«Москва режалари Марказий Осиёга қаратилган» — Александр Стуббдан огоҳлантириш

10.02.2026 | 22:452 daqiqa

Финландия президентига кўра, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари геосиёсий босимлар олдида энг ҳимоясиз ҳудудлар ҳисобланади.

«Москва режалари Марказий Осиёга қаратилган» —  Александр Стуббдан огоҳлантириш

Ҳозирги глобал геосиёсий вазият собиқ СССР таркибига кирган давлатлар учун жиддий хатарлар туғдирмоқда. Бу ҳақда Финландия президенти Александр Стубб «Washington Post» нашрига берган интервюсида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Россиянинг давлат сиёсати ва мафкураси ҳали-ҳамон ҳудудий кенгайиш ғояларига таянади.

Стуббнинг фикрича, Кремл сиёсатида «рус дунёси» концепцияси муҳим ўрин тутади. Ушбу ғоя ягона раҳбар атрофида марказлашган давлат тузилиши, умумий тил ва диний қадриятлар асосида бирлашишни назарда тутади.

Нега Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ энг заиф нуқталар?

У Европа давлатларининг асосий эътибори Полша, Финландия ва Болтиқбўйи мамлакатлари хавфсизлигига қаратилганини эслатди. Бироқ, Стуббнинг баҳолашича, бугунги геосиёсий шароитда Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё энг юқори хавф остида қолмоқда. Сабаби, мазкур ҳудудлар НАТОнинг хавфсизлик механизмлари билан ҳимояланмаган ва ташқи таъсирларга нисбатан заиф.

Финландия етакчиси Россия президенти Владимир Путин бир неча бор Совет Иттифоқининг парчаланишини XX асрнинг энг йирик геосиёсий фожиаси деб атаганини эслатиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат Москванинг стратегиясида бевосита ўз аксини топмоқда.

Кремл ташвиқоти ва суверенитетга нисбатан таҳдидлар

Сўнгги ойларда Россия давлат оммавий ахборот воситаларида собиқ иттифоқ республикаларининг суверенитетига таҳдид солувчи фикрлар тобора кўпаймоқда. Айниқса, теледастурлар орқали қўшни давлатларга нисбатан таҳдидли ва менсимаслик руҳидаги чиқишлар тез-тез янграмоқда.

Хусусан, «Владимир Соловёв билан оқшом» кўрсатуви эфирида сиёсатшунос Сергей Михеев постсовет ҳудудидаги мамлакатлар Россия томонидан «талтайтириб юборилгани» даъво қилган.

Ундан аввалроқ Соловёвнинг ўзи ҳам Россия Украина ташқарисида ҳам «махсус операциялар» ўтказиши мумкинлиги ҳақида очиқчасига айтган ва амалда бир қатор собиқ СССР давлатларига нисбатан чегаралар дахлсизлиги тамойилини шубҳа остига қўйган.

Teglar

Mavzuga oid