
«Декрет» пулини ҳисоблашда суғурта стажи инобатга олинади
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари энди иш стажига мутаносиб коэффициентлар асосида ҳисобланиб, суғурта тизимига боғланди.

Ўзбекистонда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби янгиланди. Энди давлат ижтимоий суғуртаси доирасида ушбу нафақа миқдори суғурталанган шахснинг суғурта стажига қараб ҳисобланади. Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сон қарори билан тасдиқланган низом асосида жорий этилди.
Янги қоидаларга мувофиқ, нафақа миқдорини аниқлашда стаж коэффициентлари қўлланилади. Хусусан, суғурта стажи:
— 10 ойдан 24 ойгача бўлган аёлларга ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи;
— 25 ойдан 60 ойгача бўлганда 85 фоизи;
— 61 ой ва ундан ортиқ стажда эса 100 фоизи миқдорида нафақа ҳисобланади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг изоҳ беришича, мазкур янгилик Меҳнат кодекси талабларига зид эмас. Кодекснинг 404-моддасида ҳомиладорлик ва туғиш таътили даври учун камида 75 фоиз нафақа тўланиши белгилаб қўйилган бўлиб, уни ҳисоблаш тартибини белгилаш Вазирлар Маҳкамаси ваколатига киради.
Агентлик таъкидлашича, давлат ижтимоий суғуртаси тизими ижтимоий ёрдам эмас, балки суғурта бадаллари тўлаш натижасида шаклланадиган ҳуқуқий механизм ҳисобланади. Шу боис нафақа олиш ҳуқуқи бевосита расмий меҳнат фаолияти ва суғуртада иштирок этиш билан боғлиқ.
Аввалги тартибда ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари асосан бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга иш берувчи ҳисобидан тўланиб келган. Бу эса суғурта бадаллари билан нафақа ўртасида мутаносибликни таъминламаган ҳамда айрим ҳолларда қисқа муддатли сунъий меҳнат шартномаларига олиб келган.
Янги механизм барча расмий ишловчи фуқаролар учун тенг шароит яратиши, суиистеъмолларни камайтириши ва тизимнинг молиявий барқарорлигини таъминлаши қайд этилмоқда. Шунингдек, расмий бандликни рағбатлантириш орқали аёллар учун узоқ муддатли ижтимоий кафолатлар мустаҳкамланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хусусий сектордаги аёлларга ҳам «декрет» пули давлат томонидан тўланиши ҳақида хабар берган эдик.





