
Энди вазирлик ва идоралар талабаларнинг контрактини тўлаб беради
Янги қабул қилинган низомга билан иккинчи ва ундан юқори курсда ўқиётган бакалавр талабаларининг шартнома тўловларини иш берувчилар томонидан қоплаш ҳамда битиргач ишга олиш тартиби тасдиқланди.

Бакалавриат йўналишида иккинчи ва ундан юқори курсда ўқиётган талабаларнинг ўқиши учун шартнома тўловларини иш берувчилар томонидан қоплаб бериш ҳамда уларнинг таълими якунлангач ишга қабул қилиш тартиби белгиланди. Бу бўйича Ҳукуматнинг 8-сонли қарори билан тегишли низом тасдиқланди.
Ушбу низомга кўра, олий таълим ташкилотлари ҳамда талабалар ўртасида 3 томонлама шартномалар тузишда ишчилар сони 50 нафардан ортиқ ёки қиймати камида 1 млн АҚШ доллари бўлган инвестиция лойиҳаларига эга вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар буюртмачи сифатида иштирок этиши мумкин.
Бунда талабалар ҳар йили 20 сентябргача саралашда иштирок этиш учун олий таълим ташкилотига электрон ариза топширади. Бунда ўзлаштириш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотнома илова қилинади. Талабалар ўқишни битирганидан сўнг буюртмачи корхона ёки ташкилотда ишлаб бериш шарти билан ариза топширади.
Низомга мувофиқ, ариза топшириш ва саралаб олишда иштирок этувчи талабгорларнинг жорий ўқув йилида ўзлаштириш GPA кўрсаткичи 3 ва ундан юқори бўлиши талаб этилади.
Танлов комиссияси ҳар йили 15 октябргача олий таълим ташкилотида талабгорларни суҳбат асосида саралаб олишдан ўтказади. Талабгорларни саралаб олишда буюртмачи вакили хулосаси асосий мезон ҳисобланади.
Шунингдек, 3 томонлама шартнома тузган ва таълимни муваффақиятли тамомлаган талабалар ўқишини битирганидан кейин буюртмачи томонидан белгиланган тартибда ишга қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025/2026 ўқув йилида талабалар учун тўлов-контрактни амалга ошириш муддати январ ойининг охиригача этиб белгилангани ҳақида хабар бергандик.





