ҳукумат, шунингдек, намойишлар ортида ташқи кучларнинг аралашуви борлигини ҳам таъкидлаган.

Бу — шоҳни тахтдан ағдариб, Ислом республикаси тизимини олиб келган 1979 йилги инқилобдан буён Эрон бошқарув сиёсатига қарши ўтказилаётган намойишларнинг навбатдаги тўлқинидир.

Бироқ мамлакат фақатгина намойишлар билан чекланиб қолмай, бошқа инқирозларга ҳам дуч келган: булар сирасига зилзилалар, уруш, санкциялар, ядровий кескинликлар, минтақавий аралашувлар ва сиёсий драмалар киради.

Қуйида сўнгги эллик йилликнинг энг муҳим воқеалари хронологияси келтирилган.

1979 йил Феврал: Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайний Ироқ ва Франциядаги 14 йиллик сургундан сўнг ватанга қайтди.

Апрел: Ўтказилган референдум натижаларига кўра, Эрон Ислом Республикаси деб эълон қилинди.

Ноябр: Америка Қўшма Штатлари Эронга нисбатан илк санкцияларни жорий қилди; бунга Теҳрондаги АҚШ элчихонасида америкалик гаровга олинганларнинг ушлаб турилиши асос қилиб олинди. АҚШ бунгача тахтдан ағдарилган шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийни қўллаб-қувватлаб келган, ундан аввалроқ эса, 1953 йилдаги давлат тўнтариши пайтида демократик йўл билан сайланган бош вазир Муҳаммад Мусаддиқнинг ҳокимиятдан четлатилишига ёрдам берган эди (мазкур тўнтариш АҚШ ва Буюк Британия разведка идоралари томонидан ҳам қўллаб-қувватланган).

1980 йил Сентабр: Ироқ Эронга бостириб кирди. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, уруш қурбонлари сони қарийб 500 минг кишини ташкил этган бўлиб, бунда Эрон энг кўп талофат кўрди.

1981 йил Январ: Қолган барча америкалик асирлар озод қилинди ва бу билан Эрондаги гаровга олинганлар масаласи якунига етди.

Июн: Теҳрондаги Ислом республикачилар партияси штаб-квартирасида содир этилган портлаш оқибатида ўнлаб юқори мартабали амалдорлар, жумладан, Хумайнийдан кейин Эрондаги иккинчи энг муҳим шахс ҳисобланган суд ҳокимияти раҳбари Муҳаммад Беҳештий ҳалок бўлди.

Август: Теҳрондаги йиғилиш чоғида уюштирилган портлаш оқибатида президент Муҳаммад Али Ражаий ва бош вазир Муҳаммад Жавад Баҳонар суиқасд қурбони бўлди. Расмийлар бунда бир йил аввал таъқибга учраган сўл инқилобий кайфиятдаги мухолиф «Мужоҳидини Халқ» гуруҳини айблади.

1982 йил Июн: Исроил Ливанга бостириб кирди. Эрон кейинчалик Ливан қаршилик ҳаракатига айланадиган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳини молиялаштиришни бошлади.

1988 йил Июл: АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг «USS Vincennes» бошқариладиган ракета крейсери Форс кўрфази узра «Iran Air» авиакомпаниясининг фуқаролик Airbus самолётини уриб туширди; оқибатда бортдаги барча 290 киши ҳалок бўлди.

Август: Бирлашган Миллатлар Ташкилоти воситачилигидаги музокаралардан сўнг Эрон ва Ироқ ўртасида ўт очишни тўхтатиш тартиби кучга кирди.

1989 йил Июн: 3 июн куни Олий раҳбар Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайний вафот этди. Унинг вориси Оятуллоҳ Али Хоминаий эртаси куни Экспертлар кенгаши томонидан сайланди.

1990 йил Июн: Эронда кучли зилзила юз берди. 40 мингга яқин одам ҳалок бўлди.

1995 йил Март ва май: АҚШ Эронга нисбатан нефт ва савдо санкцияларини жорий қилди. АҚШ Эронни «терроризм»га ҳомийлик қилишда ва ядро қуролига эга бўлишга интилишда айблади.

1998 йил Сентабр: «Толибон» ҳаракати август ойида Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳрини эгаллаш чоғида саккиз нафар эронлик дипломат ва бир журналист ўлдирилганини тан олди. Бунга жавобан Эрон Афғонистон билан умумий чегарасига минглаб қўшинларини жойлаштирди.

2002 йил Январ: АҚШ президенти Жорж Буш Эронни Шимолий Корея ва Ироқ билан бир қаторда «ёвузлик ўқи» (axis of evil) таркибига киритди ва бу давлатларни «терроризм»ни қўллаб-қувватлашда айблади.

