«Адолатли Қозоғистон» доктринаси: мамлакатда рус тилининг мақоми «тушириляпти»
Қозоғистон конституциясига ўзгариш киритилади: рус тили энди қозоқ тили билан «тенг» ҳисобланмайди.

Қозоғистоннинг янги Конституцияси лойиҳасида рус тилининг мақомига доир ибора ўзгартирилади. Лойиҳанинг 9-моддасида «тенг» сўзи «билан бир қаторда» ибораси билан алмаштирилади. Гап давлат органлари ҳамда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида тилларнинг қўлланилишини тавсифловчи норма ҳақида бормоқда.
Ушбу тузатиш ҳақида Қозоғистон Конституциявий суди раиси ўринбосари Бақит Нурмуханов маълум қилди.
Расмий изоҳлар ва ҳуқуқий талқин
Амалдаги Конституцияга кўра, Қозоғистонда ягона давлат тили — қозоқ тили бўлиб, рус тили у билан расман тенг даражада қўлланилади. Янги лойиҳада рус тилининг номи сақлаб қолинган, бироқ жумла тузилиши ўзгарган. Нурмухановнинг таъкидлашича, энди ҳужжатда рус тили қозоқ тили билан бирга, «тенг» сўзисиз ишлатилиши белгиланмоқда.
Расмий ушбу норманинг мазмуни ўзгармаслигини алоҳида қайд этган. Қозоқ тили ягона давлат тили, рус тили эса давлат органларининг амалий иш фаолиятида расмий тил бўлиб қолади.
Шунга қарамай, айнан биргина сўзнинг алмаштирилиши кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Сиёсий ислоҳотлар
Янги Конституция лойиҳаси 31 январ куни эълон қилинди. Мазкур ҳужжат парламентда «давлат архитектурасини қайта кўриб чиқиш» деб аталаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида тайёрланган. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг 2025 йил сентабр ойида илгари сурган ташаббуси бу ўзгаришлар учун асос бўлиб хизмат қилди. У ҳокимият моделини ўзгартириш ва вакиллик институтлари ролини кучайтиришни таклиф этган эди.
Ҳокимият ислоҳотлари 2022 йил январидаги норозилик намойишлари ва тартибсизликлар билан бевосита боғлиқ бўлиб, улар Жанаўзенда суюлтирилган газ нархи ошиши ортидан бошланиб, тез фурсатда йирик шаҳарларга ёйилган эди. Ушбу воқеалардан сўнг Тўқаев «кучли президент, нуфузли парламент ва ҳисобдор ҳукумат» тамойили асосида «Адолатли Қозоғистон»ни барпо этиш йўлини эълон қилди.
ОАВ ва танқидчилар позицияси
Россия оммавий ахборот воситалари Конституциядаги ушбу тузатишга турлича муносабат билдирди. ТАСС давлат агентлиги рус тили расмий мақомини сақлаб қолаётганига эъбор қаратган бўлса, «Московский комсомолец» нашри рус тили мақомининг «яширинча пасайтирилиши» ҳақида ёзиб, бу ўзгаришни фундаментал деб атади.
Қозоғистон расмийлари бу борада гап фақат ҳуқуқий аниқлик ҳақида кетаётганини таъкидламоқда. Танқидчиларнинг фикрича эса, Конституциядаги кичик тузатиш ҳам мамлакат тил сиёсатининг босқичма-босқич қайта кўриб чиқилишидан далолат бериши мумкин.





