
Роҳинжа қатлиоми: БМТ суди сўнгги ўн йилда илк бор геноцид ишини кўриб чиқишни бошлади
Бугун Гаагада бутун дунё эътиборида бўлган тарихий суд жараёни бошланди. БМТ Халқаро суди роҳинжа мусулмонларига нисбатан содир этилган геноцид айбловини тўлиқ ҳажмда кўриб чиқишга киришди.

2026 йил 12 январ куни БМТнинг олий суд органи ҳисобланган Халқаро суд Мянмага қарши қўзғатилган геноцид ишини кўриб чиқишни расман бошлади. Ушбу иш Мянма ҳукуматининг рохинжа мусулмон озчилигига нисбатан амалга оширган ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ нормаларига зид экани ҳақидаги айбловларга бағишланган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Бу жараён БМТ суди сўнгги ўн йил ичида тўлиқ ҳажмда кўриб чиқаётган илк геноцид иши сифатида тарихий аҳамият касб этмоқда. Эшиттиришлар уч ҳафта давом этиши режалаштирилган бўлиб, улар Тошкент вақти билан соат 14:00 да бошланди. Суд илк бор оммавий зўравонлик қурбонларининг бевосита кўрсатмаларини эшитади.
Бироқ хавфсизлик ва шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш мақсадида суд мажлислари жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун ёпиқ форматда ўтказилмоқда.
БМТнинг Мянма бўйича мустақил тергов механизми раиси Николас Кумжян мазкур иш халқаро ҳуқуқ амалиёти учун муҳим намуна бўлишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, суд жараёни геноцидни аниқлаш, уни исботлаш механизмлари ҳамда давлатларни жавобгарликка тортиш бўйича янги ҳуқуқий ёндашувларни шакллантириши мумкин.
Мазкур иш 2019 йилда Гамбия томонидан қўзғатилган. Даъво аризасида Мянма ҳукумати ғарбий Ракхайн штатида рохинжа халқини оммавий қатағон, қувғин ва қирғинга учратгани қайд этилган. Айбловлар инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилганини кўрсатувчи далиллар билан асосланган.