2003 йил Март: АҚШ Ироққа бостириб кирди. Эрон у ердаги шиа жангарилари ва сиёсий гуруҳларини молиялаштириш ҳамда қўллаб-қувватлашни бошлади. Унинг бундай гуруҳларга таъсири бугунги кунда ҳам сезиларли даражада сақланиб қолмоқда.

Ноябр: Эрон уранни бойитиш дастурини тўхтатиб туришини ва ўзининг ядровий объектларини БМТ томонидан янада синчиклаб текширилишига рухсат беришини эълон қилди. Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) ядро қуроли дастури бўйича ҳеч қандай далил йўқлигини билдирди.

Декабр: Эрон жанубидаги Бам шаҳрида юз берган зилзила 40 минггача одамнинг ҳаётига зомин бўлди.

2006 йил Декабр: БМТ Хавфсизлик Кенгаши Эроннинг ядровий материаллар ва технологиялар савдосига санкциялар жорий қилди. Бу Эрон Германия ҳамда Хавфсизлик Кенгашининг бешта доимий аъзоси (Франция, Хитой, Россия, Буюк Британия ва АҚШ) томонидан тақдим этилган дипломатик ва иқтисодий рағбатлар эвазига ўз ядровий дастурини тўхтатмаганидан сўнг юз берди.

2007 йил Октабр: АҚШ Эронга нисбатан янада қаттиқроқ қўшимча санкциялар жорий қилди.

2010 йил Июн: БМТ Хавфсизлик Кенгаши Эроннинг ядровий дастури туфайли унга нисбатан санкцияларнинг тўртинчи босқичини жорий қилди. Санкциялар кенгайтирилган қурол-яроғ эмбаргоси ва қаттиқроқ молиявий қоидаларни ўз ичига олди.

Сентабр: Эрон ядро сектори ходимлари фойдаланадиган тизимларда зарарли дастур аниқлангач, Исроил ва АҚШни ўзининг атом электр станцияси тизимларига вирус тарқатганликда айблади.

2011 йил Март: Эроннинг иттифоқчиси бўлган Сурия президенти Башар Асад режими март ойида «Араб баҳори» намойишлари ортидан бошланган халқ қўзғолонини шафқатсизлик билан бостирди. Ўша йилнинг охирроғида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (IRGC) Асадни қўллаб-қувватлаш учун Эрон ва хорижий жангарилар гуруҳларини юборди.

2012 йил Январ: Европа Иттифоқи Эрон нефти экспортига бойкот эълон қила бошлади.

Сентабр: ЭАХА Эроннинг Парчин ҳарбий объектини кўздан кечиришга тўсқинлик қилинаётгани ва Эрон уранни бойитувчи ядровий центрифугалари сонини кўпайтирганини даъво қилди. Бу эса мамлакат ядро қуролига эга бўлишга яқинлашаётгани ҳақидаги хавотирларни кучайтирди.

Октабр: Халқаро санкциялар туфайли Эрон риали АҚШ долларига нисбатан рекорд даражада қадрсизланди ва 2011 йилдан буён ўз қийматининг 80 фоизини йўқотди.

2015 йил Июл: Эрон АҚШнинг Барак Обама маъмурияти, шунингдек, Буюк Британия, Франция, Россия, Хитой ва Европа Иттифоқи билан санкцияларни бекор қилиш эвазига ядровий дастурини чеклаш бўйича келишувга эришди. Биргаликдаги кенг кўламли ҳаракатлар режаси (JCPOA) халқ орасида «ядровий келишув» номи билан танилди. Ушбу битим эронликлар томонидан хурсандчилик билан кутиб олинди.

2018 йил Май: Обаманинг вориси, президент Доналд Трамп JCPOA Эрон учун жуда юмшоқлигини ва уни «яхшироқ келишув» билан алмаштириш кераклигини даъво қилиб, АҚШни ядровий келишувдан чиқарди.

2020 йил Январ: Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (IRGC) «Қудс» кучлари раҳбари Қосим Сулаймоний Бағдодда АҚШнинг дрон ҳужуми натижасида ўлдирилди.

2024 йил Апрел: Исроил Эроннинг Дамашқдаги элчихонасини бомбалади. Оқибатда етти киши, жумладан, IRGCнинг икки генерали ҳалок бўлди.

Май: Эрон президенти Иброҳим Раисий мамлакатнинг Шарқий Озарбойжон провинциясидаги вертолёт ҳалокатида вафот этди.

Июл: Теҳронда ҲАМАС раҳбари Исмоил Ҳания Исроил томонидан ўлдирилди.

2025 йил Июн: Исроил Эронга ҳужум қилди. Икки томон ўртасида бошланган 12 кунлик уруш оқибатида камида 610 нафар эронлик ва 28 нафар исроиллик ҳалок бўлди.

 

Teglar

Mavzuga oid