Берлин декларацияси: Марказий Осиё ва Германия ҳамкорлигининг янги даври бошланди

Берлинда Марказий Осиё ва Германия вазирлари учрашиб, бир қатор масалаларни муҳокама қилди.

Берлин декларацияси: Марказий Осиё ва Германия ҳамкорлигининг янги даври бошланди

Германия пойтахти Берлин шаҳрида «Марказий Осиё – Германия» форматидаги илк вазирлар даражасидаги учрашув ўтказилди. Унда Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаер Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларини қабул қилди.

Берлин саммити: Марказий Осиё ва Германия ўртасида янги сиёсий мулоқот

Қайд этилишича, мулоқот чоғида учрашув иштирокчилари Марказий Осиёнинг барқарорлик ва мулоқот майдони сифатидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаган.

Штайнмаер минтақа давлатлари билан шериклик Германия учун устувор йўналиш эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, ўзаро ҳамкорлик ишонч ва ҳурмат тамойиллари асосига қурилган.

Марказий Осиё давлатлари ТИВ раҳбарлари «C5+1» форматининг тизимли сиёсий платформа сифатидаги муҳим ўрнини тасдиқлаган. Таъкидланишича, ушбу формат минтақавий масалаларни умумий манфаатлар асосида комплекс тарзда муҳокама қилиш имконини беради.

Иқтисодий ҳамкорлик ва «Яшил» энергетика истиқболлари

Томонлар иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, табиий ресурслар, саноат, технологиялар, транспорт ва логистика соҳаларини ривожлантириш масалаларини кўриб чиққан. Шунингдек, иқлим ўзгариши, таълим ва илм-фан масалаларига алоҳида эъбор қаратилган.

«Яшил энергетика, машинасозлик, электротехника ишлаб чиқариш ҳамда қурилиш материаллари соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун кучли салоҳият мавжудлигини кўрмоқдамиз», — дея ёзди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Телеграмдаги каналида.

Музокараларда минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик масалалари ҳам диққат марказида бўлган. Марказий Осиёнинг Европа ва Осиёни боғловчи стратегик ҳалқа сифатидаги роли юқори баҳоланган.

Берлин декларацияси: Стратегик шерикликнинг ҳуқуқий асоси

Учрашув якунлари бўйича мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олинган. Шунингдек, форматни янада ривожлантиришга қаратилган вазирларнинг Берлин декларацияси қабул қилинган.

Музокараларда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаев, Қирғизистон ТИВ раҳбари Жеенбек Кулубаев, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ахмет Гурбанов иштирок этган.

Германия бизнеси билан амалий алоқалар ва Тошкент инвестиция форуми

Бундан ташқари, Берлинда минтақа мамлакатлари ва Германия ташқи ишлар вазирлари иштирокида Иқтисодий форум ўтказилган. Тадбир Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси томонидан ташкил этилган.

Форумда савдо-сотиқ, инвестициялар жалб қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган. Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул ва унинг марказий осиёлик ҳамкасблари «C5+1» форматининг стратегик аҳамиятини ҳамда Германия бизнеси билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган.

Томонлар алоқаларни диверсификация қилиш ва иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан манфаатдор эканликларини билдирган.

«Жорий йил июн ойида бўлиб ўтадиган Тошкент Халқаро Инвестиция Форумида ҳамкорларимизни кутиб қоламиз ҳамда стратегик иқтисодий шериклигимизни янада мустаҳкамлашда давом этамиз», — деган Саидов.

Teglar

Mavzuga oid