add

2025 йилда соғлиқни сақлаш соҳасида нималарга эришилди?

Bugun 16:353 daqiqa

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2025 йилда инсоният саломатлиги йўлида эришилган энг муҳим ютуқларни сарҳисоб қилди.

2025 йилда соғлиқни сақлаш соҳасида нималарга эришилди?

2025 йил жаҳон тиббиёти учун муҳим бурилиш нуқтаси сифатида баҳоланмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти йил якунлари бўйича эълон қилган ҳисоботда глобал миқёсда аҳоли саломатлигини яхшилашга қаратилган энг муҳим бешта ютуқни алоҳида таъкидлади. Ушбу натижалар халқаро ҳамкорлик, илмий тараққиёт ва профилактикага қаратилган сиёсатнинг самарасини намоён қилди.

Энг аввало, туберкулёзга қарши курашда сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилган. Сўнгги ўн йил давомида сил касаллигидан ўлим кўрсаткичлари кескин камайган. Африка минтақасида бу кўрсаткич 46 фоизга, Европа давлатларида эса 49 фоизга пасайгани қайд этилган. Мутахассислар бу натижани эрта ташхис, даволаш имкониятларининг яхшиланиши ҳамда хавф омилларига қарши комплекс чоралар билан изоҳламоқда.

ЖССТ бундай ютуқлар бадавом бўлиши учун ОИТС, қандли диабет, чекиш ва тўйиб овқатланмаслик каби хавф омилларига қарши чора-тадбирларни кучайтириш зарур, деган хулосада.

Қизамиққа қарши оммавий эмлаш дастурлари ҳам миллионлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолгани айтилган. Оммавий эмлаш тадбирлари натижасида ўтган йили қизамиқдан ўлим кўрсаткичи 2000 йил бошига нисбатан қарийб 90 фоизга камайган. Шунга қарамай, айрим мамлакатларда бу борада сусткашлик кузатилмоқда. Бир йил аввал дунё бўйлаб тахминан 11 миллион кишига қизамиқ ташхиси қўйилган.

Айрим мамлакатларда хавфли инфекциялар тўлиқ бартараф этилган. Малдив ороллари дунёда илк бор ОИТС, сифилис ва гепатит В нинг онадан болага юқишини тўлиқ тўхтатган давлат сифатида эътироф этилган. Бурунди, Миср ва Фижи трахома хасталиги, Гвинея ҳамда Кения уйқу касаллиги, Нигерия эса онхотсеркозга бутунлай барҳам беришга эришган.

Безгакка қарши курашда ҳам янги босқич бошланган. 2025 йилда Грузия, Суринам ва Тимор-Лешти “безгакдан холи давлатлар” сифатида тан олинди. Африканинг яна 7 та мамлакатида бу касалликка қарши эмлаш жорий этилган. Ҳозир безгакка қарши вакциналар дунёнинг 24 давлатида қўлланилмоқда. Бундай чора-тадбирлар туфайли сайёрамиз бўйича тахминан 170 миллионта касалланиш ва 1 миллионга яқин ўлим ҳолатларининг олди олинган.

Шунингдек, дунё бўйлаб менингит, полиомиелит, пневмококк ва ротавирус инфекциялари, шунингдек, бачадон бўйни саратонининг асосий сабаби бўлган инсон папиллома вируси (ОПВ)га қарши эмлаш қамрови кенгаймоқда. Ўтган йили 86 миллион нафар қиз ОПВга қарши вакцина олган. Эмлаш ва скрининг текширувлари кучайтирилиши натижасида Бразилия, Хитой, Индонезия, Нигерия, Покистон ва Руанда бачадон бўйни саратонини тўлиқ бартараф этиш арафасида турибди.

Шу билан бирга, 2025 йил илм-фан ва технологиялар тараққиёти билан ҳам эсда қолди. Ген инженерияси, сунъий интеллект ва «big data» тиббиёт амалиётига чуқур кириб борди. Диабет учун ишлаб чиқилган айрим инъекциялар саратон хавфини деярли 40 фоизга камайтириши аниқланди. Янги авлод ДНК таҳрирлаш усуллари генетик касалликларни хавфсизроқ даволаш имконини бермоқда.

Сунъий интеллект тиббий диагностикада «иккинчи фикр» сифатида қўлланилиб, қарор қабул қилиш тезлиги ва аниқлигини оширди. Шунингдек, дориларни бевосита касаллик ўчоғига етказиш, биоэлектрик интерфейслар орқали даволаш каби инновацион ёндашувлар клиник амалиётга яқинлашди.

Мутахассислар бу ютуқларни жаҳон соғлиқни сақлаш тизими учун узоқ муддатли ижобий ўзгаришлар деб баҳоламоқда.

Teglar

Mavzuga oid